Қамоқхона дафтаридан

Муҳаммадсолиҳ Абутов

Йиғлайин…

Яна бағрингизга қайтсам бир куни,
Севиниб, қувониб, кулиб йиғлайин.
Қучоқлаб сизларни, кўнгил хотиржам,
Дилни поклаб, тўйиб-тўйиб йиғлайин.

Қутулсам бу ғурбат можаросидан,
Интизор кутишдек бир балосидан.
Эркин нафас олиб уй ҳавосидан
Таниш туйғуларни туйиб йиғлайин.

Хазон бўлган умр-дамларни эслаб,
Мени деб чекилган ғамларни эслаб.
Хато нуксонимни-камларни эслаб,
Дарду аламимдан куйиб йиғлайин.

Неки бўлса бўлиб ўтди илгари,
Унут бўлса ғамли ўтмишим бари.
Умид билан боқиб келажак сари,
Дилим қувончларга тўлиб йиғлайин..

Кўрмасин кўзларим бу кунни қайтиб,
Дилимга ёт бўлган ҳаёту тартиб.
Яратган роббимга шукрона айтиб,
Саждага бошимни қўйиб йиғлайин.

2002 йил.

Соғиндим

1.

Самоларга боқиб симлар ортида,
Ҳажрингизда дилни ёкиб соғиндим.
Қумсаб дилим муҳаббатингиз беҳад
Булутларга маъюс боқиб соғиндим.

Изтироблар қуршаб олди хаёлим,
Ўзим ҳам билмайман ўзимни ҳолим.
Жавоби топилмас кўпдир саволим,
Армонлар баҳрида оқиб соғиндим.

Безди дилим баридан охир бориб,
Мақсадга етказар йўлни ахтариб.
Гўё осмондаги булутни ёриб,
Дилимда бир яшин чақиб соғиндим.

Дил баҳрида бўрон довуллар бўлди,
Қаърида садафлар, дурларга тўлди.
Умидим гуллари очилмай сўлди,
Хазон япроқларин қоқиб соғиндим.

Таскин олай дейман шеъру қаламдан,
Ўзимни ўзим юпатиб аламдан.
Дилимдаги битмайдиган ярамдан,
Шеърларима безак тақиб соғиндим.

2002 йил.

2.

Тутқунликда ётиб дадажон,
Сизни беҳад ёмон соғиндим.
Дийдорингиз кўришга муштоқ,
Бўлиб зору-гирён соғиндим.

Дардим билмас Худодан ўзга,
Йиғласам ёш келмайди кўзга.
Армонларим сиғмайди сўзга,
Ғамда қалби вайрон соғиндим.

Қўлимдадир Тангри каломи,
Тиловати кўнгил ороми.
Ўғлингизни сизга инъоми
Қилиб тиловати “Қуръон” соғиндим.

Ман “Қуръон”ни қиламан иқрор,
Унда ҳар дардни давоси бор.
Ҳали учрашувдан умидвор,
Бўлиб, сизни ҳар он соғиндим.

Биламанку меҳрибон Эгам,
Шуни билиб кўнгил хотиржам.
Таваккул этганман, йўқдир ғам.
Ўқибон сураи-раҳмон, соғиндим.

2008 йил.

Билмадим

Азиз дадажонимга атаб ёзилган Марсия

Хотирангиз бунчалар армон бўларин билмадим,
Фурқатингизда кўзим гирён бўларин билмадим.

Сиздан айрилган кунимдан соғинарман сизни ман,
Айрилиқни ўти бу чандон бўларин билмадим.

Кеча-кундиз нурли сиймонгиз кўзим олдиндадир,
Ҳажрингизда юрак-бағрим қон бўларин билмадим.

Давр экан, даврон экан,во ҳасрато-е ҳасрато,
Ўтди-кетди, қайта бу имкон бўларин билмадим.

Борида билмас одамзод неъмати Ҳақ қадрини,
Айрилиб қолса кейин ҳайрон бўларин билмадим.

Эслагайман сўзларингиз доимо қалбимдадир,
Дилда бу дардим мани пинҳон бўларин билмадим.

Ўтди фурсат, одамийзод аслида бу дунёга,
Тез келиб кетгувчи бир меҳмон бўларин билмадим.

Шубҳасиз, Ҳақдир ўлим, фоний ҳаёт ўткинчидир,
Ўлмайин қолгувчи бир инсон бўларин билмадим.

Ҳар киши лойиқ қадр топгай бориб иймонига,
Кимни ҳамроҳи бугун иймон бўларин билмадим.

Шукрки, Ҳақ бирлигин тасдиқ қилиб жон бердингиз,
Бандага бундан улуғ эҳсон бўларин билмадим.

Аҳли иймонларга ваъда қилди Аллоҳ жаннатин
Ҳеч қачон Ҳақ ваъдаси ёлғон бўларин билмадим.

Жойингиз жаннатда бўлсин, мағфират қилсин Эгам,
Жаннатул маъво каби ошён бўларин билмадим.

Шоир ўғлингиз дуо айлар ибодатлар қилиб,
Манфаат биздан фақат “Қуръон” бўларин билмадим.

Сенга илҳом бўлди ҳосил ушбу ғамдан саҳвиё.
Ёзганим бир кун келиб достон бўларин билмадим

19 март, 2008 йил.

Comments are closed.