Ўлим дарахти (5)

Насрулло Саййид

(Қиссанинг давоми)

Ўша маҳаллар барча туманлардаги райком биноларида йиғилишлар ўтказиш учун иккитадан зал бўларди. Одатда залларнинг биринчиси “Катта зал”дейилиб, у биринчи қаватда жойлашарди. Иккинчиси эса “Кичик зал” дейилиб, у иккинчи қаватнинг бурчагида жойлашган бўларди. Бу зал асосан қатнашчилари 10-15 кишидан ошмайдиган райкомнинг очиқ ва ёпиқ бюро йиғилишлари учун мўлжалланган эди. Кичкинагина бир туманда ҳам райком бюросининг йиғилишлари худди Кремлда ўтадиган КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюросининг йиғилишлари каби ўтарди. Фақат улар ўз кўлами билан фарқ қиларди, холос.
Москва Кремлида ўтадиган бюроларда бутун СССР миқёсидаги масалалар муҳокама қилинса, бу ерда ўтадиган бюро йиғилишларида эса маҳаллий муаммолар кўриб чиқиларди. Ўша давр “Бюро”лари ҳақида эл орасида ҳар хил ривоятлар юрарди. У ривоятларни эшитган одамгина, ўша давр “давлат машинаси”нинг қандай ишлашини тушинарди ва унга баҳо бера оларди. Қисқа қилиб таъриф берганда, “Бюро - йўқдан бор қиладиган ва борни йўқ қиладиган жой” эди. Бюро муҳокамасига тушиш, ўтга тушиш билан тенглаштириларди, ўшанда.
Бугун тушдан кейин иккинчи қаватдаги “Кичик зал”ниг эшиги райком навбатчиси томонидан очиб қўйилди. Залга бирин-кетин чақирилганлар тўпланди. Қия очилиб турган эшик тирқишидан қараганда ичкарида ўтирган олти кишига кўзингиз тушарди. Залнинг марказида узунасига қўйилган узун столнинг ўнг томонида туман прокурори Ҳамид Улуғбеков ниманидир варақлаб ўтирарди. Уни қаршисида, столнинг нариги томонида туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ҳаким Неъматов, у ўзидан тепароқда ўтирган туман халқ суди раиси Аслон Жумаевга ниманидир тушинтирмоқда. Столнинг эшикка яқин еридаги қисмининг бир томонида “исполком раиси”, яъни халқ депутатлари туман Кенгаши ижроия қўмитасининг раиси - Найим Бўронов ва иккинчи томонида райкомнинг иккинчи котиби Эсон Муҳиддиновларлар бир-бирига қараганча, “Туман хўжаликларида шудгор ва қишки суғоришнинг бориши” тўғрисидаги маълумотномани муҳокама қилардилар. Залнинг бир бурчагида, деразанинг олдида, тумандаги “Ленин йўли” газетасининг муҳаррири - Тошпўлат Муҳиддинов қўлида катта блокнот ушлаганча бир эшикка, бир деразага қараб турарди. Ҳамма бир-бири билан жуда паст овозда гаплашганида, уларнинг шивир-шивири коридорда деярли эшитилмасди. Бу ерда йиғилганлар биринчи котиб - Саттор Ашурович Маҳкамовни кутарди…
“Кичик зал” эшигини қўққисдан очиб кириб келган Саттор Ашуровични кўриб, ҳамма типирчилаб қолди. Ҳамма бир лаҳза қотиб турганча, унга эгилиброқ салом берди. Райком котиби тўппа- тўғри зални тўрига ўтиб, доимий ўтирадиган юмшоқ курсисига бориб ўтирди. Йиғилганлар дарҳол унинг чеҳрасига боқдилар. Уни чеҳраси анча очиқ ва эрталабгисига сира ўхшамасди. Бу ҳолатни айниқса прокурор ва миршаббоши тез илғадилар. Улар энди ўзларини эрталабгидан кўра эркинроқ ҳис қилар эдилар. Оз фурсат ҳам ўтмай биринчи котиб шундай деб, сўз бошлади:
- Ўртоқлар! Ҳеч кимга сир эмаски, кеча кечқурун бешафқат ўлим яқин сафдошимиз, райкомда узоқ йиллардан бери ишлаб келган ҳақиқий коммунист устозимиз Иззатулло Муродович Раҳматовни орамиздан олиб кетди. Келинглар, авваламбор ҳозирда марҳум сафдошимизни хотирлаб бир дақиқа сукунатда турайлик! (Залда ўтирганлар ўринларидан туриб, бир дақиқа қотиб турдилар).
- Кеча тунда, шу мудҳиш воқеа содир бўлганидан бери мен деярли ухлаганим йўқ. Ўртоқ Улуғбеков ва Неъматовларга ҳам тинчлик берганим йўқ. Биз улар билан бугун эрталаб учрашиб, вокеа тафсилотларини таҳлил қилиб кўрдик. Кейин телефонда яна гаплашиб, маслаҳатлашиб турдик. Аммо бизга етиб келган айрим маълумотларга қараганда, оғзини эплай олмаган ҳар хил кимсалар, чойхона ва шунга ўхшаш жойларда, яқин сафдошимиз Иззатулло Муродовичнинг ўлими тўғрисида ҳар хил бўлар-бўлмас гапларни тарқатганлар. Аксига олиб – туман газетаси ҳам одатдагидай, бу ҳақда ҳозиргача бирор бир ахборот тарқатмаган. Бу бош муҳаррирнинг ўз вазифасига нисбатан ўта масъулиятсизлиги оқибатидир. Иззатулло Муродович ҳар қалай туманда ўзига яраша обрўйли одам эди. Одамларни уни ўлими тавсилотлари қизиқтириши тайин эди. Аммо газета…? деб, бироз гапиришдан тўхтади.
Котибнинг бу гапидан сўнг ҳамма “Ленин йўли” газетаси муҳарририга қаради. Муҳаррир қоп-қора тер тагида қолиб, қўлидаги қалами билан беихтиёр олдидаги столга бир нималарни чизарди. Кейин у қилаётган ишини номақбуллигини сезиб қолди шекилли, чизишдан тўхтади ва котиб томонга юзланиб:
- Саттор Ашурович! Кеча тунда бўлиб ўтган фожеадан биз ҳам дарҳол хабар топдик. Аммо райкомдан бирор топшириқ бўлмагач… кутиб турувдик. Ахир сизни маслаҳатингиз ё кўрсатмангизсиз биз нима ҳам деб ёзардик…Ҳозир тафсилотларини айтсангиз… Дарров… -дея минғиллай бошлади.
Котиб энди унга қараб:
- Яхши, ўтиринг. Ҳозир сизга нима деб ёзиш айтилади. Бугун кечнинг ўзидаёқ бу ҳақда туманда ҳамма билсин. Радиодан эшиттириш қилинг, уч тўртта коммунист гапирсин. Эртанги газитда албатта босарсиз… Тушунарлими? -деб қўйди.
Сўнг биринчи котиб асосий масалага, яъни Иззатулло Муродович ўлими тавсилотларига ўтиб, шундай деб гап бошлади:
- Ўртоқлар! Район партия комитети бюроси, партия ташкилотимиз ходими Иззатулло Муродовичнинг кеча тунги бевақт ўлими сабабларини яхшилаб ўрганди. Бу борада юқори партия ташкилотлари томонидан билдирилган фикр мулоҳазаларни ҳам эшитди. Ҳуқуқ тартибот органлари томонидан айтилган хулосалар ҳам инобатга олинди. Натижа эса мана бундай: “Кеча кундузи, ўз-ўзини танкид қилиш руҳида ўтган туман партия ташкилотининг пленумида, кун тартибидаги кўп масалалар қатори туман партия ташкилоти аппарати ходимларининг ўтган даврдаги иш фаолиятига ҳам принсипиал баҳо бериб ўтилган. Барча ходимлар қатори Иззатулло Муродович фаолиятига ҳам ўзаро танқид асосида дўстона баҳо бериб ўтилган. Коммунист Раҳматов пленумда айтиб ўтилган танқидий, дўстона фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ва ўз камчиликларини тугатиш борасида сафдошларига ваъда берган. У кишини яхши билган, у киши билан бирга ишлаган сафдошларининг гапига қараганда, урушдан қолган асоратлар кекса сафдошимизни соғлигига анча таъсирини ўтказган экан. Иззатулло ака охирги пайтларда юрак оғриғидан шикоят қилиб юрганлигини кўпчилик айтди. Кеча тунда у юраги санчаётганлигини сезиб, тоза ҳаво олиш мақсадида ташқарига чиққан. Кейин “Ленин номли истироҳат боғи” томон юрган. Қоп-қоронғу тунда, ойнинг шуъласида, хаёл суриб, бироз айланишни ният қилган Иззатулло Муродович, боғ ичидаги катта бир “ўрис дарахт”и тагида, ўтириб дам олмоқчи бўлади. Атрофи “лингустриум” буталари билан ўралган, ўша дарахт тагидаги қорсиз супада у ҳаёлга ғарқ бўлганча ўтириб қолади. Касофатни қарангки, шу пайтда боғ девори устидан сакраб ўтиб, “тап” этиб тўсатдан боғ ичиган тушган бир шарпа, буталар орасидан ўзини бирдан у киши ўтирган томонга отади. У шарпани кўриниши худди арвоҳга ўхшарди…. Хаёллар оғушида маст сузиб юрган Иззатулло ака, кутилмаган бу “бало”дан қўрқиб, ўша вақтнинг ўзидаёқ, юраги ёрилиб…. ўлади. Бор гап ана шу…”деди.
Сўнг котиб сўзида давом этиб деди:
- Ҳаким Неъматовни одамлари ўша “бало”ни, яъни боққа девордан сакраб тушган ўша кимсани қўлга олдилар. У шаҳримизда туғилган, аммо ҳозир Тошкент политехника институти учинчи курсида ўқиётган бир студент бола экан… Кўрдингизларми ҳозирги ёшларимизнинг аҳволини? У албатта қасддан қилмаган экан бу ишни. Шу маҳалда, боғда кимдир хаёл суриб ўтирганлигини билганида балким у бу ишни қилмасди? Тасодифда…Тасодиф… Аммо биз уни бу ҳаракатларини кечира олмаймиз. Қолаверса у “Комсомол” аъзоси ҳам экан. “Комсомол” жамоат жойида ўзини қандай тутишни билиши шарт эди. Аммо у билмади. Ярим тунда, жамоат жойига бу аҳволда келишга уни нима мажбур қилди? Ёшларимизга хос бўлмаган ушбу ҳолатни биз албатта ўрганамиз ва уни сиёсий баҳосини берамиз. Биз у безорини ақлини киритиб қўямиз… Керак бўлса жиннихонага ётқизиб, уни даволатамиз. Бу фожеа - бемаҳалда дайди- саёқ юрадиган барча ёшларимиз учун бир сабоқ бўлиши шарт. Чунки ёшлар тарбияси биз коммунистларнинг энг долзарб вазифаларимиздан биридир. Биз уни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак…
Бу сўзларни эшитган туман прокурори дарҳол миршаббошига қаради ва: “Қойил? Кўрдингизми, бизни хўжайин қанақа дона одам?” деган ишорани қилиб, жилмайиб қўйди. Котиб эса яна нимагадир газета муҳарририга осила кетди:
- Нимага ёзмайсан шуларни? Сан учун ёшлар мавзуси долзарб эмасми? -деди унга қараб бақириб. Газета муҳаррири эса: “Ёзамиз, ҳозироқ ёзамиз…” дейишдан нарига ўтмасди.
Котибнинг бу чиқиши бошқа ҳеч ким учун иш қолдирмади. Энди на прокурорни, на миршаббошини, на газета муҳарририни бош қотиришига ҳожат қолмади. Ҳамма нарса худди детектив кинолардагидек “аниқ ва равшан” қилиб ёритиб берилган эди… Райкомнинг биринчи котиби гапни бошқа чўзиб ўтирмади ва бошқаларнинг фикри билан ҳам қизиқмади. Демак, энди барча-барча шу йўналишда иш юритмоғи ва ўз ҳужжатларини шунга мослаштирмоғи шарт эди. Бу райком томонидан ҳамма учун белгилаб берилган “дастурул-амал” эди.
Исполком раиси ва иккинчи котибга шу бугуннинг ўзидаёқ Иззатулло Муродовични дафн этиш маросимини энг юқори савияда ўтказиш топширилди. Ҳаммалари соат 16 - 30 да марҳум дафн қилинажак “Каптархона” мозори олдида учрашадиган бўлдилар. Залдан чиқиб кетаётган биринчи котибга кабинетигача эргашиб борган прокурор Улуғбеков ундан маслаҳат сўраган бўлиб:
- Хўжайин, ҳалиги, ҳалиги… студентни нима қилай? Ётаверсинми ё….? деди. Унга жавобан Саттор Маҳкамов:
- Ҳозирча “жамоат жойида юриш тартибини бузгани учун” 15 суткага қамаб қўйнглар. Иззатулло акани кўмиб келайлик, яна гаплашиб кўрармиз, -деди ва орқасидан эшикни ёпди. Ёпилган эшикнинг ташқи томонида қолган прокурор орқасига бурилиб, уни кутиб турган туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ҳаким Нематов томон кетди…
Нодир Мунисани олдига, касалхонага келмай қўйганига мана тўрт кун бўлди. Муниса охирги куни унга айтган: “Нодир ака, мен сизга муносиб эмасман. Тушунинг мен энди яримта одамман. Мен сиз билан яшашга лойиқ эмасман…” деган гапларини ҳар кун ўйлайдиган ва хижолат тортадиган бўлиб қолди. Аксига олиб Нодир ҳам шу кетганча қайтиб келмади, Мунисани гапларини охиригача эшитмади. У эса Нодирга ҳали бор гапни айтишга улгурмаган эди. У энди ҳеч қачон Нодирники бўла олмаслигини, аллақачон Ориф уни “ўзиники” қилиб олганини айтмоқчи бўлганди унга… Нодир эса бу гапларни эшитмасдан кетиб қолди… Афсус…
Муниса ўз бахти учун туриб бера олмаганидан, ўзини ўзи ҳимоя қилолмай, “ихтиёрини” Орифга бериб қўйганидан жуда- жуда хафа эди. Бу ишни ундан сўрамасдан бошлаб қўйган онасини ҳам, уни алдаб Орифга топширган аммасини ҳам энди сира кечира олмасди. Шу сабаб ҳаммасидан биратўла қутиламанми, деб ўйловди ўшанда… Афсус… Ажал вақти у учун етмаган экан, барча уринишлари бефойда кетди…
“Энди нима қилсам экан ? Нодирни қандай қилиб ўзимдан узоқлаштирсам ? Уни ортиқ алдашга ҳаққим йўқ? Бўлганим бўлди мени, ҳеч бўлмаганда у энди бахтли бўлсин! Мендай бир ногирон, бахтиқарога алданиб, умрини ўтказмасин. Бирор қизни топсин. Ҳам ўзи , ҳам мен учун бахтли ҳаёт қурсин! ” деган фикрлар Муниса қалбини кундан-кун чирмовуқдай эгаллаб борарди. У бу гапларини Нодирга тезроқ етказиш, унга бор ҳақиқатни айтиш йўлларини изларди. Аммо борини борлигича айта олармикан? Мабодо айтса, Нодир уни кечира олармикан? Ўйлай-ўйлай Муниса, охир бир қарорга келди. Нодирга бор гапни айтишни ҳожати йўқ. Унга: “ Нодир ака! Қилиб қўйган гуноҳим учун мени кечиринг. Бўлган иш бўлди. Мен “ҳалиги”ни ўйламай ичиб қўйдим. Энди мен- яримта одамман. Дўхтирларни айтишича, мен энди туғолмас эканман. Устига-устак узоқ яшашим ҳам ноаниқ экан. Эсингизда бўлса, сиз билан жуда кўп фарзанд кўрамиз, деб аҳдлашгандик. Энди мен “туғмасак”ни бошингизга урасизми? Сиздан ўтиниб сўрайманки, мен учун, мен орзу қилган орзулар учун - бошқа бир қизга уйланинг. Илтимос сиздан? Ҳеч бўлмаса биз кутган фарзандларни ўша аёл туғиб берар… Агар рози бўлсангиз, ўзим уларни ҳар бирига ном қўярдим…” деб айтаман, деб ўйлади.
Худонинг каромати ва табиатнинг мўъжизасини қарангки, бир хонада, аммо икки каравотда чўзилганча, шифтга қараб хаёл сураётган икки жигарбанд, яъни Муниса билан унинг онаси бир-бирларига ҳам руҳан, ҳам жисман яқин қондош бўлишларига қарамасдан, бир муаммо юзасидан умуман ўзгача- ўзгача фикрлаб, ўзларича режалар тузиб ётардилар. Мунисанинг онаси ўз қизи бахтига завол бўлганини кеч бўлсада тушиниб етди. Нодир жуда ақлли бола эканлигини кўриб, қизини Орифга унаштириб қўйганлигидан пушаймон бўлди. У энди бу мушкулотни ечиш ва ўз хатосини тўғрилашни чорасини изларди. Нодир тўрт кундан бери касалхонага келмаётганини Муниса аниқ билмасада, онаси аниқ биларди…
«Демак Нодиржон уйига кетган. Ҳозир у уйида, ота-онасининг бағрида, тўй маслаҳатини қилиб ўтирган бўлса керак-ов… Яқин кунларда келиб қолар. У келсин, сўнгра уйга мен кетаман. Бухорога бориб, Нодиржондан совчилар келгунча, Орифни уйидагиларга тўғрисини атиб, орани очти қилиб қўяман” деб ўйларди Мунисанинг онаси.
Тушдан кейин “Каптархона” мозори томон одамлар оқиб кела бошлади. Ҳозир бу мозорда туманда “Сталин” номи билан машҳур, туман партия қўмитаси аппарати ходими Иззатулло Муродович Раҳматовнинг дафн маросими бўлиб ўтиши керак. Гўрковлар мозорнинг “катталар” учун махсус ажратилган ҳудудидан аллақачон уни гўрини қазиб қўйганлар. Мозор ҳовлисига кираверишдаги бинонинг супасида “доим тайёр” турадиган тўрт оёқли махсус нарвон аллақачон тозаланиб, Иззатулло акага “охирги хизматни кўрсатиш” мақсадида уни уйига жўнатилган. Энг муҳими “жаноза” ни ўқиш ё ўқимаслик масаласи ҳам ҳал қилинган. Иззатулло акани жон жигарлари қилган талабномага асосан райком жаноза ўқилишига рухсат қилган. Жаноза маросимини ўтказиш эса туман марказидаги “Пули мусича” жоме масжиди имоми мулла Олимжонга топширилган.
Кечга яқин соат тўрт яримларда Иззатулло ака юкланган ёғоч нарвонни кўтарган халқ уни уйидан чиқиб, қишнинг совуқ кунида, балчиқ йўлларни кечганча “Каптархона” мозори томон кела бошлади. Иззатулло акани дарвозаси олдида чирқиллаб йиғлаган аёли, болалари ва қариндош уруғлари қолди. Кўп фурсат ўтмай, нарвонни кетма-кет елкасида кўтарган оломон, майитни шошиб мозор ҳовлисидаги кенг майдончани эрталаб қордан тозаланган ерига келтириб қўйди. Мулла Олимни орқасидан 10-15 қари қартайган “жаноза” ўқигани турди. Қолганлар мозорнинг гўр қазилган ҳудуди атрофига ёйилиб кетдилар. Жанозадан сўнг нарвон яна елкаларга олинди ва ичида ётган майити билан қазиб қўйилган гўрнинг шундоққина олдига келтириб қўйилди. Ҳамма бир дақиқада жимиб бошидан шляпасини ечиб, сўз бошлаган биринчи котибга қаради. У эса:
- Ўртоқлар! Бугун бу ерга ҳаммамиз, бешафқат ўлим орамиздан олиб кетган қадрдонимиз, улуғ инсон, коммунист Иззатулло Муродович билан видолашгани келдик. У табаррук инсон 1924 йилда туғилганди. Ўша йили Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасига ҳам асос солингандир. Бу тасодиф эмас. Бу у инсоннинг табарруклигидир. Иззатулло ака Республикамиз босиб ўтган барча машаққатли йўлни у билан баб - баробар, елкама-елка туриб босиб ўтди. Бугун серқуёш Республикамизда, бепоён мамлакатимизнинг барча ерида бошлангани сингари “покланиш ва янгиланиш” даври бошланди. Партиямиз ўз сафларини нопок шахслардан тозалаб, уни янги соғлом кучлар билан тўлдирмоқда ва улуғ марралар сари йўл олмоқда. Афсус…шундай улуғ кунларимизда энди маслакдошимиз, табаррук инсон Иззатулло Муродович Раҳматов ёнимизда бўлмайдилар. Яна бир бор афсус… Аммо биз у кишини гўри олдида шуни қўрқмасдан айтамизки, у киши бошлаган буюк ишларни биз албатта давом эттирамиз… Ҳурматли Иззатулло Муродович гўрингизда тинч ётинг. Биз доим сиз билан! (Қарсаклар)
Сўнг туман ижроия қумитаси раиси Найим Бўронов ва яна бир неча киши нутқ сўзлади. Дафн маросими учун қилинган маърузалар охирига етгач, Иззатулло Муродовични жасади секин лаҳат ичига қўйилди ва устидан тупроқ тортилди. Тупроқ тортганларни ичида ким коммунист ё коммунист эмаслигини билиб бўлмасди. Марҳумни устида пайдо бўлган тупроқ уюми устига бир неча гулчамбарлар ҳам қўйилди…
Райкомнинг биринчи котиби “Каптархона” мозори ҳудудидан чиқиб борар экан, уни нигоҳи дарвоза олдида турган уч қарияга тушди. Котиб ўзидан сал орқароқда келаётган иккинчи котибга қараб имлаб, ўша уч кимсани кимлигини сўради:
- Биринчиси Ҳайдар Раҳмат, ўртадагиси Толиб Қурбон ва четдагиси Фармон Қора, деди унга жавобан иккинчи котиб. Саттор Ашурович дарвоза олдига етганда бу уччала шахс билан бирма- бир қуюқ сўрашдида, кейин машинасига ўтириб қаёққадир кетди…
Лой кечиб мозордан чиқиб кетаётган оломон орасида, нимагадир: “Иззатулло Муродович ўзини-ўзи осибди” деган гап сира эшитилмасди. Ҳамма навбатдаги ўликни тупроққа қўйиш маросими тез тугаганидан хурсанд ва тезроқ исиниб олиш учун уйига ошиқарди…

(Давоми бор)

Comments are closed.