Барак Обаманинг тарихий ғалабасига ҳисса қўшган ўзбек ҳикояси

Барак Обаманинг сайловолди кампанияси
Change We Can Believe” - “Ишонишимиз мумкин бўлган ўзгаришлар” - Барак Обама шиорларидан бири бўлди.

Салом, менинг исмим Насиба.

Мен бир неча йилдан бери оилам билан Америкада яшайман. Ўтган ҳафтада мен ҳаётимда биринчи бор тарихий ҳодисанинг гувоҳи бўлдим. Нафақат шоҳиди, айтиш мумкинки, маълум даражада, мана шу тарихнинг бевосита қатнашчиси ҳам бўлдим. Нега деганда, мен президентлик сайловидан олдин Барак Обамани қўллаб-қувватлаган бир ташкилотга кўнгилли сифатида
ёрдам бердим.

Сизга бунинг нима кераги бор эди, деб сўрашингиз мумкин. Гап шундаки, мен Америка фуқароси бўлмаганим учун сайловда қатнаша олмаслигимни билардим. Аммо қандай қилиб Барак Обама сайланишига ўз ҳиссамни қўша оламан, деб ўйладим. Кунлардан бирида бир қўшним Обамани қўлловчи ташкилотга кўнгилли сифатида ёрдам бераётгани ҳақида айтиб қолди. Мен ундан қандай ташкилот эканини суриштириб, уларга мурожаат қилдим, ва шундай қилиб унутилмас бир жараёнга қўшилдим.

Менинг кўнгилли сифатида фаолиятим шундан иборат эдики, ўзимга ўхшаган кўплаб америкаликлар қатори, Обама ғалабаси учун муҳим штатлардаги сайловчиларга телефон қилиб, уларни Обама учун овоз беришга даъват этдим. Албатта, бу даъват очиқдан-очиқ кўринишда эмас, кўпроқ суҳбат тариқасида қурилган эди. Обамани қўлловчи ташкилот бизга бир-икки вариантдаги суҳбатларни тарқатган эди, ва биз телефондаги суҳбатдошнинг муносабатига қараб, у ёки бу матнни ишлатар эдик.

Менга берилган биринчи вазифа - муҳим ҳисобланган Флорида штатидаги потенциал сайловчиларга телефон қилиб, улар билан суҳбатлашиш эди. Мен жуда ҳаяжонландим, чунки инглиз тили мен учун она тили эмас, ва кутилмаган саволлар бериб қолишса, қандай жавоб бераман, деб хавотирландим. Аммо Американинг ажойиб жиҳатларидан бири шуки, бу муҳожирлар мамлакати, ва одамлар қайси ўлкадан келганига қараб, турлича лаҳжаларда гаплашади ва уларнинг устидан ҳеч ким кулмайди.

Хуллас, биринчи вазифани муваффақиятли ўтказдим, дейиш мумкин: телефон қилганим кўплаб флоридаликлар Обама учун овоз беришларини айтишди. Уларнинг қандай қизиқиш ва шижоат билан сайлов ва мамлакат келажаги ҳақида гапирганлари менга янада илҳом берди. Ишдан ёки уй юмушларидан бўш вақтим бўлганида, телефонни қўлга олиб, муҳим штатларда яшовчи сайловчиларга телефон қилиб, улар билан суҳбатлашар эдим. Табиийки, бу суҳбатлар доим ҳам ижобий бўлмас эди, нега деганда, республикачилар номзоди Маккейн тарафдорлари ҳам талайгина бўлди. Мана шундай тарафдорларга қўнғироқ қилганимда, уларнинг баъзилари: “Сиз нотўғри хонадонга телефон қиляпсиз, чунки биз Маккейн учун овоз берамиз”, - дейишарди. Бошқа баъзи маккейнчлар уларни безовта қилмасликни сўрашарди. Улар Обамани қўлламасалар ҳам, мен билан гаплашганда, ҳеч қандай қўполликка йўл қўйишмади.

Барак Обаманинг сайловолди кампанияси
“Барак Обаманинг оммани ўзига ром қилиш қобилияти нақадар кучли эканининг гувоҳи бўлдим”
Бир-икки марта мен турмуш ўртоғим билан “phonecall party” - “қўнғироқ қилиш кечаси”да қатнашдик. 15-20 га яқин одам кимнингдир хонадонида йиғилиб, Обама ғалаба қозониши учун ўта муҳим саналган штатлардаги одамларга телефон қилардик. Бундай кечалар ажойиб муҳитда ўтди - ҳамма кўтаринки кайфиятда, ўзини муҳим ҳодиса қатнашчиси этиб ҳис қилди.

Сайловдан бир кун олдин менга электрон почта орқали, Обама сайловолди кампанияси номидан унинг иштирокидаги йиғинда қатнашиш ҳақида таклифнома келди. Ишдан келиб, тез-тез овкатландику, турмуш ўртоғим ва ўғлим билан йўлга чиқдик. Йиғин ўтадиган шаҳарча биз яшайдиган жойдан машинада бир соатлик масофада жойлашган. Аммо биз шаҳарчага яқинлашганимиз сари, узундан-узоқ машиналар карвонини кўрдик. Бир амаллаб, машинани йиғин ўтадиган жойдан анча узоқда қолдириб, бизга ўхшаган яна ўнлаб одамлар қатори, пиёда ҳаракат қила бошладик. Ниҳоят, катта майдонга етиб борганимизда, кўзим олдидаги манзарадан ларзага тушдим. Катта майдонда минглаб одамлар - ёшу-қари, оқ танли-ю қора танли, осиёликлар, “латинос”лар (бу ерда испан тилида сўзлашувчи одамларни шундай аташади), ногиронлару қўлида ёш болали америкаликлар йиғилиб, Барак Обама саҳнада пайдо бўлишини кутар эди.

Обама саҳнага чиққанида, майдонда йиғилган юз мингга яқин одам бирдек: “Обама, Обама!” , “Бизнинг қўлимиздан келади!”, дея жўр бўлиб уни қутлашди. Обама ўз сайловолди кампаниясининг асосий шиорлари сифатида “Yes We Can”, яъни “Бизнинг қўлимиздан келади” ҳамда “Change We Can Believe” – “Ишонишимиз мумкин бўлган ўзгаришлар” деган умид бағишловчи баёнотларни қўллади.

Барак Обаманинг ниҳоятда маҳоратли нотиқ эканини мен кўп маротаба телевизорда кўргандим, аммо йиғилишда унинг ҳақиқатан ҳам оммани ўзига ром қилиш қобилияти нақадар кучли эканининг гувоҳи бўлдим.

Нутқи сўнггида Барак Обама сайловолди кампаниясининг илк палласида рўй берган ҳодиса тўғрисида гапириб берди. Бу ҳикоянинг асл маъносини мен бироз кечроқ тушундим. Обама кунлардан бирида касал ҳолига қарамай тупканинг тагида жойлашган кичик бир шаҳарчага бориб, сайловчилар билан ўтказган учрашувини тасвирлаб берди. Хонада бори-йўғи 20 га яқин одам йиғилган ва унинг гапларини бефарқ тингларди. Бирдан хонага ихчамгина кекса ёшли бир аёл кириб, одамларга қараб, “Қўзғалинг! Ҳаракатга тайёрмисиз?” (Fire it up! Ready to Go?) деб мурожаат қилди. Хонада ўтирган одамлар “Қўзғалдик! Ҳаракатга тайёрмиз!” (Fired up! Ready to Go!) деб кўтаринки руҳда жавоб қайтаришди. Дастлаб бу манзарадан боши қотган Обаманинг ўзи ҳам бир неча дақиқа ўтгач, гуруҳга қўшилиб бу сўзларни айта бошлаган. Кейинчалик билса, бу аёл шаҳар фаолларидан экан.

Ҳикоясини Барак Обама шундай якунлади: “Агар бир инсоннинг овози бир хонадаги вазиятни ўзгартира олса, бир овоз бир шаҳардаги вазиятни ўзгартира олади. Бир инсон овози бир штат, бир мамлакатдаги вазиятни ўзгартира олса, бир овоз дунёни ўзгартириши мумкин”.

BBC

Comments are closed.