Тожибоева “Мартин Энналс” мукофоти билан тақдирланади

Нодир Шамс

Ғарбий Оврўпо

Тожибоева хоним Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланмаганини айтади
Фарғонадаги норасмий “Ўтюраклар клуби” раҳбари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги “Мартин Энналс” халқаро мукофотининг бу йилги совриндори Мўътабар Тожибоева Оврўпо бўйлаб сафар қилмоқда.

Сафар давомида Тожибоева хоним Оврўпо Иттифоқи мамлакатларининг расмий доиралари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари билан
учрашувлар ўтказaяпти.

Шундай учрашувлар Нидерландияда ҳам ташкил қилинди.

Нидерландия ташқи ишлар вазирлигидаги тадбир чоғида вазир Максим Верҳаген “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиш мислсиз жасорат талаб этади. Шахсан катта тўлов тўласангиз-да, Сиз бу курашдан чекинмадингиз. Билишингизни истардимки, Нидерландия ҳамиша Сизга елкадош”, деб айтди.

Сўнгра Халқаро инсон ҳуқуқлари “Хельсинки Қўмитаси” ва “Халқаро Амнистия” ташкилоти уюштирган, Нидерландиядан бошпана олган ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар билан учрашувда Мўътабар Тожибоева қамоқхонада ўтказган кунлари ҳамда мамлакатдаги мавжуд вазият ҳақида сўзлаб берди.

Унга кўра, ўзи дохил айрим ҳуқуқ ҳимоячиларининг озод этилиши мамлакатда айни соҳадаги вазият яхшиланганидан асло дарак бермайди.

Аксинча, уларнинг ўрнига бошқа фаолларнинг сохта айбловлар билан қамоққа ҳукм этилиши мамлакат раҳбарияти сиёсий найрангларини давом эттираётганини кўрсатди.

Айни пайтда у Андижон хунрезлигидан сўнг Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий этган санкцияларнинг қарийб бекор қилинишини олқишлайди, чунки фақат доимий мулоқот орқалигина Ўзбекистонга ҳар қалай таъсир ўтказиш мумкин.

“Аксинча, жазо чоралари воситасида яккалаб қўйиш сиёсати мамлакат ўзини иҳоталаб олишига олиб келди, мамлакатда гўёки қасма-қасдига вазият оғирлаша борди”, дейди Мўътабар Тожибоева.

Ўзининг қамоқдан муддатидан один озод этилишини у, биринчи галда, халқаро жамоатчиликнинг босими натижаси ва, қолаверса, Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида бошланган ўзаро мулоқот ҳосиласи сифатида кўради.

20 ноябрда Женевада Мўътабар Тожибоева “Мартин Энналс” мукофоти билан тақдирланади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида энг нуфузли саналган бу мукофот айни ҳаракатга улкан ҳисса қўшган, фавқулодда вазиятларда ишлаб, жасорат кўрсатган ҳуқуқ ҳимоячиларига топширилади.

Британиялик инсон ҳуқуқлари фаоли, “Халқаро Амнистия” ташкилотининг Бош котиби бўлган Мартин Энналс (1927-1991) номи билан аталган мукофот, айни пайтда, унинг соҳиби хавфсизлигининг халқаро кафолати сифатида ҳам кўрилади.

Тожибоева хоним мамлакатга қайтгач, ўз фаолиятини кўламдор даражада давом эттиришни режалаштирган.

Унинг айтишича, махсус жамғарма ташкил этилади ҳамда қамоқда ётган бошқа ўнлаб сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқарилиши учун тадбирлар ташкил этилади, яқинларига эса мунтазам ёрдам бериб турилади.

“Чунки, бир рамзий бўлса ҳам, ташқарида дўстларинг сени қўллаб-қувватлаётганларини билиш инсонга қанчалар куч бағишлашини ўз бошимдан ўтказдим”, дейди Мўътабар Тожибоева.

bbc

Comments are closed.