Ўлим дарахти (6)


Насрулло Саййид

(Қиссанинг давоми)

Кечга яқин Нодирнинг отаси ўғлининг уйга қайтмаганидан ташвишга туша бошлади. Аксига олиб эрталабдан хотини: “Болам беҳудага уйга келмаганди. Севган қизи - “Уйланинг” деб турганмиш. Сиз ота бўлиб, унга бир оғиз яхши гап гапирмадингиз. “Бўпти болам, ҳаракатни бошлаймиз…” деб қўйганингизда, олам гулистон эди. Нодирим ярим тунда уйидан чиқиб кетмасди… Нима бўлдийкин унга? Мелиса бекорга қамаб қўймайди…? Боринг, боламни тез топиб келинг…” деб тинимсиз минғиллаб унга тинчлик бермай қўйди.
Иззатулло Муродовични тупроққа топшириб қайтган туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ҳаким Неъматов кабинетига ўринбосари Искандар Комиловни чақиртирди ва унга райкомда бўлиб ўтган йиғилиш тавсилотларини гапириб берди. Нодир масаласида биринчи котиб берган “кўрсатма” ҳақида эшитган Комилов олдинига роса жиғибийрон бўлди.
Кейин: “ Жиноятни энди очай деб, турувдим… ўртоқ бошлиқ. Энди мен уни олдида нима деган одам бўлдим. Кўрасиз ҳали… Бу ерда бир сир бор эди. Албатта топардим мен уни..?” дея, Нодирнинг “иши” бевақт якунланганидан хафалигини яширмади. Бошлиқ Нодир Усмоновни сўроқ қилиш давомида олинган дастлабки хулосаларни, биринчи котиб айтган “хулосага”га мослаб, тегишли ҳужжатлар тўлдиришни ўринбосарига қаттиқ топширди. Эндиги режа бўйича Комилов эртага эрталаб Нодирни дастлаб прокурор, сўнг эса судьянинг олдига олиб бориши шарт эди. Шунингдек бошлиқ майор Комиловга эрталабдан бери мелисахона дарвозаси олдида турган Нодирнинг қариндошлари билан гаплашишни ва уларни “овутиб” қўйишни ҳам топширди. Ўзи эса ИИБ биносидан чиқиб, бир зумда қаёққадир ғойиб бўлди.
Одам руҳияти масалаларида илм ва тажрибага эга Искандар Комилов мелисахона қоровулхонасида тўпланиб турган Нодирнинг қариндошлари олдига чиқиши биланоқ, дарров ташаббусни қўлига олдида, улар сўз бошлашини кутиб турмасдан ўзи биринчи бўлиб “ҳужумга” ўтди:
- Бола тарбияси назоратдан қолдими, тамом… Тоға, бу дейман тракторни таррилатиб юравериб, болаларни тарбиясига қарамай қўйибсизда…? деди у дабдурустдан.

Мелиса майорининг тўсатдан айтиб юбоган бу гапидан Абдулла тоғани бироз жаҳли чиқди, ноқулай аҳволга тушиб қолди. Аммо ҳозир у Комиловга эътироз билдирадиган ҳолатда эмас эди. Шу сабаб:
- Нима гап, ўртоқ бошлиқ? Нодиржон бирор номақбул иш қилиб қўйибтими? -деди.
- Ээээ, амаки, номақбул дейсизми? Ўғлингизни касрига бир одамни аллақачон юраги ёрилиб, ўлиб гўрда ётибди-ю. Сизни гапингизга қаранг? -деди ваҳимадор оҳангда.
Бу гапларни эшитган Абдулла тоғанинг танидан жони чиқиб кетгандай бўлди шу лаҳзада. Гапга Нодирнинг акаси Саъдулла аралашди:
- Ака, тушунтириб гапирмайсизми? Нима гап ўзи? - деди у Комиловга қараб.
Искандар Комилов ташаббусни ўз қўлига олганидан завқланганча сўзида давом этди. У Нодирнинг отаси, акаси ва икки амакисига кеча тунда бўлиб ўтган воқеа тавсилотларини, худди Саттор Ашурович айтиб берганидай қилиб айтиб бера бошлади. Аммо унинг талқинида у воқеа яна ваҳималироқ ва қўрқинчлироқ бўлиб чиқди. Сўнг Нодир мелисахонага ушлаб олиб келинганлиги ва уни чўнтагидан Иззатулло Муродовични партбилети ва “қора дори” чиққанлигини ҳам айтиб, қўшиб қўйди. Мелиса майори айтиб берган “тавсилотлар”ни эшитган Нодирнинг жигарлари бутунлай саросимага тушиб қолдилар… Нодирнинг отаси кеча тунда, ўғлини орқасидан қувиб етолмаганидан ва уни қайтариб уйга олиб кетмаганлигидан қаттиқ пушаймон бўлди. Абдулла тоғани аҳволига қараб, уни ўз фарзанди учун қанчалик оғир изтироб чекаётганлигини сезиш мумкин эди…
- Йўғе, Нодиржондан “қора дори” топилганига сира ишонмайман? Бўлиши мумкин эмас? деди Нодирнинг акаси.
- Ука, биз ҳам Худодан қўрқамиз. Бизда ҳам виждон ва бола чақа бор. Борини бор деймиз, йўғини йўқ… Укангизни ўзи қўл қўйиб, тасдиқлаб турганда… Гапингизга қаранг, -деди Комилов норози оҳангда. Умрида “қора дори” деганни умуман кўрмаган аммо ваҳимасини эшитган Абдулла тоғанинг кўз олди хиралашиб кетди. “Ўғлим энди қамалиб кетади шекилли” деган фикрга бориб, қалтирай бошлади. Сўнг миршабга қараб:
- Ука исмингиз нима эди? деди.
– Искандар, - деб жавоб қайтарди унга миршаб.
- Ҳа, Искандаржон! Кўринишингиздан жуда яхши инсонга ўхшайсиз. Боламга ёрдам қилинг… У ёшлик қилиб қўйганга ўхшайди. Илтимос ука. Нима десангиз, ана биз хизматда… Бир йўлини топинг. Боламни бу ердан чиқартириб беринг… -дея, миршабга қараб ялина кетди бечора ота.
Ҳамма нарса режадагидек кечаётганидан хурсанд миршаб, энди панду- насиҳатга ўтди:
- Бундай вазиятда авваламбор босиқ бўлиш керак… Бўлмаган иш бўлибти, наилож… Биз ҳам қараб турмаймиз, Нодиржон учун қўлимиздан келган яхшиликни қиламиз… Аммо амаки, билсангиз биз кичкина одам. Тепада прокурор, судья деганлари бор. Қонун уларнинг қўлида… “Ҳалиги” топилгани учун қанча берилишини суд ҳал қилади. Сиз ҳам бир сўраб суриштиринг?. Ўғлингизни узоқ муддатга қамалиб кетмаслиги учун мен ҳам қўлимдан келганча ҳаракат қиламан тоға… -деди у отаси тенги одамни овунтирган бўлиб.
- Раҳмат Искандаржон! Шундай қилинг ука. Ҳаққингизга эртаю кеч дуо қиламан, -дея жовдирарди Нодирнинг отаси, кўзларидан сизилиб келаётган намни рўмолчаси билан артиб.
Суҳбатнинг давоми узоққа чўзилмади. Майор Комилов ҳозирча Нодирни мелисахонадан чиқариб бўлмаслигини, ишини прокурор ва суд кўриб чиқмагунча у шу ерда қолишлигини айтиб ўтди. У Нодирга оғир жазо берилмаслиги учун “курашажаги”ни қайта-қайта таъкидлаб, бу ерда тўпланганларни бир бало қилиб, уйларига тарқатиб юборди. Комилов Нодирнинг отаси келтирган иссиқ кийим ва озиқ овқатларни унинг ўғлига киргизиб беришга ваъда берди ва уни қўлидан олиб қўйди.
Абдулла тракторчи ўз уйига катта ўғли ва кенжа укалари билан қайтар экан уларга қараб: “Қаранглар, ҳамма ерда ҳам яхши одамлар бор…ааа… “Ёрдам бераман” деб ваъда қилганини ўзи катта гап. Худо хоҳласа Нодиржон чиқсин, хизматини қуруқ қўймаймиз…” дерди.
Эртаси куни соат 10-00 да Нодирни прокурор Ҳамид Улуғбековнинг олдига олиб бордилар. У Нодирга умуман ҳеч нарса демади. Фақат майор Комилов ўзи билан олиб келиб, уни столи устига қўйган “Дело”ни бир қатор варақлаб чиқди. Сўнг телефонда кимгадир:
- Аслонбой, ҳозир Искандар олдингизга ҳалиги… оти нимайди… ҳа ўшани олиб боради. Кеча келишганимиздай қоғозини ёзиб жўнатинг. Ёнингизда бирорта адвокатингиз борми…? Ҳа, бўлади ўша. Хуллас ўша… уни ҳимоячиси эканлигини билиб қўйсин. Манимча буни Бухоро ИВС (вақтинча сақлаш изолятори)га жўнатишимиз шарт эмас. Искандарга айтамиз шу ерда, туманда шароит қилади… Бирорта камерани ажратиб беради… Бир мияси жойига тушсин бу студентни… -деди.
Нодир телефон гўшагини нариги томонида ким ушлаб турганлигини англамасада, прокурор уни қамаб қўйиш ҳақида гапираётганини тушунди. Телефонда гапира туриб прокурор столининг тортмасидан бир варақ қоғозни ( демак у олдиндан тайёрлаб қўйилган бўлса керак ) олди ва уни олдидаги “Дело”ни ичига тикди. Сўнг мелиса майорига:
- Буни тез Аслонни олдига олиб бор. У сизларни ўз кабинетида кутиб ўтирибти… -деди.
Шу орада Нодир прокурорга нимадир демоқчи бўлди…Энди гапириш учун оғзини ростламоқчи бўлувди ҳамки.., Комилов уни кишанланган қўлидан тортиб, кабинетдан олиб чиқиб кетди.
Бироздан сўнг улар ўтирган машина “Туман халқ суди” деб ёзилган бинонинг олдига келиб тўхтади. Улар машинадан тушиб, бино эшиги олдида турган соқчи ҳамкорлигида иккинчи қаватга чиқдилар. Эшигида “Суд раиси- А. Жумаев” деб ёзилган хона эшиги олдида тўхтадилар. Каттагина залга ўхшаб кетадиган, шинам бу кабинетда уларни уч киши кутиб турарди. Ўзини: “Суд раиси- Аслон Жумаев” деб таништирган кимса қолган икки кишини ҳам таништирди. Унинг айтишича улардан бири - халк маслаҳатчиси Аксёновдир. Иккинчиси эса Нодирга беркитилган адвокат - Эшонқуловдир.
Сўнг суд раиси Нодирга қараб:
- Ука, санга қўйилган айб тафсилотларини биз яхшилаб, атрофлича ўрганиб чиқдик. Сани қилган ишинг ана бу бўйича жазоланиши лозим эди, -дея қўлидаги устида “ Жиноят кодекси ” деб ёзилган китобни кўрсатди. -Аммо биз сани биринчи марта бу ишга қўл урганлигингни, ёшлигингни, ота-онанг яхши одамлар эканлигини инобатга олиб ана бу бўйича жазолаймиз, -дея устига “Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодекси” деб ёзилган китобни кўрсатди ва хунук ишшайиб қўйди.
Кейин яна сўзида давом этиб: “Қолган гапларни адвокатинг ўртоқ Эшонқуловнинг ўзи санга тушинтиради. Тушундингми?” -деди.
Нодир суд раиси томонидан кўрсатилган икки китобни олдин ҳеч қаерда кўрмаганди. Шу сабаб уларни танимади. Айниқса суд раиси томонидан қилинаётган “мурувват” сабабини ҳам тўлиқ тушунмади. У “Қайси гапни Эшонқулов кейин менга тушинтириб беради ?” деб ҳам нимагадир сўрамади.
Умуман олганда Нодир бугун ўзи кириб чиққан ўша икки идорада жараёнлар бунчалик тез ўтади деб, ўйламаганди. Бор йўғи ярим соат ичида у ҳам прокурорни, ҳам суд раисининг кабинетида бўлишга улгурди. Айниқса на прокурорнинг на суд раисининг ундан бир оғиз ҳам гап сўрамаётгани уни роса таажублантирди.
Қайси гуноҳи учун уни қамашгани ва қайси гуноҳи учун суд қилишаётганини энди сўрамоқчи бўлиб турган эди, кўкраклари орден ва медалларга тўла Аксёнов бирдан татарча ўзбекча аралаш гап бошлаб қолди:
- “Абдуллани ман таниям. Якши одам. Раис акага айтдик, чунчагингдан чиккан балони громини камайтирди…Зарари йук, ун беш сутка нима? Утирасан, чикасан…Бошка суд булганда билмадим, нима килайди ?” деди.
Шу пайт суд раиси Аслон Жумаев олдида турган тўрт беш қоғозни Нодирни олдига отди ва: “Қўл қўй” деди. Нодир энди нима қилишини билмай боши қотди. “Қўл қўйсамми, қўймасамми…? дея ўйловга кетди. “Агар қўл қўймасам ишимни баттар ёмон қилмайдими булар?” деган фикр ҳам миясига келаверди. Йигитни узоқ хаёл сураётганини кўрган Аксёнов ярим татарча қилиб, яна гапга аралашди:
-Бол, кол кой. Мана адвокатинг ҳаммасин оқиди. Хаммаси сани пайдангга… -деди.
Нодир умрида биринчи бор кўриб тургани бу “адвокат”ни нима иш билан шуғулланишини ҳам билмасди. Шу сабаб у томонга бурилиб, унга “нима қилай” деган маънода қаради. Эшонқулов эса дарров:
-Қўл қўй, кейин мен сенга ҳаммасини тушунтириб бераман. Худога шукр қилмайсанми, “маъмурий”га тушганингга… -деди ва стол устида турган ручкани олиб Нодирни қўлига тутқазди.
Нодир ҳамма қоғозларга имзо қўйди.
Кейин суд раиси масалага нуқта қўйди ва:
-Унга ҳозирча ўн беш сутка берамиз… Ақлини йиғиштириб олишига… Маъқулми? -деди барчага қараб.
Нодирдан бошқа бу ерда иштирок этганларни ҳаммаси бир овоздан “Маъқул, маъқул” дейишди. Кейин Комилов тезда Нодирни қўлига кишанни қайта солдида, уни тезда суд раисининг хонасидан олиб чиқиб кетди. Улар машинага ўтиргач, майор йўл бўйи Нодирга: “Ҳали мендан қутилдим деб ўйлама. Сан манга ярим тунда, боғда нима қилиб юрганингни айтмай, ҳеч қаёққа кетолмайсан…” дерди. Шу йўсинда машина ИИБ биноси ҳовлисига кириб келди.
Туман ички ишлар бўлимига қарашли бу бино икки қават ва ертўладан иборат эди. Биринчи қаватда кириш эшигининг олдида каттагина зал булиб, залнинг ярми темир панжара билан ажратиб олинган “навбатчи” ўтирадиган хона эди. Навбатчихонада туну-кун навбатчи ўтирар ва у кетма - кет бўладиган телефон қўнғироқларига жавоб берарди. Бўлимнинг жанговор қуроллари ҳам худди шу навбатчихонанинг ичидан кириладиган ва тўрт девори темир панжара қилинган хонада турарди. Шу қаватда бундан ташқари тўрт бешта “сўроқ- суриштирув кабинетлари” ва ушлаб келинганларни вақтинча ушлаб туришга мўлжалланган қатор хоналар бор эди.
Иккинчи қаватда эса асосан ИИБ бошлиғи ва уни ўринбосарларининг кабинетлари ҳамда каттагина “Ленин хонаси” бўларди. Айрим миршаблар бу хонани “Ленин хонаси” эмас, “Красная комната” (Қизил хона) деб ҳам аташарди. Барча ИИБ биноларининг фойьесида большевикларни бош чекисти - Ф. Дзержинскийнинг бюсти тургани каби бу бинода ҳам унинг бюсти турар, у нимагадир “сирли қараш қилиб” ўтган кетганни кузатаётганга ўхшарди.
Барча шу тоифадаги биноларнинг ертўласи каби бу бинонинг ертўласида ҳам вақтинча қамоқда ушлаб туриладиган камера- изоляторлар жойлаштирилган эди. Ертўла одатдагидай доимо зах ва нам бўлишига қарамай, умуман иситилмасди ҳам. Ертўла ўртасидаги узун коридор бинонинг у бошидан бу бошига етсада, уни кесиб ўтиш роса машаққатли эди. Чунки ертўла бир неча жойидан темир панжаралар билан тўсилган ва ҳар бир тўсиқда алоҳида темир панжара эшик бор эди. Ертўланинг маҳбуслар учун мўлжалланган қисми ана шу узун коридорнинг охирида эди.
Бор-йўғи саккиз маҳбусга мўлжалланган туман ИИБ изолятори ҳеч бир талабга жавоб бермаганидан кўпчилик маҳбуслар асосан вилоят марказидаги катта изоляторларга жўнатиларди. Бу камераларнинг “меҳмонлар”и эса кўп ҳолларда кун ора ичиб ёки жанжал қилиб юрадиган майда-чуйда “алкаш” ва “бомж”лар ва қўлга тушган енгил табиатли қизлар бўларди. Улар бу заҳ хоналарда икки уч кун ушлаб турилиб ва кейин жаримага тортилиб бўшатилиб юбориларди.
Туман ИИБ изолятори хоналарининг ҳар бирида иккитадан тахта каравотча қўйилган бўлиб, маҳбуслар уларга тўшаксиз ётиб, “ҳордиқ” чиқарарди. Маҳбуслар “ҳожат”ни истаб қолса, уни хона ичида турган темир бочканинг устида амалга оширарди. Бу бочкалар ҳар ҳафтада бир марта маҳбусларнинг ўз қўли билан, ташқарига чиқариб тозаланарди. Бу жараёнда албатта уларни соқчи кузатиб турарди. Маҳбусларга ичимлик суви коридорнинг ўртасида турадиган челакдан бериларди. Сувни фақат навбатчи тепадан ертўлага тушган маҳалда, ундан сўраб олиб ичишнинг иложи бор эди холос. Бу совуқ ертўлада ўтиришни бирорта ҳам навбатчи хушламасди. Уларнинг кўпчилиги ўз навбатчилик вақтини асосан тепада карта ўйнаб, ўтқазарди.
Нодирни бу ерда ўн беш сутка ушлаб туриш майор Комиловга эриш туюлди. Лекин уни иложи қанча, бу суднинг қарори эди. Суд қарори эса таҳлил қилинмайди, фақат бажарилади. Буни яхши билган Комилов ертўладан Нодир учун алоҳида жой тайёрлашни қўл остидагиларга топширди. Чунки ертўланинг барча ташвишлари ҳам унинг зиммасида эди. У бир камерани тозалаттириб, битларга қарши “хлорка” септирди. Нодир энди бир кеча “меҳмони” бўлган олдинги камерадан кўчирилиб, шу янгисига ўтқазилди. У кеча отаси қолдириб кетган иссиқ жемперни эгнига кийди. Тахта сўрига чўзилиб, отаси келтирган чопонни устига тортиб кўрди. “Бўлади…, чидаса бўлади..” деб ўйлади у. Аммо бошига ёстиқ ўрнида қўйишга ҳеч нарса топилмади. “Бу совуқ хонада ухлаб бўлармикан..?” деганча, орқасидаги деворга ўн бешта катакча чизди ва эрталаб туриб, биринчи катакча ичига “Х” қилиб қўйишни ният қилди…
Нодир қамалгандан уч кун ўтмай тумандаги “Ленин йўли” газетасида “Тунда тентираган шайтонвачча” деб номланган катта бир мақола чиқди. Мақолада Тошкент политехника институтида зўрға таълим олаётган, хулқи “қониқарсиз” бир талаба боланинг “дайди-саёқ” юриш-туришлари ёритилган эди. Мақолани ўқиган ҳар бир киши, ундаги бош қаҳрамон- Нодир Усмоновнинг “ножўя ҳатти - ҳаракатлари тўғрисида” уни бир неча яқин дўстлари ва кўчадошлари айтиб ёздирган танқидий мулоҳазаларга ҳам албатта кўзи тушарди ва “Афсус орамизда ҳали шундайлар ҳам бор…” деб қўярди.
Райкомнинг махсус қарорига асосан ушбу мақола барча мактабларда, ўқув юртларида ёшлар орасида кенг муҳокама қилинадиган бўлди…
Русь империясининг босқинчилик сиёсати туфайли қадим “Туркистон” ерларида тузилган бир неча ўзларича “суверен” Республикалар аҳолиси, Совет давлатининг барча аҳолиси қатори “турғунлик йиллари” деган даврнинг энг охирги йилларини бошидан кечирмоқда эди. Бу йилларни купчилик нафақат “турғунлик йиллари” ва ҳатто “тўйиб ароқ ичиш йиллари” ҳам деб атарди. Ўша даврга келиб Ўзбекистонда шу қадар кўп спиртли ичимликлар ичила бошландики, бу даврни кейинчалик одамлар “тўкин-сочинчилик» даври деб мақтаб юришлари учун оз бўлсада асос яратилганга ўхшаб кетарди, ўшанда.
Ана шундай кунларнинг бирида, ана ўшандай тўкин - сочин бир даврада ўтириб қолган мелиса майори Искандар Комилов ҳам “оқидан”, ҳам “қизилидан” қилиб роса тортди. Тўйчи ошнаси Искандарни “мундири шаъни”ни асраб қолиш мақсадида, уни кайфи роса ошиб қолганлигини сезиб, алоҳида бир хонага олиб кирди. Тўй зиёфатининг давоми шу меҳмонхонада, қарийб тонггача давом этди. Зиёфат охирлагач майор Комилов тўйчи билан хайрлашиб, кўчага чиқди. Кўчада уни тўйга ўз машинасида олиб келган, олиб-сотар йигит Ўктамбек кутиб турарди. Оёғида зўрға тик турган майор Комилов “Жигули”ни орқа ўриндиғига ўзини отар экан, Ўктамбекка қараб деди:
- Ҳайда… Кетдик…
Ўктамбек ҳам машинасини катта асфальт йўлга олиб чиқдида, газини қўйиб юборди. Машинанинг ичида баланд овозда мусиқа янграр, Комилов эса машинанинг орқа ўриндиғида тарвайганча ётиб, хиргойи қилиб кетарди. Машина туман ИИБ биноси олдидан шундоқ ўтиб, Комиловни уйи томон кетадиган йўлга бурилган ҳам эди, Искандар ҳайдовчига қараб қичқирди:
– Тўхта… Орқага қайтар… Отделга борамиз… деди. Ўктамбек бироз эътироз билдирган бўлиб, унга уйига олиб бориб қўймоқчилигини айтди. Аммо Комилов кўнмади ва Ўктамбекка қараб:
- Мени отделга обориб қўй… Кейин ўзинг кетавер…. У ерда мени битмаган бир чала ишим бор… Тушундингми? Битта булбулни бир сайратиб кўришим керак… Тушундигми? -деди алжираб. Миршабга гап уқтириб бўлмаслигини сезган Ўктамбек “Жигули”сини мелисахона биноси томон бурди…

(Давоми бор)

Comments are closed.