Қаддингни тикка тут қадрдон укам!

Азиз Сайид Охун.

Унинг беғубор табассуми ҳеч ҳам эсдан чиқмайди, самимий муомаласи ҳам. Унга қараб, эҳ-ҳе нималарни кўришга, нималарни ҳазм қилишга мажбур бўлди бу йигит, не-не ваҳшийликлар, адолатсизлик ва сотқинликларни таниди бу йигит, аммо қойил синмади дердим.

Бир сафар ҳатто ўзимни унинг ўрнига қўйиб кўришга уриндим, тавба кўз олдингда ўнлаб, юзлаб одамнинг ўққа тутилишини кўтариш… йўқ,буни қабул қилиш қийин… жуда ҳам қийин. Ваҳима ичида ҳушёрликни йўқотмай бир журналист қизни, саросимага тушиб довдираб қолган қизни бу даҳшат ичидан олиб чиқиш эса…

Мен унинг бугун ҳам қадди тик қолишига умидим бор, йўқ мен шунга ишонаман, ахир у мард йигит. МАРД!

Совуқ хабар яна биз томон оралади. Нега? Ахир ўнлаб бошқа, мана шундай совуққа муносиблар бор-ку,деб ҳафа бўлдим. Астағфуруллоҳ, Аллоҳнинг иши, унга қарши исён жоиз эмас, аммо инсон экансан, баъзан беихтиёр дод деб юборасан. ДОД!

Андижон аллақачон қалбидаги марваридларини йўқотиб улгургани боис букилиб қолган. Унда ёруғлик қолмади, қолмади ҳаёт, фақат изтироб, оғриқли хотира ҳамда изтироб Кечаги изтиробь,бугунги ва эрта учун жамлаб қўйилган изтироб. Бизда ана шундай, дунё халқлари дунёни ғамлар, қувонч ва орзуларни ғамлар, биз эса…

Нуриддин укам, Андижон сенинг қадамларингни яхши эслайди, сен билан мағрурланади, сени кутиб яшайди. Айрилиқнинг оғриқи кучли, тушунаман, аммо сен мард йигитсан, ҳаммамизга намуна бўлгули, мард йигитсан, ўтинаман қаддинг букилмасин, ишонаман отанг ҳам шуни истарди!

Ватан буткул ғаламислар ичида қолган эмас, сен билмассан, аммо минглаб юртдошларинг ҳар кун сени дуо қилади, ўнлаб сен туфайли ҳақиқатни англаган инсоният сенга дуо қилади, сен туфайли омон қолган ўша ожиза журналист қиз ҳам, сен туфайли ҳақиқатни кўрган унинг касбдошлари ҳам…

Не-нелар ўз жойидан қимирлай олмаган, ҳозир ҳам қимирлай олмайди, аммо тиллари чаққон. Уларнинг касби шу, сен улардан-да қайғурма, Ватан гўллардан иборат эмас, халқнинг кўзи очиқ, ақли бутун, хотираси кучли, унутмайди.

Яна қалбимни алам чулғаб олади. Нега шундай, ахир? Кеча дўстим онасини сўнгги йўлга кузата олмади, ундан аввал қадрдон акамиз,бугун эса қадрдон укамиз, нега шундай? Нега минглаб одам жон-жон деб кузатишга тайёрлар жилмайди, аммо қолиши керак бўлганлар, бугунги адолатсизлик қурбонлари эртанги қувончли муждани кўрмай кетадилар, ахир алам қиладими?..

Нуриддин, Яратган фақат суйган бандасини бемаънилар орасидан олиб кетади, унга гард юқтиргиси келмайди, уни анча муборакроқ жойга,ўз хузурига тортиб олади. Бу манқуртлар шу қадар бемазалашиб кетганки улар ҳатто дўзаҳнида ҳаром қилишади, ернида ҳаром қилишади, шу боис, балким қолаверади… кетар муддатнинг чўзилиши ҳам аслида мусибат. МУСИБАТ!!!

Андижон не-не фарзандларни йўқотди, не-не хонадонлар азиз жигаридан айрилди, ишон, уларнинг ҳар бири сендай фарзандни жон деб қабул қилади, нафақат Андижон,бутун Ўзбекистон, журъатсизлардан тўйган Ўзбекистон, жон деб сени қабул қилади, зеро сендай ўғилга жуда ҳам муштоқ! Жуда ҳам!!!

Мен голландларга ҳавас қиламан,улар сен билан бирга янги кунни қарши олади, янги режалар тузади, биз эса етим диёрнинг шўрлик етимлари сингари қолдик. Бизда Нуриддинлар энди йўқ, Улуғбеклар йўқ, Жаҳонгир, Баҳодирлар йўқ, Абдувоҳидлар йўқ, Баҳтиёрлар йўқ…

Бизга шуни лойиқ кўрганлар балким хурсанддир, аммо онани боладан, болани онадан, отадан, Ватандан айрниб ғозюриш йигитнинг иши эмас, мўминнинг ҳам иши эмас. Аммо улар ҳам килмишларининг меваларини тотиб юришипти. Уларнинг фарзандлари соғлом эмас, на маънавий, на жисмоний. Шу учун ҳам ўзгаларнинг соғлом фарзандларини кўра олмайди… алам қиладида…

Отангнинг борар жойи жаннат бўлсин, Яратган у кишининг эзилган қалбига ўз диёрида қувонч ато этсин, мубораклар сафига қўшсин, Расулуллоҳ шафоатига лойиқ қилсин. Сен йиғлама. Сенинг учун мен йиғлайман, бизга мумкин, чунки анча бўлди йиғлоқи бўлиб қолганимизга. Сен йиқилма, сенинг учун душманлар йиқилсин, зеро улар йиқилишга ҳақли. Сен ўкинма, сен учун Андижон ўкинади, сенсиз, мард ўғлонларисиз қолгани учун.

Сен қаддингни букма, қадрдон укам!!! Биламан ҳамма гаплар сен учун ҳозир арзимас, биламан дилингни тинчлантирувчи малҳам топилмас, ўзим ҳам шу топда, нималар деб вайсаётганимни англамайроқ турибман, сабаби қаттиқ қайғудаман. Бошқа нима ҳам дердим… Тузукроқ сўз топиш муаммо бу юртда, пойинтар-сойинтар гапларимиз учун бизни кечир, дўстим, укам…

Сабрли бўл… Қаддингни букма…

Comments are closed.