Нариги дунё дарчаси олдида (1)
Сафар Бекжон, Швецария.
Кўплаб мухлисларимиз хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси, ёзувчи Сафар Бекжоннинг “Нариги дунё дарчаси олдида”номли асарини ўзбек тилидаги нусхасини эълон қилишни бошлаймиз.
Ушбу асарда ёзувчининг маҳбусликдаги ҳаёти, бошдан кечирган даҳшатли кунлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Китобни ўқир экансиз қийноқлар мунтазам қўлланиладиган Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ҳақиқий аҳвол ҳақида тасаввурга эга бўласиз. Асар собиқ иттифоқдан қийноқларни ўзига мерос қилиб олган ва янада кучайтирган ўзбек режими жиноятларига ўқилган лаънатдек таассурот қолдиради.
Муқаддима ўрнида
ГУЛАГ” АРХИПЕЛАГИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН НОМЛИ ОРОЛИ
Юртимиздаги нео-коммунизмнинг салбий томонларини - миршабларнинг манқуртлигини, бошлиқларнинг бебошлигини, давлат арбобларининг ахлоқсизлигини, қонун қўриқчиларининг қонунбузарлигини ўз ҳаётида кўришга, азобларни татишга улгурган бу йигитни мен шахсан кўрмаганман, у билан суҳбатлашмаганман. 1998 йили унинг “Нариги дунё дарчаси олдида” номли китобини Овруподаги халқаро бир ташкилот менинг номимга юборганидан сўнг, бу китобни ўқиб чиқиб, анча ўйга толдим. Эски яраларим янгиланди.
Китоб муаллифи Сафар Бекжон ўз китобида ўзининг уч йиллик ҳибс сарсонлик-саргардонликларини бирма-бир хикоя қилган. Мен кўрган ер ости ва ер усти турмаларининг деярлик ҳаммасида бўлибди. Китобни ўқиб, олдин тақриз ёзмоқчи бўлдим, лекин ёза олмадим. Китобнинг айрим бобларини инглиз тилига таржима қилдим ҳам, бироқ чоп қилдирмадим. Мен учун Ўзбекистон қамоқ лагерлари ҳақида ёзиш жуда оғир эди. Сафар Бекжон бу қийноқхоналарда 3 йил бўлибди ҳамда жаҳаннамдан репортаж ёзгандек бир ҳаққоний асар яратибди.
Мен ҳозирги “Юрт Боши”нинг устози, раҳнамоси, сорбони Шароф Рашидов ва унинг шогирди, ўзбек халқининг жаллоди, Ички Ишлар вазири бўлиб ишлаган Ҳайдар Яҳёев Ватанимизга хўжайинлик қилаётган замонларда ўша қийноқхоналарнинг барчасида бўлганман ҳамда Рашидовнинг ўлиши билан, Олий Совет Президиуми қарори билан озод қилинганман.
1974 йил 14 декабрдан бошлаб 1983 йил 29 ноябргача бўлган бир муддатда (8 йил 11 ой 15 кун) ўзим бўлган Тош.турма Биринчи корпусининг ер ости камералари, шу жой ер ости картсерлари, Зиёли маҳбусларга мўлжалланган Ҳайдар Яҳёевнинг Тошкент Темирйўл жазолаш изолятори, Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг Ташкент марказида жойлашган марказий биносининг ер ости изолятори, Қўқон турмаси, Қўқон турмасининг махсус махбуслар сақланадиган камераси, Тошкент пересилкаси, Маҳбуслар учун мўлжалланган Сан.городок (Тошкент, Қўйлиқ), Наманган вилояти Поп тумани Уйғурсой қишлоғидаги собиқ Уран кони ўрнида жойлашган Кучайтирилган режимдаги лагер, шу ердаги резина-калош заводи лагери, Қарши шаҳар четида жойлашган Кучайтирилган режимдаги лагер, Учқудуқ туман Учқудуқ шаҳрида жойлашган Кучайтирилган режимдаги лагер ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманижа жойлашган лагерлардан олган таассуротларим, терговчилар бебошлиги, қонунсизлик, коррупция ҳақида ёзганларим турли сабабларга кўра шу кунгача чоп этилгани йўқ.
Сафар Бекжон кейинги даврни - “мустақиллик” деб юритилаётган нео-коммунистик даврни, Самарқанддан чиққан ҳозирги “Бошлиқ” давридаги қамоқхоналар тарихини, маҳбуслар тақдирини, қўриқчилар қаҳри қаттиқлигини, мансабдор шахслар жоҳиллигини ўз китобида батафсил баён қилиб берибди.
С. БЕКЖОНнинг автобиографик характерга эга бўлган бу китоби ҳозирги кунларда ЕВРАЗИЯ ФОРУМИ томонидан рус тилида “У ВХОДА НА ТОТ СВЕТ” номи билан босилиб чиқди ҳамда бир қатор овруполик тадқиқотчилар томонидан юқори баҳоланди. С. Бекжоннинг бу китобида айрим чалкашликлар бўлиши мумкин. Масалан, муаллиф ушбу маьлумотни беради: “Минг тўққиз юз тўқсон учинчи йилнинг йигирма еттинчи сентябри. Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги қамоқхонаси. Бу қамоқхона 1976 йилда қурилган, қурилишни ўша пайтдаги вазир Ҳайдар Яҳёев шахсан назорат қилиб турган”[Шу китоб, 6-бет].
Ҳақиқатда, Ички Ишлар вазирлиги биносининг ер остида, икки қават пастда жойлаштирилган бу қамоқхона-изолятор 1974 йилнинг иккинчи ярмида тайёр бўлган ва ишга тушган. Менинг ўзим 1974 йил 14 декабр куни худди шу йерга олиб келинганман ҳамда Ҳ.Яҳёевнинг биринчи ўринбосари генерал Ткачев сўроқ қилганидан сўнг, Шўроларнинг қийнаш усуллари қандай бўлишини худди шу ерда, ертўланинг иккинчи пастки қаватида татиб кўрганман.
Ўзбек ва рус тилларида чоп этилган Сафар Бекжоннинг бу китоби ҳужжат аҳамиятига эга. Муаллиф шу кунги “келажаги порлоқ” режимнинг ҳақиқий башарасини, шакл-шамойилини чизиб бера олган ва унинг турқидаги тиржайиб турган ниқобини юлиб ташлаб, ҳақиқий баджаҳл, раҳмсиз, руҳсиз, иймонсиз башарасини жаҳон афкор оммасига реалист саньаткор сифатида намойиш этиб кўрсатган.
Туркистон зиёлиларида, менимча, битта етишмовчилик бор. Улар ўз ҳаётлари ҳақида деярлик хотира қолдирмайдилар. Шу кунларгача хотира қолдириш бобида буюк Бобурнинг издошлари чиқмади. Шўролар халқимизнинг энг онгли қатламини 20-30-йиллар, шунингдек 50-йилларда қириб ташладилар; 60-70-йилларда эса Рашидов турли баҳоналар билан “юристлар иши”, “судьялар иши”,”Олий Суд аьзолари иши”, “Раҳмонқул Қурбонов-Ёдгор Насриддиновалар иши” каби атамалар билан вояга етган, оқ-қорани таниб қолган зиёлиларни қамаб йўқ қилди, 80-йилларда “Пахта иши” майдонга чиқди ва яна бир неча ўн минг киши мавҳ этилди. Мустақиллик даврига келиб, “Фундаментализм” деб аталмиш айб йўқ ердан бор қилинди ҳамда бечора ўзбек халқи бошига яна бало ёғилди. Бунинг натижасида, хорижий мухбирларнинг келтирган маьлумотларига қараганда, кейинги вақтларда 40-60 минг киши мана шу тўқима айб билан айбланиб, қамоққа ташланган.
30-50-йилларда қамоққа ташланганларнинг бирортасидан хотира, эсдалик қолдими?! Ўша вақтларда қамалиб, кейинчалик қутулиб чиқишга муваффақ бўлган бир-икки зиёли ҳам хотира қолдирмай, дунёдан кўз юмиб кетди.
Ҳозирги нео-коммунистик тузумда халқимизнинг минг-минглаб ўқимишли, онгли, жаллодга бош эгмайдиган қисми қамоқхоналарга ташланяпти, топталяпти, майиб қилиняпти, ўлдириляпти. Бўлаётган воқеаларни ҳалол акс эттириш фақат шу кунги ёшларгагина эмас, балки келгуси авлод учун ҳам муҳимдир.
Яратилган бир-икки хотиралар муаллифлари асосан қамоқларга ташланган, айбсиз айбдорлар эди. Биз уларнинг оиласи аҳволини билмасдик, аксарият ҳолларда тасаввур ҳам қила олмасдик.
ЭРК саҳифаларида чоп қилина бошланган ҚУРБОНОЙ КАМОЛ қизининг “ҚУЁШ КУЛМАГАН БАҲОР” номли хотиралари мана шу етишмовчиликни тўлдирган ажойиб ҳужжатли бир қиссадир.
Бирор мунавварга қарши қаратилган зулм ҳамиша икки томонлама бўлади. Биринчидан, ўша мунаввар фаолияти, ҳаётига қарши қаратилади. Иккинчидан, шу машҳур фуқаронинг оиласига қарши йўналтирилади. Бирор қамалган киши ҳақида сўз юритилганида, кўпинча шу киши кўрган жабр-зулмлар хусусида гап кетади-ю, унинг оиласи, бола-чақалари ҳақида бир оғиз сўз билан кифояланади. Аслида Шўролар ҳужумни ҳамиша бир вақтда икки томонлама олиб борганлар. Бир вақтнинг ўзида қамалган кишининг оиласига ҳам турли йўллар билан тазйиқ қилганлар, зулм ўтказганлар. Кейинги пайтларда И. Каримов режими ҳеч бир айбсиз қамалган кишиларнинг оиласи, бола-чақасидан ташқари яна унинг қариндош-уруғларига ҳам тазйиқ ўтказмоқда, ака-укаларини ҳам ноҳақ турмаларга ташламоқда.
Сафар Бекжоннинг турмуш ўртоғи бўлган Қурбоной Камол қизи хотираларини ўқиган хар бир киши бунга амин бўлади.
Сафар Бекжон ва Қурбоной Камол қизи хотиралари бир китобда қайта нашр қилинса, бир фожеанинг икки томони бир ерда аниқ тасвирлаб берилган бўларди. И. Каримов бошлиқ нео-коммунистлар ўзбек халқини қандай мудҳиш йўллар билан мавҳ этаётганлигини китобхон тўла тушуниб етарди.
Сафар Бекжон ва Қурбоной Камол қизининг хотиралари - бу ҳукмдир. Бизнинг она-Юртимизда ҳокимлик қилаётган шу кунги режим устидан чиқарилган ҳукмдир. Оллоҳга сиғинадиган меҳнаткаш фуқароларни таьқиб этадиган, зиё аҳлининг қаддини букиб, манқурт куйига соладиган, қамоқхоналарининг кўпайиши билан мақтанадиган, ҳар бир меҳнаткаш фуқаро ортидан бир неча миршабни айғоқчи қилиб қўйган, ерли халқ учун бегона бўлган режим устидан чиқарилган ҳукмдир…
Шу сўзларни ёзиб турган вақтимда ИНТЕРНЕТ сахифаларида машҳур ўзбек адиби, узоқ йиллардан бери ҳеч бир айбсиз И. Каримов зиндонларида азоб чекаётган МАМАДАЛИ МАҲМУДОВнинг қамоқхонадан йўллаган хати ўзбек, инглиз, турк тилларида эьлон қилиниб қолди. Бу хатдаги ушбу сўзлар менинг эьтиборимни ўзига жалб этди:
“Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кўргилик бу! Кечмиш кечмиш бўлиб, бундай … [кўргиликни] кўрмаган. Ёвузлик, зулмнинг энг сўнгги ҳадлари… Миллионлар… миллионлар адоғи! Мен ўз кўзим билан кўрдим барини. Ўзимнинг игналар санчилган, михлар қоқилган, куйдирилган, мажақланган танамда ўтказдим барини. Сўкиш, таҳқирлар… Чексиз таҳқирлар. Булар бари дахшат!.. Ўлим қоплари кийдирилгандан сўнг, қийноқлар олдида ўлим ҳалво бўлиб қолди… Руҳни синдира олмайди. Руҳ унга қарши миллион қатла қайралади. Ўлим гўзал… Буни ёзяпман, қўрқяпман, шошяпман.
Ҳар қадамда айғоқчи… 20 кг озиб кетган эдим. Юз марталаб хушсиз йиқилдим. Ўлди деб ўйлашган эди.
Тангрига шукур, тирикман… Мен сизга юз варақ ёзмоқчи эдим. Имконият бўғилган, кўзлар боғланган, тиллар боғланган. Дўстим бизга - йўқликка ёрдам беринг. Аҳвол сўнгги нуқтада.
Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон).
11 ноябр 2000 йил”.
Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг бу ёзганлари И. Каримов қамоқхоналаридан олиб борилган репортажнинг ўзидир. У бизга кўп нарсани ўргатади. Биз ҳаракат қилмасдан, кимдандир ё нимадандир кўмак кутиб ўтирмаслигимиз, балки ҳаракат қилишимиз, миллатимиз ёғийлари олиб бораётган зулм тарихини Муҳаммад Солиҳ, Сафар Бекжон, Қурбоной Камол қизи, Мамадали Маҳмудовларга ўхшаб ўзимиз яратишимиз лозим бўлади. Ҳақиқий тарихни фақат Ҳаққа ишонувчилар ярата олиши мумкин. Муҳаммад Солиҳ, Сафар Бекжон, Қурбоной Камол қизи ва Мамадали Махмудовларнинг ёзганлари тарихий ва ҳаққоний ҳужжатдир; халқимизнинг барча қатламига таниш бўлган “ГУЛАГ АРХИПЕЛАГИ”НИНГ ЎЗБЕКИСТОН ДЕБ АТАЛМИШ ОРОЛИдан олиб кўрсатилган ҳаққоний лавҳадир.
Бу ҳужжатлар билан танишган ҳар бир китобхон қандай яшаш керак эмаслигини билиб олади ва шунингдек, Туркистон тупроғида ХХII асрда ҳам Сталин ва Берия шогирдлари фаолият олиб бораётганликларидан хабардор бўлади.
23.01.2001
Хайрулла Х. Исматулла,
Индиана университети
Марказий Евра-Осиё Тадқиқотлари бўлими
Блоомингтон, АҚШ
*****
Бу китобни дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган дўстларим– исмсиз қаҳрамонларга, шу жумладан, мен ҳибсда эканлигимда сарсон-саргардон югурган рафиқам Қурбонойга бағишлайман.
Сўзбоши
Ба китобда саргузаштга ўхшаган воқеалар бор, аммо бу саргузашт романи эмас, менинг бошимдан кечирганларимдир. Китоб парча-парча, ҳар хил ерларда ёзилди. Лекин унинг асосий қисми Ўзбекистон жазо колонияларида 1993-1996 йилларда қоғозга тушган. Таҳрири ва баъзи қўшимчалар озодликка чиққанимдан кейин қилинди.
Ҳеч бир нарсани ўйлаб чиқармадим, ҳатто бу ерда тилга олинган кишиларнинг исми-шарифини ҳам ўзгартирмадим. Шунинг учун жуда кўп одамлар мендан хафа бўлиши мумкин. Начора-ки, бу китобни ёзишдан мақсадим, бировни хурсанд ёки хафа қилишдан муҳимроқ сабабларга асосланган.
Ўзбекистонда бугун халк тоталитар режим исканжасида азоб чекаяпти. Бу азобни ўз ҳатти-ҳаракати билан енгиллаштиришга интилаётган инсонлар бор, бу китоб уларга далда бериш, кун келиб, уларнинг бу заҳмати муносиб баҳоланишини эслатиш учун ёзилди. Бошқа тарафдан, тоталитар режимга ўз ҳатти-ҳаракатлари ва фикри билан ёрдам бераётганлар бор. Менинг фикримча, улар ҳам ўз қилмишига лойиқ муомила кўришлари керак. Улар билишлари керак-ки, хиёнат кечирилиши мумкин, аммо ҳеч қачон унутилмайди.
Сизга бу иккита сабаб китоб ёзиш учун етарли кўринмаслиги мумкин. Балким, китоблар муҳимроқ мақсадларни кўзлаб ёзилар. Аммо Ўзбекистондаги золимларга қарши курашда кимнинг ким эканлигини айтиш мен учун энг муҳим ишдир.
Муаллиф.
****
Биринчи боб
Минг тўккиз юз тўқсон учинчи йилнинг йигирма еттинчи сентябри. Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги* қамоқхонаси. Бу қамоқхона 1976 йилда қурилган, қурилишни ўша пайтдаги вазир Ҳайдар Яҳёев шахсан назорат қилиб турган. Тақдир тақозоси билан 1984 йилда ўша (ер остида, 12 метрлик чуқурликда жойлашган) қамоқхонада унинг ўзи ҳам бир неча йил ўтирган. Бу қамоқхонанинг йигирмата камерасидан иккитаси бир кишилик, иккитаси икки кишилик, қолганлари тўрт ва ўн кишига мўлжалланган.
Иккинчи камерада икки ой ёлғиз ўтириб, зерикканимдан шикоят аризаси ёзишни машқ қилардим. Бунинг бефойдалигини билсам-да, ёзишдан тўхтамасдим. Бу менга ҳеч нарса қилмай ўтиришдан яхшироқ ва завқлироқ эди. Бу машғулотим қамокхона маъмурларини бездирди шекилли, бир куни темир эшикнинг дарчаси очилди ва навбатчи милиционернинг хўмрайган башараси кўринди:
-Ҳа, жанжалкаш, тирикмисан? Бугундан ээтиборан сени бошқа камерага кўчирамиз ва “прогулка”га (эрталабки 10 дақиқалик ёруғ дунёни кўрсатиш) чиқарамиз, тайёрланиб тур…
Орадан ярим соат ўтганда темир эшик очилиб, камерага иккита милиция ходими ва фуқаро кийимидаги бир киши кириб келишди. Фуқаро кийимлиси сўз қотди:
–Сафар Бекжон, мен сизнинг ҳийла-найрангларингизни биламан. Бизга сизнинг сиёсатингиз ёки қанақадир тангангиз керак эмас. Биз буйруқни бажарувчилармиз, бундан буён “ошқозоним-пошқозоним” деб тез ёрдам чақиртиролмайсиз. Дўхтирлар орқали дунёга жар солиб, ҳар хил ёзма баёнотлар тарқатишингиз фош бўлди. Сиз ҳеч қандай касал эмассиз. Тушундингизми?,- деб дўқ қилди у.
Қамокхоналарнинг ёзилмаган қонуни бўйича, маҳбус фақат эшитиб туриши керак. Гапириш, савол беришнинг оқибати ёмон бўлиши мумкин. Менинг албатта сўз қайтариш одатимни улар яхши билишади ва шунинг учун ҳам гапирадиган гапини айтиб, тезроқ жўнаб қолишга ҳаракат қилишади. Бу “меҳмон” ҳам шундай қилмокчи бўлди-ю, аммо мен бунинг олдини олиб:
–Гражданин началник, намунча қўрқмасангиз, кимлигингизни ҳам айтолмайсизми?,- дедим.
–Тинмай устимдан ёзаяпсан-у, яна кимлигимни сўрайсан. Ёки бизнинг устимиздан кулмоқчимисан?! Мен шу қамоқхонанинг бошлиғи Шуҳрат аканг бўламан!,- деди ўдағайлаб.
Бу кимса қўл остидаги ходимлари олдида ўзини кўрсатиш учун менга пўписа қилаётгани яққол сезилиб турарди. У орқасига ўгирилиб, бақрайиб турган ходимларининг бирига буйруқ берди: “Ўн биринчи камерага ўтказилсин!”. “Хўп бўлади ўртоқ полковник!”, дея жавоб қайтарди милиционер.
Хуллас, 11-чи камеранинг эшигини очиб ичкари киритишмагунча, ёлғизликдан кутулганимдан хурсанд эдим.
Янги камерага олиб келишди. Орқамга қараб улгурмай, эшик шарақ-шуруқ ёпилди. Қамоқхона дахлизидаги ёруғликдан кўзим қамашиб, ғира-шира қоронғиликка кўниколмай, бироз туриб колдим. Кейин бу янги “даргоҳ”ни кўздан кечира бошладим. Не кўз билан кўрай-ки, дунёда мендан бошқа қамалмагандай, бу камеранинг олтита ўрни ҳам бўм-бўш эди. Бироқ, шунга ҳам шукр қилишга тўғри келди. Ҳарқалай, икки ойлик аризабозликдан кейин, озгина бўлса-да, натижа бор: олдинги камера энига бир ярим метр, бўйига икки ярим бўлса, буниси энига уч, бўйи ҳам анчагина бор эди. Демак, “тасовка” (чарчагунча юриб туриш) имкони бор. Олти томони ҳам бетон ва намлик бўлган жойда кўзғалмасдан ётиш касалликка олиб келиши аниқ…
Орадан ярим соат ўтиб-ўтмай, камера эшиги яна очилди ва остонада ўзбек тилида қанчалик мукаммал гапирмасин, қозоклиги юзига битилган қамоқхона навбатчилари бошлиғи, милиция капитани пайдо бўлди.
Бу кишини танирдим, у навбатчилар ичида энг яхшиси эди. Мен тез ёрдамни шу киши навбатчи бўлганида чақиртирардим, чунки бу одам бир-икки дақиқа бўлса-да, дўхтир билан ёлғиз қолишимни “уюштирар” эди. Бундан фойдаланиб, дўхтирга фалон-фалон рақамли телефонга қўнғироқ қилишини ва ўз аҳволим тўғрисида билдиришини илтимос қилардим. Кейинчалик маълум бёлишича, бундай усул ўз натижасини берган: Бир ойдан ортиқ менинг қайси қамокхонада эканлигимни аниқлай олмаган оилам ва дўстларим мендан хабар топишган. Иш қилиб, у қозоқ милиционернинг ўзи билиб ёки билмай менга қилган яхшилиги учун Оллоҳ уни ёрлақасин.
– Қани, сиёсатчи, чиқинг-чи, қамоқхона ҳукумати билан учрашасиз.
– Қамоқхонада ҳам ҳукумат тузилганми?, –дедим мен.
– Бу ерда саволни биз берамиз, тезда тўшагингни йиғиштир,– деди капитан.
Агар темир эшикларни ҳисобга олмаса, қамоқхонага ўхшамайдиган даҳлиздан тепасига 18 рақами ёзиб қўйилган камера олдига келдик. Дахлизда бошдан -оёқ йўлак гилами тўшалган. Бу гилам навбатчиларнинг оёқ саслари чиқмаслиги учун хизмат қилади. Чунки қоровуллар бориб-келаркан, ҳар бир камеранинг дарчасидан камера ичкарисига қараши ва маҳбусларнинг нима қилишаётганини доимо кузатиб туриши керак. Шу мақсадда даҳлизга ҳар хил аппаратуралар ҳам ўрнатилган.
18-чи камеранинг эшигини очишди ва мен кирар - кирмас, эшик шарақлаб ёпилди. Эшик тепасида ёниб турган кичкина лампочканинг сўник нурларида бурчакда ўтирган иккита одамни зўрға кўрдим. Улар билан саломлашдим. “Салом, мужик”, деди “шкон- ка”да (темир каравот) ўтиргани. Иккинчиси эса унинг олдида тиз чўкиб, бошини эккан ҳолда, “қилт” этмай ўтирарди.
Ўралган тўшакни қўлтиғимда тутганча, камера ўртасида туриб қолдим. Чўкка тушиб, бошини кундага қўйган одамларни фақат киноларда кўргандим. Бу ерда айни манзаранинг гувоҳи бёлиб турибман. Фақат, жаллоднинг қиличи ва ниқоби йўқ, холос. Кунда вазифасини темир ўриндиқ бажараяпти…
–Мужик, нега анқайиб қолдинг, томоша ҳали бошлангани йўқ. Хоҳлаган бўш шконкага жойлашишинг мумкин. “Ментовский свидетел”* нимадан қўрқади?– деди яна каравотда ўтиргани.
–Оғайни, мен сенга ментовский-пентовский эмасман, мен сиёсий сабаблар билан қамалганман,– дедим жаҳлим чиқиб.
–Мужик, бу ер сенга кўча эмас, “оғайни” кўчада бўлади. Бу ерда “мужиклар” ёки “братва”лар* дейилади. Мени танидингми? Мен Ёдгор Аъзамхўжаев бўламан. Бу ерда ҳам, кўчада ҳам “братан Ёдгор” дейишади. Мени яна “вор в законе”* деб ҳам аташади, балки эшитгандирсан? Энди ўзларидан сўрасак?
–Исмим Сафар,–деб энди сўз бошлагандим, тиз чўкиб ўтирган одам сакраб туриб қочди ва эшикни жон-жаҳди билан уриб, бақира бошлади. “Дежурний, дежурний, эшикни очларинг!”…
Сал товуш чиқса, доим чопиб келадиган навбатчилардан биронтаси бу бақираётган одам фарёдини эшитмади. Ёдгор ўрнидан туриб, бақираётганнинг ёнига кела бошлаганди, у менинг орқамга ўтиб олди ва бор овози билан ўкириб йиғлай бошлади.
–Дод-фарёд қилма, эшик очилмайди. Сенинг ўлиминг мана бу одамга ҳам “вишок” (олий жазо) берилиши учун керак. “Вор в законе” билан сиёсатчи сенга ўхшаган битта пашшанинг ўлими учун отилиши керак. Ўкирма аблаҳ, бунақа жойинга мени Каримовинг ҳам жўната олмайди. Сен билан Тоштурмада* ҳисоблашамиз!,– деди Ёдгор бақириб.
Мен ҳеч нарсага тушунмай, мени ўзига қалқон қилиб олган одамнинг қалтирашидан каловланиб қолдим. Ёдгор эшик ёнига келиб, “Алматов*, ол бунингни, ўйнасанг тузукрок ўйна! Биламан, кабинетингда ётирибсан, нима бўлишини кутаяпсан! Бемалол эълон қилдиришинг мумкин “Ёдгор “трепилосини”* аяди деб!”,–дея қичқирди. Даҳлизда сирена чалиниб, югурган одамлар оёқ товушлари эшитилди ва биз турган камеранинг эшиги очилди. Иккита милиционер камерага кириб, мени пана қилиб олган одамни олиб чиқишди. Чиқиб кетаётганларида, Ёдгор уларга:
–Зокирга айтларинг, асабимни бузмасин, зоналарни оёққа турғазаман! Менга келтириладиган озиқ-овқат, сигаретларни ушлаб ўтирмасин!,–дея қичқирди. Навбатчи менга қараб, тишини ғижирлатди ва секин эшикни беркитди.
–Катта, қамоқда ўтириш ҳам кичкина сиёсат эмас. Мана, мен 14 ёшимдан бери қамоқдаман. 26 ёшда кўчага чикдим, “Вор в законе” тожини кийгизишганидан салгина ўтмай, яна қамашди. Тож кийиш маросимида Ўзбекистоннинг энг машҳур кишилари тўй ошига келишган. 17-та машина совғага келди. Москва, Грузия ва ҳатто Италиядан меҳмонлар келишди. Одессанинг машҳур ўғрилари уч кун хизматда туришди… Ҳозирги кўрганларингизни сизга тушунтириб берай, бу сизга бир дарс бўлсин. Темир дарвозадан ичкарида бизнинг ҳокимиятимиз бошланади. Бу ҳокимият ҳар қандай сиёсатга қарши бўлиб келган. Ўзини “демократ” деб атаётганларга ҳам, сизнингча айтганда, мухолифмиз…
Шу пайт эшик очилди ва қоғоз халтача узатишди. Ёдгор, ҳеч нарса бўлмагандай, халтачани темир стол устига қўйиб, гапини давом эттирди:
–Сизни бу камерага олиб киришларидан 10-15 дақиқа олдин бу ерга “Вор в законе”ликка даъвогар Олмоснинг энг яқин одамини киритишди. Сиз уни кўрдингиз. Олмос менинг душманим. Тошкентни расво қилган ўғрибачча. Бу одам эса, судда менга қарши кўрсатма берган. Ўғрилар қонуни бўйича, мен уни ўлдиришим керак эди. Сизни бу ерга олиб киришларидан мақсад, биринчидан, сиз бу қотилликка гувоҳ бўлишингиз керак эди. Турма қонунлари бўйича ўғрига қарши гувоҳлик бериш эса, ўзини ўлимга ҳукм қилиш деганидир. Яъни, бир тош билан ҳам мени, ҳам сизни уришмоқчи. Мен уни ўлдирмадим, буни ҳали Тоштурмада топиб оламан ёки ҳар қандай “зонада”* менинг одамларим уни албатта топиб олишади. “Трепилосини ўлдирмабди”, деб обрўйимни туширишга ҳаракат қилишлари турган гап, аммо бу вақтинчалик. Сиёсатчи билан бир “дело”да* бўлиш менинг келажагимни барбод қилган бўларди. Билиб қўйинг, сизга раҳм қилиб бу ишни қилмадим, деб алдашни истамайман. 12 йиллик қамоқ пайтида сизга ўхшаган сиёсатчилар билан ҳам ўтирганман. Рейхстагга байроқ тикишда қатнашган Власов, Кантария, Эсинбоевни эшитгансиз. Эсинбоевнинг ўғли Алберт мен билан ўтирган. У СССРни таркатиш дастурини ишлаб чиққан одам. Камерада ўтириб, қайтадан ёзиб чиқди. Бу қоғозларни кўчага чиқаришда ўзим ёрдам берганман. Уни Олма-Отада бир-нечта одамни ўлдирганликда айблашди. МГУ- нинг ҳуқуқ факултетини тамомлаган. Бунақа одамни сохта айблов билан судлаш осон эмас. Уч марта суди бузилди. Алберт ҳар судида Ленинни қотил ва жаллод деб маъруза қиларди. Олдин камерада бизга ўқиб берарди ва нотиқликни машқ қиларди. Охири отаси (Совет Иттифоқи қаҳрамони) ва онаси (СССР халқ ўкитувчиси) ёзма равишда Албертдан воз кечишди. 1984 йилда олий жазога ҳукм қилинди ва ҳукм ижро этилди…
Ёдгор бу гапларни гапираркан, ўзини сиёсатдан ҳам хабари бор одам қилиб кўрсатишга ҳаракат қиларди.
–Ҳозирги сиёсат билан у пайтдаги сиёсат фарқ қилади,– дедим мен.
–Ҳозирги сиёсатни бир пасдан кейин гаплашамиз,–деб, қоғоз халтачани оча бошлади у. Беш-олти кути “Марлборо” сигарети, сариёғ, колбаса, ҳар хил шоколадлар, тандир нонлари ва уч-тўртта тандир сомсасини темир стол устига ёйиб қўйди. Сомсаларни битта-биттадан оча бошлаганидан, ниманидир излаётгани кўриниб турарди. Излаганини топди шекилли, юзи ёришди, қўлида кичик пиёз пайдо бўлди. Пиёзни ёрди, ичида целлофанга ўроғлик бир нарсани суғириб олиб, ичини очди. Оппоқ, унга ўхшаган нарса экан, ҳидлай бошлади ва ҳидлаган сари елкасини қисиб юрадиган одам қаддини кўтара бошлади. Юзидаги асабийлик кетиб, кулимсираш пайдо бёлди. Шунда мен бу йигитнинг бўйи баландлигини, елкалари кенг, бир пайтлар спорт билан шуғулланган, ҳали юзида ёшлик аломатларининг сўнмаганлигини кўрдим. У кокаин ҳидлар эди.
–Дастурхонга марҳамат. Тошкентча ёлғон такаллуфни кўчада қолдиринг. Мана бу майда-чуйдалардан бемалол олаверинг. Мен Зокир Алматовнинг “марҳаматидан” тотиб кўраяпман. Жиноятчилик дунёсидан кетаётганларни наркотикка ўргатиш тузоғига мен ҳам тушиб бўлганман. Бу усулни ҳам Москвада ўтирган калбошлар ишлаб чиқишган. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг, ўзимизнинг Ўзбекистон калбошилари ҳам етарли. Бу тузоққа мухолифатчиларни ҳам туширишлари мумкин.
–Мен бу тузоқдан хатлаб ўтдим. Бир ойча ўшанақа камерада сақлашди. Тоштурманинг 1-чи ертўласидаги 003-8-чи камера шунақа жой экан. Камерада “қулоқлар”* бор эди. Улар охири бошимга кулдон билан уришди ва жанжалдан кейин яна бу ерга олиб келишган,– дедим.
–Мен сиз тўғрингизда газетадан ўқидим ва умуман, сизлар тўғрингизда етарли маълумотга эгаман. 6-чи камерада Улуғбек Каттабеков* деган чинозлик одам ўтирибди. Ўша киши гапириб берди. Демократлар содда бўлишаркан. Қамоқхоналардаги ўйинларни коммунистлар яхши билишади. Улар ҳатто ўз отасига ишонишмайди бу ерда.
– Оллоҳга ишонмайди-ку улар,– дедим мен.
–Гап Оллоҳга ишонишда эмас,–деб гапида давом этди Ёдгор,–гап инсонга ишонишда. Масалан, мен Оллоҳга инонмайман. Кимдандир ёки нимадандир қўрққан одам ўғри бўлолмайди. Коммунистлар ҳам ҳеч нарсадан қўрқишмайди. Оллоҳ ҳам ўзлари, қонун ҳам. Шунинг учун ҳам улар қамоқхоналарда оғзига қатиқ солиб олишади. Кейинги пайтларда қамокхоналарда “демократлар” пайдо бўла бошлашди. Уларнинг соддаликларини қаранг-ки, биринчи учраган камерадошига ўз дардини тўкиб солишади.
–Бизнинг бировдан яширадиган сиримиз бўлмаган, нимани ҳам гапиришарди,– дедим.
–Масалан, шу қамоқхонада Тигран демократладан Улуғбекни олайлик: Камерада тўртта маҳбус ўтирибмиз. Шулардан ҳеч бўлмаганда биттаси “қулоқ” бўлиши аник. Ҳар бир оғиз гапингизни етказади ёки микрофон ўрнатилган. Сизни саволлар бериб гапиртиришга ҳаракат қилади. Ҳозир ҳам бизни эшитиб ўтиришибди, лекин бу гапларнинг уларга қизиғи йўқ. Улуғбек эса, Самандар Қўқоновни* сўкиб, Муҳаммад Солиҳнинг касофатига қолдик, деб йиғлайди. Турма қонуни бўйича, бировнинг касофати билан қамалдим, дейилмайди. Қамалсанг, ўзинг айбдорсан. ҳеч кимни орқангдан судраб кирма! Улуғбек дегани биров сўраса ҳам, сўрамаса ҳам гапиравериб, жонга тегди. Оғзига бир ургандим, тушунди шекилли, бошқа гапирмади…
–Сизлар ўзларингизга ҳам бир қарасанглар яхши бўларди. Ўзбекистон рекэтчилар, машина ўғрилари уясига айланиб кетди-ку. Арзимайдиган нарсаларга одам ўлдириш, отишмалар уюштириш, талончилик қилиш оддий ҳолга айланди. Бундай ҳолда ҳокимият жиноятчиликка қарши уруш эълон қилиши нормал эмасми? Бунга ўзларинг сабабчисизлар,– дедим.
–Аслида Горбачёвни ағдариш ва жамоатчиликка уни ёмон кўрсатиш учун унинг атрофидагилар сохта жиноятчилик дунёсини ташкил қилишди. Давлатда қатиққўллик ўрнатиш учун жиноятчиликка қарши кураш баҳона, холос.
–Ўғрилар инсонпарвар демоқчимисиз?,–дея савол бердим мен.
–Ўғрисиз давлат ёки тузум бўлмайди, улар ҳар доим бўлган ва бўлаверади. Ҳокимият бизга қарши курашаверсин, лекин ўзи чиқарган қонунларга асослансин, туҳмат қилмасин. Тошкентдаги жиноятчи гуруҳлар ИИВ томонидан бошқарилади ва шу йўл билан “доля”ларини (улуш) олишади. Ҳозир уларда бошқа имкониятлар пайдо бўлди, яъни, шу йўл билан йиғилган қора пулларни ширкатлар очиб, қонунийлаштириб олишаяпти.
–Ёдгор, бу гапларингизни эшитиб ўтиришган бўлишса, оқибати ёмон бўлмайдими?,– деб сўрадим.
–Эшитиб ўтиришгани учун ҳам гапираяпман. Бизни битта камерада сақлаш мумкин эмас. Агар шундай фош қилаверсам, мени ёки сизни бу ердан олиб чиқишади,– деди Ёдгор.
–Менинг фикримча, юқоридагилар бошқа бир ўйин тайёрлашаяпти. Мен бунга қарши сиёсий очлик бошлайман,– дедим.
–Зокирнинг жони чиқиб рухсат берган мана буларни еб бўлайлик, эрталабдан очлик тўғрисида ариза ёзамиз,–деб, столдаги нарсаларни кўрсатди Ёдгор.
Эртаси куни камерадаги қолган ейимлик нарсаларни навбатчига топширдик. Мен сиёсий талаблар, Ёдгор эса, жиноий иши бёйича талаблар ёзилган аризаларни турма мамуриятига бердик. Шундай қилиб, очликнинг биринчи куни бошланди.
Ўзбекистонда сиёсий очлик қилиш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги биринчи маълумотларни Қрим татарларидан ўрганган эдим. Қрим татарларининг йўлбошчиси Мустафо Жамилов хотираларини ўқигандим. Қамоқхоналардаги аҳвол ҳақида ва у киши ўтказган сиёсий очликлар тўғрисидаги қўлёзмалар 1984 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти Қрим-татар факултети талабалари ўтказган сиёсий очлик пайтида қўлимга тушган эди. Ўша пайтда шу институтнинг ўзбек филологияси факултетида кечқурун ўқиб, кундузи “Ўзбекистон” нашриётида ишлардим. “Ўзбекистон” нашриёти сиёсий нашриёт бўлгани учун, унинг гувоҳномаси билан ҳатто ЎзКПМК* га ҳам кириш мумкин эди. Қрим-татар факултети талабалари факултетнинг ёпилиши тўғрисидаги ЎзКПМКнинг қарорига қарши сиёсий очлик қилишаётганди. Факултет Глинка кўчасидаги 4 қаватли бинонинг 4-чи қаватида жойлашганди, талабалар ўша ердаги хоналардан бирига кириб олиб, ичидан беркитишган ва олтитаси деразадан сакрашга доим тайёр ҳолда туришганди.
Кечкурун институтга ўқишга келдим. Бизнинг факултет ҳам милиционерлар билан ўраб олинган, “ўқиш бўлмайди” деб, ҳаммани қайтаришаяпти. Қизил гувоҳномадан фойдаланиб, милиция қуршовидан ўтиб олдим ва факултет эшиги олдигача бордим. Эшик олдида бир ўрам қоғоз ётган экан. Мен уларни олиб, сумкамга солдим ва ичкарига кирдим. Даҳлизда домлалардан бири қўлимдан тортди ва “бу ердан тезроқ кетинг, рўйхатга тушасиз”, деди. Домла билан биргаликда факултетдан чиқдик. Уйга келиб, қоғозларни кўздан кечириб чиқдим ва Қрим татарлари жасоратига қойил қолдим.
Ўшанда ҳокимиятнинг сиёсий очликдан ҳадиксирашини кўрганман. Умуман, қамоқхоналар ҳақидаги тасаввурим бобом гапириб берган эсдаликлардан бошланган эди.
(Давоми бор)

November 21st, 2008 at 11:28 pm
Safar akaga 1-2 savol bor edi:
1- Mani bilishimcha UZb da Yodgor degan “vor” bumagan? Qattan chiqdi?
2- Vorobskoy zakon buyicha, vorlarga gera istemol qilish taqiqlanadi? Sizni Yodgor busa…
3- Vorlar, ochlik elon qilish va shukabi “siyosiy” usullarni qullamaydi, bu ular uchun zapadlo?
November 21st, 2008 at 11:37 pm
yaxshi yozilgan
November 22nd, 2008 at 2:07 am
Думаю это дорогого стоит
November 22nd, 2008 at 9:05 am
Агар бутун Тоштурма Ёдгорни вор деган булсачи.
Ёдгор очлик-мочлик килган демадим, агар битта камерада утирган одам, камалишини протесто килиб очлик килса вор маишат килиб утиролмайди…..
Кискаси бутун саволларга китоб тула эълон килинганидан кейин жавоб бераман. (анонимчилар билан тортишишга вактим йуклигини хам олдиндан эслатай)
November 22nd, 2008 at 6:54 pm
Неплохо, весьма неплохо. Хотя что то я уже слышала подобное. Но прочла с удовольствием. Спасибо
November 24th, 2008 at 6:17 am
Привет, всем! Хорошо написано, если б детальней конечно..
November 26th, 2008 at 8:24 am
Смешно до чёртиков. Или, боюсь, уж и не смешно, а жутко.
November 26th, 2008 at 8:25 am
Отличные примеры! Все-таки эта тема не бред, а довольно серьезная проблема нашего общества. И вряд ли есть возможность с ней бороться.
November 26th, 2008 at 5:18 pm
Еслиб немного поподробнее написано было, но в целом неплохо