Алишер Соипов ҳақида (узбек)

_44196878_saipov203.jpgЖасур ўзбек журналисти ўлдирилди

Наталья Антелава
Би-би-сининг Марказий Осиё бўйича мухбири

Алишер Соипов Қирғизистонда ҳаёти хавф остида эмаслигига ишонарди
Қирғизистонда таниқли журналист, “Америка овози” радиоси билан ҳамкорлик қилган ва ўзбек тилидаги “Сиёсат” рўзномасининг муҳаррири Алишер Соипов отиб ўлдирилган.
“Сиёсат” расмий Тошкентни танқид қилиб келган Марказий Осиёдаги ягона нашр эди.

Россия оммавий ахборот воситаларига кўра, “Сиёсат” газетасининг айрим сонлари Ўзбекистоннинг ичкарисида ҳам тарқатилган.

Ўзбекистоннинг расмий рўзномалари 26 ёшли Алишер Соиповни “ўзбек халқининг хоини” деб атаган.

Журналист Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида маҳаллий вақт бўйича соат 19 ларда отиб кетилган.

Соиповга ўтиб кетаётган автомобилдан уч марта ўқ отилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари қотиллик шоҳидларини сўроқ қилмоқда, бироқ ҳозирча тергов тафсилотлари ошкор этилмаяпти.

Алишер Соиповнинг “Америка овози”да эфирга узатилган репортажлари ва турли интернет саҳифаларида эълон қилинган мақолаларининг марказида доимо Ўзбекистон бўлган.

У дунёдаги энг репрессив режимлардан бўлган Президент Ислом Каримов режими бошқараётган мамлакатда юз бераётган ҳодисалар тўғрисида очиқ гапиришни ўзининг бурчи деб биларди.

Алишер Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар, тузумдан норози бўлганлар ҳамда Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқинларнинг таъқиб этилиши тўғрисида кўп маротаба ёзган.

Унинг танқидлари қирғиз расмийларини ҳам четлаб ўтмаганди.

Алишернинг таъбирида, улар Президент Каримов таъсирининг Ўзбекистон чегарасидан ташқарига ёйилишига имкон бериб қўйишган.

Ўтган икки йил давомида Алишер Соипов олиб борган тадқиқотлар этник ўзбеклар чегара оша тозалаш амалиётларининг нишони бўлганликлари ва хавфсизлик хизматлари ўнлаб сиёсий бошпана изловчи ва қочқинларнинг олиб қочилиши ортида турганликларини ошкор этишда ёрдам берганди.

У муҳаррирлик қилган “Сиёсат” газетасининг яқинда чиққан сонлари Президент Каримов қайта сайланиш илинжида бўлган декабр ойидаги сайловлар арафасидаги қўрқувларга оид мақолаларга тўла эди.

Отиб ўлдирилишидан икки кун аввал эса, Алишер дўстларига назарида ўзбек хавфсизлик хизмати ходимлари ортидан кузатиб юрганликларини айтган.

Бироқ у ҳар доим чегаранинг қирғиз томонида ҳаёти хавф остида эмаслигига ишонишини айтарди.

Қотиллар ким бўлишидан қатъи назар, улар Алишернинг адашганлигини исботлаб улгуришди.

ББС

****

Таниқли журналист Алишер Соипов отиб ўлдирилган

Кўпчилик Алишер Соиповнинг ўлими унинг журналистик фаолияти билан боғлиқлигига ишонади

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, Ўш шаҳрида таниқли журналист Алишер Соипов отиб ўлдирилган.
26 ёшли Алишер Соипов “Америка овози” радиосининг ўзбек бўлими ва бир қатор интернет хабар агентликларининг мухбири эди.

Ўш шаҳар милициясидан хабар қилишларича, фожеа маҳаллий вақт билан кечки соат 19.30 да рўй берган.

Воқеа шаҳар марказидаги кўчалардан бирида, “Озодлик” радиосининг идораси яқинида юз берган.

Айрим хабарларга кўра, журналистни пойлаб турган киши ўқотар қуролдан отиб кетган.

Бошқа хабарларда эса уни ўтиб кетаётган енгил автомобилдаги шахслар отиб ташлаганлари айтилади.

Маҳаллий милиция Алишер Соиповни таниган журналистлар билан суҳбатлар ўтказган, кўплаб ҳамкасблари қотилликни марҳумнинг профессионал фаолияти билан боғлайдилар.

Алишер Соипов “Фергана.ру” ахборот агентлиги, “Озодлик” радиосининг, Uznews.net. интернет саҳифасининг мухбири бўлган.

У Ўшдаги ўзбек тилида чоп этилаётган “Сиёсат” рўзномасининг асосчиси эди.

Алишер Соипов 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида танилган.

У маҳаллий журналистларга ўзига нисбатан таҳдидлар, таҳдид аломатлари бўлаётганини айтиб келган.

Алишер бир йил илгари уйланган, бир фарзанднинг отаси эди.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2007/10/071024_alisher_soipov_killed.shtml

****

Қирғизистон: Таниқли журналист Алишер Соипов ўлдириб кетилган

24.10.2007 20:07 msk
Фарғона.Ру

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожииун – Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз
(Қуръони Карим, Бақара сурасидан)

Бугун, 24 октябрь куни Ўш шаҳрида маҳаллий вақт билан соат 19:30 ларда аввал “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган таниқли журналист Алишер Соипов ўлдириб кетилган.

Мудҳиш жиноят Ўшдаги Маиший хизмат уйи атрофида содир бўлган. Жиноят содир этилган жой яқинида бўлган ўткинчилар Алишер кўчанинг ўзида тўппонча ёки автоматдан отилган учта ўқ билан ўлдирилганини маълум қилганлар.

Қотиллик содир этилган пайтда А. Соиповнинг ёнида Қирғизистондаги таниқли сиёсатшунос Иқбол Мирсаидов бўлган. Ҳозир у Қирғизистон давлат хавфсизлиги қўмитасининг маҳаллий бошқармасида. И. Мирсаидов жароҳат олмаган, аммо ҳуши бошидан учаёзган.

2007 йилнинг 4 сентябрь куни Алишер Соипов 26 ёшга кирганди. Ўзининг қисқа, аммо фаол ҳаётининг турли даврларида А. Соипов “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилганди, агентлигимизнинг минтақавий ҳамкори ўлароқ фаолият юритганди. “Америка Овози”, “Озодлик” радиоларининг мухбири бўлиб ишлаганди. Сўнгги пайтларда Қирғизистон жанубида бирданига оммабоп бўлиб кетган “Сиёсат” газетасига ноширлик қилаётганди.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги таҳририяти, Алишернинг барча ёр-дўстлари ва танишлари марҳумнинг ота-онаси, рафиқаси ва қариндошларига чуқур таъзия изҳор қилиб, уларга ҳамдардлик билдиради.

http://uzbek.ferghana.ru/news.php?id=5034&mode=snews&PHPSESSID=a485c4b9859e942204646e75182b83d3

*****

Журналист Алишер Сойипов ўлдириб кетилган

October 24th, 2007

Бугун, 24 октябрь куни Ўш вақти билан соат 19:30 ларда Қирғизистонлик таниқли ўзбек журналисти, ҳамкасбимиз, ажойиб инсон Алишер Сойипов ўлдириб кетилган. “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг хабар беришича бу “мудҳиш жиноят Ўшдаги Маиший хизмат уйи атрофида содир бўлган. Жиноят содир этилган жой яқинида бўлган ўткинчилар Алишер кўчанинг ўзида тўппонча ёки автоматдан отилган учта ўқ билан ўлдирилганини маълум қилганлар”.
Маълумотларга қараганда қотиллик содир этилган пайтда А. Соиповнинг ёнида Қирғизистондаги таниқли сиёсатшунос Иқбол Мирсаидов бўлган. Иқбол Мирсаидов айни пайтда Қирғизистон давлат хавфсизлиги қўмитасининг маҳаллий бошқармасига олиб кетилган. У жароҳат олмаган, карахт аҳволда эканлиги айтилмоқда.

Алишер Соипов олдин “Озодлик”, “Америка овози” радиоларининг ўзбек бўлимлари билан ҳамкорлик қилган. Кейинги йилларда “Фарғона.ру” Ахброт Агентлигининг минтақадаги мувофиқлаштирувчиси ўлароқ ишлаган эди.

Алишер ёш бўлишига қарамай жуда кўп ишларни қилишга улгурди. “Сиёсат” номли мустақил газета ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди. Бу газета Фарғона водийсида жуда оммалашиб кетганди.

Шу йилнинг 4 сентябрь куни Алишер Соипов 26 ёшга тўлганди.

Марҳум дўстимиздан яқинда дунёга келган Зулайҳо номли қизалоқ ёдгор бўлиб қолди.

Алишер Сойиповни қотиллари ким? Ўзбек журналисти ҳаётига суиқасд қилиш кимга керак бўлиб қолди?

Ишонамизки, ўзбек журналистининг қотиллари албатта топилади. Қотиллик буюртмачилари ҳам ошкор этилади. Бутун дунё ҳамжамияти бу қотилликка томошабин бўлиб турмайди.

“Янги Дунё” таҳририяти, Алишернинг хорижда яшаётган барча ёр-дўстлари ва танишлари марҳумнинг ота-онаси, умр йўлдоши ва қариндошларига чуқур таъзия изҳор қилади.

Жойингиз жаннатда бўлсин Алишер!

http://yangidunyo.com/

*****

Кичик “Андижон”

Каримов сайлов тайёргарлигига қонли бошлади.. Бугун оқшом, таниқли журналист Алишер Соипов отиб ўлдирилди. Бу қотил Каримовнинг сайловолди тайёргарлиги эди.

Доим шу андиша билан яшардик: ҳар сайлов олдидан Ўзбекистон қонга буланади. Бу сафар яна нима рўй бераркан десак, қон Ўзбекистонда эмас, қўшни ватан - Қиргизистонда тўкилди, ўзбек қони… Яна ўзбекнинг қонини токди ўзбекнинг қотили!

10 кунча аввал шаҳид укамиз ўрта шарқ давлатларидан брида қочоқ мақомида яшаётган ҳамюртларимизнинг ҳол-аҳволини ўрганиб келишга борган, бу зиёрат туфайли улардан анчаси муаммоларига ечим топган эди. 3 ой бурун туғилган фарзандини атиги уч марта кўра олганини айтиб куюнганди ўшанда, фаолиятларининг тиғислигидан Алишер…

Алишер ҳақида кўплаб қоралаш кампаняси юргизаётганди қотил Каримов. Уларни, агар шошилинч равишда ўз манфур сайтларидан ўчириб ташлашмаса, интернетдан излаб ўқиб кўришингиз мумкин. Бу қоралаш кампанялари доирасида уни мухолифатга ёрдам бераётган ватан хоини, сотқин, Каримов режими душмани деб эълон қилаётган эди ТВ-ларга чиқиб қотилнинг ялоқхўрлари. Алишерни бадном қилишга уринишар, Каримовнинг буйруғини бажо келтиришарди режимнинг итваччалари…

Бугун ҳам шундай бўлди, итваччалар яна - бу сафар сўз билан эмас, қалам билан эмас, ўқ билан, қурол билан ташланишди Алишернинг устига. Аввал қон томган тиллари сайраган, унга қарши қаламларидан қон оққан бўлса, бу сафар қуроллари қон қусди Алишерга. Бу сафар газета саҳифасида эмас, телевизор экранида эмас, кўчада ҳисоблашидлар унинг билан.

Яна ютиб чиқди Бош қотил! Яна унинг айтгани бўлди! Яна ютди, чунки, аввал рангли (қонсиз) инқилоблар тўлқини Қафқаслардан Туркистонга қараб келаётганинидан саросимага тушиб қолган хақимиз қотиллари, қотилбоши бошчилигида мудҳиш план тузиб, Андижонда халқни тутдай тўкканди. Мақсад: ёпирилиб келаётган иҳтилолларни Ўзбекистонга киритмалик эди. Бунинг учун бутун мамлакат қўзғалмасдан аввал “намуна музофот” сифатида Андижонни танлагашганди. Худди 1999-даги портлашлар сингари бу ерда ҳам уйғин замин “бунёд қилиш” учун воқеаларни етаклаган сабабларга йўл қўйиб берилган, кўриб кўрмаганга олинган, вақтнинг етилиб келиши кутилганди. Ва улар кутган вақтда - майнинг 12-13-ида тугмага босиб юборганди қотилбоши. Мақсад халққа дарс бериш, уни қўрқитиш эди. Токи, рангли инқилобни ҳатто ҳеч ким ақлига ҳам келтирмаслигини таъминдлаш эди. Қотилбоши нафақат Андижонни, балки бутун Ўзбекистонни Ўрта Осиёга қўшиб йўқ қилиб юбораман агар керак бўлса, демоқчи бўлганди ўшанда.

Бугун ҳам ана шундай қонли режасини амалга оширди бошқотил. Қўшни Қиргизистондан бошпана топаётган мухолифатчиларимизнинг сайловолди фаолиятидан худди ўша Андижондагидай саросимага тушган вампир, қўлини яна қонга урди - навбатдаги ватандошимизни шаҳид этди. Мақсад: бу сафар ҳам халқни ҳамда мухолифатни синдириш. Аммо Аллоҳнинг изни билан ҳеч ким Бошқотилга бўйин эгмаяжак. Халқ ҳам, мухолифат ҳам. Қўрқувнинг ўлимга фойдаси йўқдир. Қотил ва қонсираган режимининг охирги чирпинишлари бу. Жон чиқаётганда шундай чирпинади жонзот.

ИншаОллоҳ қонинг қутлуқ бўлгай муборак шаҳид! Биз - хамюртларингни ғафлат ва қўрқув уйқусидан уйғатгай!

2005-да рангли инқилобнинг олдини олиш учун, катта Ўзбекистонни кичик Андижон саҳнасида қатл этиб, мақсадига эришган жаллод, бу сафар мавафаақ бўлмагай ИншаОллоҳ! Бугун Алишер орамиздан кетган бўлса, эртага мингта Алишер бўлиб майдонларга чиқишимиз керак.

Пирмуҳаммад Холмуҳаммад

ЭРК

*****

Алишер Соипов ўлдирилди

“Озодлик”

24 октябрь куни Ўш шаҳрида таниқли журналист, “Сиёсат” газетаси бош муҳаррири, “Америка овози” радиоси ва “Фарғона.ру” ахборот агентлиги мухбири Алишер Соипов номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди

Воқеа Алишернинг ишхонаси олдида рўй берди. Алишер такси тўхтатмоқчи бўлган пайтда номаълум шахслар уни тўппончадан отиб ташлади.

Бу воқеадан ярим соат аввал у билан ҳамкасби Шоҳида Ёқуб учрашган эди.

“Ниҳоятда катта йўқотиш бўлди биз учун. У олижаноб инсон, ниҳоятда ақлли ва талантли журналист эди. Ватанпарвар ва миллатни севадиган дўстимиз ҳалок бўлди”, - деди Шоҳида.

Халқаро ташкилотлар ҳам Алишернинг ўлдириб кетилганига муносабат билдиряпти.

Маркази Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Европа бўлими раҳбари Элза Видал бу хабардан даҳшатга тушганини маълум қилди.

“Қирғизистон ҳукуматини Алишернинг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ тафсилотларни тергов қилишга чақираман. Уни ким ўлдириб кетгани тез кунларда аниқланишига ва бу даҳшатли қотиллик учун жавобгарларнинг қонунга кўра жазоланишига умид қиламан. Бугун бутун дунёда журналистлар хавфсизлигини таъминлаш учун қонунлар амал қилишга эҳтиёж бор”, - деди Элза Видал.

Алишернинг ҳамкасблари ва дўстлари қотиллик унинг журналистик фаолияти билан боғлиқлигига шубҳа қилмаяпти.

Ўш шаҳри ички ишлар бошқармаси ҳозирча қотиллик версияларини ошкор қилгани йўқ.

“Озодлик” радиоси жамоаси Алишернинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.

http://ozodlik.org/regionalreports/kyrgyzstan/uz/2007/10/E904A4D3-8310-425A-832D-E0FED3B46175.asp

*****

Amerika Ovozi muxbiri Alisher Soipov O’shda otib o’ldirilgan

Amerika ovozi
25/10/2007

Alisher o’zining o’tkir maqolalari va siyosiy-iqtisodiy mavzudagi izchil tahliliy materiallari bilan tanilgan edi. “Amerika Ovozi” muharririyati uning ota-onasi va oilasiga chuqur hamdardlik bildiradi.
“Amerika ovozi”ning Qirg’izistondagi muxbiri Alisher Soipov bugun O’shda otib o’ldirilgan. Qotil qochishga ulgurgan.

Noma’lum kishilar tomonidan amalga oshirilgan hujum paytida Alisher bilan birga Qirg’iziston prezidenti devoni qoshidagi Strategik tadqiqotlar instituti xodimi Iqbol Mirsaitov bo’lgan. Unga zarar yetmagan. Hozirda ichki ishlar boshqarmasi tomonidan so’roq qilinmoqda.

Alisher “Amerika Ovozi”ga 2001 yildan beri ishlab kelar edi. O’zbek xizmatining butun Markaziy Osiyo bo’yicha yetakchi muxbiri edi.

“Biz bu fojianing to’liq tergov qilinishiga chaqiramiz”,- deydi Jeyms Glassman (Jeyms Glassman) “Amerika Ovozi” va u kabi AQSh Kongressi tomonidan moliyalanuvchi radio va televideniyelar boshqaruv kengashi raisi.

Alisher siyosiy maydondagi muhim o’zgarish va jarayonlar, inson huquqlari, korrupsiya va yulg’ichlik, saylovlar va saylovoldi kayfiyati hamda iqtisodiy muammolarni keng yoritib kelgan.

“Professional jurnalist kasbi uchun jon berdi”,- deydi Den Ostin (Dan Austin) “Amerika Ovozi” direktori. “Tashkilotimiz Alisher Soipovning dahshatli o’limidan chuqur qayg’uda. Ammo Qirg’iziston va butun Markaziy Osiyodagi muhim o’zgarishlarni yoritishda davom etamiz”.

Alisher Markaziy Osiyodagi boshqa mustaqil jurnalistlar singari doimiy tazyiq ostida ekanini yashirmas edi. Siyosiy doiralar vakillari va xavfsizlik xizmati xodimlari tomonidan kuzatilayotganini bildirib kelar edi.

Alisher o’zining dangal va xolis savollari, faolligi bilan va doimo yangilik izlovchi jurnalist sifatida tanilgan.

Alisher Markaziy Osiyodagi boshqa mustaqil jurnalistlar singari doimiy tazyiq ostida ekanini yashirmas edi. Siyosiy doiralar vakillari va xavfsizlik xizmati xodimlari tomonidan kuzatilayotganini bildirib kelar edi.

Alisher “Amerika Ovozi” dan tashqari “Ferghana.Ru” axborot va tahlil sahifasi bilan ham ishlardi. Shuningdek, “Valley Media Group” degan informatsion tshkilot rahbari edi.

Alisher o’zbek tilidagi “Siyosat” gazetasiga ham asos solgan.

Alisher 26 yoshda edi. O’tgan yili uylangan va yaqinda ota bo’lgan edi. “Amerika ovozi” muharririyati uning ota-onasi va oilasiga o’z hamdardligini bildiradi.

****


Биз сен учун курашамиз ва ўч оламиз…

…Қалбим титрайди азиз укажоним, сени бугун миллат жаллоди отиб ўлдирди.

“Ака, омонмисиз, йўқолиб кетманг, гаплашиб турайлик. Бу кунлар ҳам ғанимат…” деган укажоним… Ҳали сени жасадинг совимасдан, мен сенга кўзда ёшим билан, сен учун албатта жалодбошидан ўч олажагимни қасам ила ёзурман.

Укажон, наҳот мен энди сени овозингни эшитмасам… Ҳазил ила бир неча бор “Келинг ака, биз бирга курашамиз, ватанингиз кўриниб туради бу ердан”, дердинг.

“Тегирмон”ни бирга юритамиз, миллат кушандасини унда майдалаймиз, биз келажакда шундай давлат қурамизки, ҳамма тан беради, биз кимлигимизни кўрсатамиз ака!” дердинг.

Ҳа, бугун сени ростгўйлигингдан қўрққан аблаҳлар сени шафқатсиз ўлдирдилар.

Улар сени ўлдиришмади укагинам… Сен ўлмайсан, сени ишинг ўлмайди. Сен учун биз курашамиз ва вақти келиб улар сенинг жажжи қизалоғинг олдида жавоб берадилар.

Иншаоллоҳ, биз миллат келажаги ва халқ эрки ва дини ислом учун курашдамиз. Сен бу йўлда мардонавор курашиб ҳалок бўлдинг.

Азиз укажоним, сен мени ва ўзбек миллатини қалбида яшайсан. Замонлар келади, ифлослар унутилади, аммо сен унутилмайсан.

Азиз укажоним, сени мен билан ёзишмаларингни ўқирканман, ундаги халққа бўлган меҳринг, келажакдаги умидларинг ва режаларинг амалга ошмаганини мен идрок эта олмайман.

Золимлар қўлидан, демократиянинг жаллодлари қўлидан сени олиб қола олмаган акаларингни кечир.

Укажон, алвидо…

Биз сен учун курашамиз ва ўч оламиз.

Дўстназар Худойназар, “Эрк” демократик партиясининг Оврупа бўлими мувофиқлаштирувчиси.

www.yangidunyo.com

****

Кайси яралмиш бокий бу дунёда?!

Робия, Андижон

Алишернинг ўлими Каримовнинг нақадар қабиҳ инсон эканлигини яна бир бор англатди.
Нима учун энди қирғизистонлик фуқаронинг ўлимида айнан Ўзбекистонга босим билан президент бўлиб келаётган Каримовни айблаш керак? - деган савол туғилиши табиийга ўхшаб кўринади. Аммо бунинг ҳеч таажжубланадиган жойи йўқ. Чунки Алишер нафақат қирғизистонда, балки бутун минтақада жуда-жуда кам саналган ва ўз бурчини қиёмига етказа олган, яьни ХАҚИҚАТни ёритиб бораётган журналист эди.
Илк бор хукуматга келганидан бошлабоқ, Каримов ўзининг жирканч увадалари билан Ойдек Ўзбекистонни беркитиб келди. Ойдек Ўзбекистондаги барча оғриқли воқеаларда Каримов кўринмас, бироқ бош салбий ролни муваффақиятли ўйнаб келяпти.
Сайловлардаги ўйинларни-ку айтмай қўя қолиш керак. Бу алоҳида мавзу. Ҳавойи нафс васвасасига учраган келгуси диктаторларга Каримов шу - сайлов борасида каттагина китоб ёзса арзийди! Муқоваси шилталари оқиб турган тўрлар билан Тўлин Ойни беркитиб турган қизил ўргимчак сурати билан безалса, жуда мос бўлади. Яна битта маслаҳат: ўргимчак бошига Каримов ўзининг 18 май 2005 йилдаги мухожир журналистлар билан бўлган мулоқотидаги қиёфасини қўйдирса.. қойилмақом иш бўлади!
Ҳақиқатни кўрсатиш нақадар чиройли!
Ўқувчилик, талабалик пайтларимизда истагимизга қарши ўлароқ пахтада кунимиз ўтар эди. Оз пахта терганлар штабга олиб кирилиб, ҳисоб қилинар эди. Бизларга намуна сифатида кекса онахонлар ҳамда отахонларнинг калтаги қолган далада этак тутиб тушган суратлари босилган газетларни юзимизга ниқтаб, бу бечора мункиллаганларнинг қандай қилиб пахта даласида “жавлон уриб, оқ олтинни” теришлари айтиларди. Ароқ, сигарет ҳидига тўлган бу штабхонада бизлар тик турган ҳолда овқат тўкилиб, ёғ доғлари тегиб қолган газет бизга тегиб кетмаслигига уриниб бошимизни олиб қочар эдик. Бу номутеона ҳаракатларимиз “устозлар”имизни баттарроқ қутуртириб, бизларнинг уларники қадар тубанлашмаган виждонларимизга ҳамла қилинар эди…
Энди айни шу кунларда Ойдек Ўзбекистонимизга қараб боқинг.
90 га яқинлашаётган - тўридан кўра гўри яқинлашиб қолган кампирнинг пахта териб, мукофот олиши… Айни мактаб ва талабалик давримизни эсга соладиган қизил гаплар.
Алишер Ислом Каримовнинг жирканч ёлғоннинг қип-қизил тўридан тўқилган увадасининг шу томонини йиртиб ташлабди!
Ёки Андижон аҳлига яхши номдан ҳам кўра, порахўр, фужурлиги билан танилган бўзлик “шоир” Тўлан Низом дея аталмиш махлуқнинг Ойдек Ўзбекистонни Каримовнинг 20 йилдан бери алиштирилмагани учун сасиб кетган, жирканч, мақтов аталмиш увадаси билан беркитиб ёзган “шеьри” шу қадар инсонни изтиробга соладики, қани энди ёнингда бўлса-ю, шу газетни ғижимлаб, бу қариб-қуюлмаган Тўлан Низомнинг оғзига тиқиб юборсанг-да, ҳамма ёққа терқаётган бадбўй ҳидга барҳам берсанг…
Алишер Каримовнинг жирканч увадасининг разиллик шилтасига ботган шу томонини ҳам шиддат билан очиб ташлаб, Ойдек Ўзбекистонни бутун дунёга кўрсатибди!
Чиндан ҳам Ўзбекистонимиз, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Туркистонимиз Ойдек!!!
Бу Ойни мана, неча йиллардан бери, асрлардан бери тўсиб келадилар. Бироқ Ойни этак билан ёпиб бўлурми? Бу этак аслида икки-уч аср аввал қайсидир ботқоқдаги чиркин станокда ёлғон, хиёнат, бузғунчилик, куфр ва бошқа барча ёмонликлардан иборат ранглар билан бўялиб тўқилган эди.
17 йил аввал эгалари минг ушлашмасин, шар этиб йиртилиб кетди.
Қайси яралмиш боқий бу дунёда?!
Лекин “кийимни ямаса бўлади” деган увадафурушнинг яҳудиёна ақидасига асосланилиб, бу этак зудлик билан бўлтак-бўлтаклари чокланди-да, яна Ойнинг юзини тўсдилар…
Албатта бу тўсишлар ўз-ўзидан бўлмади: қирғиз-ўзбек уруши қурбонлари, фарғоналиклар, паркентликлар, тошкентдаги толиби илмлар, ҳозир қамоқхоналарда ХАҚИҚАТни - Ойни излагани учун азоб чекаётган бир неча минг юртдошларимиз қони эвазига, ширин жони эвазига тўсиб келинаётир!
“Самарқандча қотиллик”нинг муаллифи Крейг Мюррей ҳайрон: “Нега шу қадар зулм кўрса-да, ўзбек халқи бунга қарши чиқмайди?”
Бунинг учун “ўзбек”, “қирғиз”, “қозоқ”, “туркман” ва ҳаказо номлар билан муҳрлаб, ажратиб юборилган Туркларнинг шу минтақадаги тарихини тузукроқ ўрганмоқ лозим.
Чиндан хам бу минтақа Ойдек Ўзбекистонликлар эса “Ойдан тушган” ерликларга ўхшамайди… Бунда ярим ҳазил, ярим ҳақиқат ҳам бор!
Каримов минг уринишлар билан шунга эришдики, Ўзбекистонлик ёшларнинг жуда кўпларига ўзининг ёшлигидаги феьл-хуйини сингдира олди. Мукофотлашга арзийди. Фақат уни мукофотловчи - Шайтон!
Лекин битта нарсани унутмаслик лозимки, Каримов билан Ўзбекистонлик ёшларнинг асли-насли тубдан фарқ қилади. Мана, Каримов шу 7- ўн йилликда устози Шайтонга ҳам дарс бера оладиган қиёмга етган бўлса, Ўзбекистонлик ёшлар ундай бўлмайдилар! Бу - аниқ!
Вақти-соати келиб, аждодларнинг “қиёматга қадар авлодимни Диннинг байроғини юксалтиргувчилардан қилгин, Аллоҳим!” деган дуолари боис, ёшларимиз асл вазиятни тушуниб етадилар, иншаАллоҳ!
Мана, биттаси - Алишер!
Алишер ўлгани билан ҳали минг-миллионларча Алишерлар бор! Қай бирини отиб тугата олар экан?
Сабаб? Буларнинг аждодлари араб ерларида туғилган Дини Исломни вояга етказган туркистонликлардир!!! Уларнинг дуолари эса Аллоҳ Таоло даргоҳида мустажоб бўлиб келган!
Бу - қиёматга қадар давом этувчи озорлар ўткинчи!
Ҳозирча Аллоҳнинг синови сабаб, ёшлар “Ҳа… ҳаёт шунақа жирканч экан-да. Демак, мен шу тубанликда яшашга маҳкум эканман-да” деган руҳан тушкин фикр билан яшаб келмоқда.
Вақти келадики, улар барибир Алишер нима сабабдан ўлимдан қўрқмасдан Каримовдек юҳога қарши чиқа олганига эьтибор беради!
Алишер баҳайбат Толутга қарши чиқа олган Довуд алайҳиссаломни эсга солади!
Алишер Фиравнга ҳақиқатни айтган Мусо алайҳиссаломни эсга солади!
Алишер ўлгани билан ҳали минг-миллионларча Алишерлар бор! Қай бирини отиб тугата олар экан?
Вақти келадики, бу ёшларимиз Каримов ҳам аслида яралмиш эканлигини тушуниб етадилар.
Қайси яралмиш боқий бу дунёда?!
Ана ўшанда ЭРК деган неьматни Аллоҳ нима учун берганлигини англайдилар.

www.yangidunyo.com

****

Ўшда таниқли журналист Алишер Соипов дафн этилди

Тергов тахминларидан бири марҳумнинг профессионал фаолияти билан боғланган
25 октябр куни пешиндан сўнг таниқли журналист Алишер Соиповнинг дафн маросими бўлиб ўтган.
Маросимда қарийб уч юз киши иштирок этган.

Шу куни ўнлаб оммавий ахборот воситалари журналистлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари Ўш шаҳри Миллий хавфсизлик қўмитаси ошқармасининг биноси ёнида
норозилик намойиши уюштирганлар.

Намойишчилар Алишер Соиповга уюштирилган суиқасдни синчиклаб текширилишини талаб қилганлар.

Ўш шаҳри милицияси фожеанинг айрим тафсилотларини эълон қилган.

Алишер Соипов яқин дўсти, Қирғизистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институтининг собиқ ходими, таниқли сиёсатшунос Иқбол Мирсаидов билан шаҳар марказий кўчаларидан бирида такси тутмоқчи бўлиб турганда, қоронғуликдан икки шахс пайдо бўлган.

Макаров тўппончасидан ўқ узилиб, Соипов аввал оёғидан ярадор қилинган, сўнг унинг боши нишонга олинган.

Ўш милицияси фожеа жойидан уч гильза топилганини хабар қилган.

Асосий гувоҳ сифатида қаралаётган сиёсатшунос Иқбол Мирсаидов ҳуқуқ-тартибот тизимлари назоратида экани ва унинг кўрсатмаларига алоҳида умид боғланаётгани маълум.

Алишер Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан тергов ишлари шахсан Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиев ва вилоят губернатори назоратига олингани хабар қилинган.

Тергов маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларининг қўшма тезкор гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Тергов тахминларидан бири марҳумнинг профессионал фаолияти билан боғланган.

Айни пайтда Ўш вилояти губернатори маҳаллий қаламкашларга мурожжат қилиб, рўй берган фожеага сиёсий тус бермасликка, турли тахминларни овоза қилишга шошмасликка даъват этган.

Қирғизистон матбуоти 26 ёшли Алишер Соипов расмий Тошкентнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлганини, айни вақтда расмий Бишкекни ҳам танқид қилиб келганини урғулайди.

Аммо икки мамлакатда яқинда ўтажак президент ва парламент сайловлари арафасида бундай жиноят қандай кучларга кераклиги жумбоқ, дейди айрим кузатувчилар.

ББС

****

У жасоратли инсон эди…

Муҳаммад Солиҳ

Кеча Қирғизистонда таниқли журналист Алишер Соиповни отиб кетишди. У 26 ёшлик таниқли журналист, “Сиёсат” газетаси муҳаррири, Марказий Осиёда сўз эркинлиги бўйича фаол курашчи, Бакиев инқилоби қатнашчиси эди.
Мен бу қотиллик Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг шахсан топшириғи билан содир этилганига шубҳа қилмайман.
Аниқроғи, биз ифода этишга ўрганиб қолганимиздек бу гал қотил Каримов режими эмас, балки Каримовнинг ўзидир.
Бунга далил сифатида кейинги ярим йил орасида ўзбек матбуотида чоп этилган қоралашларни ёки Наманган телевидениясида кўрсатилган “Қирғизистонлик тирранча журналистнинг қўпорувчилик фаолияти”- Каримов ҳукумати бу ёш курашчини шундай атарди - номли машҳур кўрсатувни кўринг.
1996 йилда Ўзбекистон президенти Каримов топшириғига кўра Интерфакс мухбири Сергей Гребенюк ўлдирилган эди.
Бу ҳодисани Беларуссия президенти Лукашенко тасдиқлаган эди.
Москвадаги ТВ Центр канали орқали намойиш этилган “Наша версия под грифом секретно” дастурида, бошловчи Михаил Маркелов Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек мухолифати лидерига уюштирган суиқасд урунишларини фош этганди.
Кўрсатув охирида у шундай деди: “Бир неча йил олдин Президент Александр Лукашенко Беларуссияда менга қуйидаги тарихни сўзлаб берганди. 4 йил бу ёзувлар бизни архивимизда ётди. Биз бундай ҳодиса бўлишига тўғриси ишонмагандик. Энди эса шубҳага ўрин қолмади”.
Маркеловнинг сўзларидан сўнг кадрда Белоруссия Президенти Лукашенко пайдо бўлади ва Маркеловга мурожаат қилиб дейди: “Каримов менга ўзини ўша ерда ишлаган қандайдир, мен эслай олмайман, у уникими ёки аниқроғи Москваликми, бир журналист танқид қилганини гапириб берди. Демак, у журналист у ерда нимадир қилган, қандайдир нимадир бўлган… У (Каримов) деди: биз уни Москвада ушладик ва Тошкентда жойини солдик, бор йўғи шу!” (Бу яширин видео ёзув Интерфакс мухбири Сергей Гребенюкнинг Тошкентда ўлдирилишидан бир йил ўтгач, 1997 йилда тасвирга олинган).
Маркелов филмини Youtube да қуйидаги манзилда кўриш мумкин: http://www.youtube.com/v/lYPBvr5viaU
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг навбатдаги қурбони журналист Алишер Соипов мамлакатни ёвузликлардан холи кўришни истаган миллионлаб ўзбек ёшларидан бири эди. Шу билан бирга Алишер нафақат ўз мамлакатини эркин кўришни истаган, бироқ у озод бўлиши учун нимадир қилиш истагидаги кам сонли ёш идеалистлардан бири эди.
Шу ўринда Алишерни ёш деб айтишни истамасдим, чунки бундай аниқлик ёлғон ва ўғриликлар ёш авлодни тарбиялаш қоидасига айланган Каримов бошқаруви даврида пайдо бўлган ёшлар гуруҳини ёдга солади.
Алишер идеалист эди, у албатта сўз эркинлиги ғалаб қозонишига ва дунёдаги тоталитар режимларга қарши демократик курашлар натижа беришига ишонарди.

У ўз йўлидан қайтмайдиган, адолатсизликларга тоқатсиз инсон эди. У ўз идеалистлигида максималист эди, ялтоқиликни ёқтирмас, унинг ўз фикрларини очиқ айтиши балки ҳаммага ҳам ёқавермасди.
У журналист сифатида “Озодлик”, “Америка овози” радиоларида, “Фарғона.ру” интернет саҳифасида ишлади, “Сиёсат” газетасига ноширлик қилди ва ҳеч қачон ўз фаолиятини қийинчиликларидан нолимади.
У ҳаётини хавфга қўйиб Эрон ва Покистонга бир неча марта сафар уюштириб, Тоҳир Йўлдошев гуруҳидан қочиб кетган жанггарилар ҳақида репортажлар тайёрлади. Жангарилар унга ғазабга учраган бу ҳаракат лидери ҳақидаги бор ҳақиқатларни сўзлаб берганлар. Билишимча Алишер бу борадаги сўнгги репортажини эълон қилишга улгурмади.
Алишер Соипов сийсосида жасоратли ва қўрқмас журналистни, ўзбек халқи қаҳрамонини ва дўстларига садоқатли, озодлик душманларига муросасиз кишини ўлдирдилар.
Аллоҳ унга самовий шоҳлик ато этгин!

(Русчадан таржима).

www.yangidunyo.com

****

Таъзиянома

Насрулло Саййид. Канада

2005 йилнинг 21 ноябрь куни тонгда Ўш шаҳрига етиб келдим. Бундан 3 кун олдин Бухорони у ерда ҳаётим хавф остида қолганлиги, ҳофиз Дадахон Ҳасан қўшиқларини эшитганлик ва тарқатганликда айбланиб мени қаматиб юбориш ҳаракатлари бошланганлиги сабабли тарк этган эдим.

Бухородан Тошкент- Олмаота - Бишкек орқали Ўшга етиб келганим мени роса толиқтирган эди.
Қолаверса, Ўшга биринчи бор келишим ва мен бу шаҳарда ҳеч кимни танимас эдим. Бу шаҳарда келиб, мени биринчи танишган одамим Алишержон Соипов бўлди. У мени ўзбекона меҳмондўстлик билан кутиб олди ва қўлимдан етаклаб БМТнинг қочқинлар идорасига олиб борди.

Ўшда ўтган бир ойлик қочқинлик давримда мен Алишерни яхшилаб таниб олдим. У ҳамма ўзбеклар ҳавас қилса арзийдиган мард, илмли ва энг муҳими ўта юртпарвар ўзбек йигити экан. Уни миллат дардида ёниб - ёниб гапирган гаплари ҳали - ҳануз қулоғим остида жаранглаб турибди.

Бундай шахсни йўқотиш ўзбек ва қирғиз халқлари учун катта йўқотишдир. У мурғаккина ёшига қарамай анчагина хайрли ишлар қилиб улгурди.

Шундай беғубор инсонни ўлдиришга жазм қилганларни мен одам деб атай олмайман. Улар ИБЛИС ва УНИНГ МАЛАЙЛАРИ. Оллоҳ уларни жазосини берсин.

Алишер, укажон, жойинг жаннатдан бўлсин. Барча қону жигарларингни қайғусига мен ҳам шерикман.

www.yangidunyo.com

****

Сархадинг каерда халким?

Дилсора Фозилова, Канада.

Калб кузи кур булмасин. Уйгок калб уйгок кузлардан тийранрок куради. Аммо кузлар уйгок булсаю, курганларига жавобсиз булса, уйгок булмакдан маъно нима?

Хар бир мавжудотнинг химоя чегараси бор. Уша чегарага якинлашсанг борлигини билдиради. Уша чегарадан утсанг халок килади. Илонлар чакади, чаёнлар чакади. Отлар тепади, итлар тишлайди, йулбарслар гажиб ташлайди. Инсон аталмиш онгли мавжудотда эса бу кобик - гурур чегараси ёки инсоний сархад дейилади. Бу сархадни бузишга, топташга хеч кимнинг хакки йук. Кимникидир кенгрокдир, кимникидир торрокдир, кимникидир мустахкамдир, кимникидир чузилувчандир. Аммо баъри-бир сархад булиши керак. Токи инсон бошкаларга оёк ости булмасин. Токи гурури бутун колсин.
Аммо… Аммо сенинг шу сархадинг каерда халким?

Нонингни тортиб олдилар, жимсан! Молингни тортиб олдилар, жимсан! Урдилар, хакорат килдилар, жимсан! Йигитларингни кул килдилар, жимсан! Кизларингнинг номусини пулладилар, жимсан! Юртингдан хайдаб юбордилар, жимсан! Ога-инингни, дусту-биродарингни камадилар, улдирдилар жимсан! Сенинг уша деворинг каерда халким?

Алишер Сойиповнинг улими хакида кечрок билдим. Ким улдирибди? Нимага улдирибди? - деган саволлар тугулмади хам. Узбекнинг онгли йигит-кизларининг жаллоди - битта. Мен Алишер Сойиповни бир укамиз оркалигина билардим. Бугун уни интернет сахифаларида яхширок танидим. Оллох рахмат килсин.

Аввало дустим, укам Сарваржонга, колаверса Алишер Сойиповни биродарим деб айтаётган барча юртдошларга, унинг оила аъзолари ва якинларига дардли таъзия изхор киламан.

Юртдошларим! Акалар, укалар!
Сафингизни битта-битта тарк этаётган шундай эркпарвар, миллатпарвар йигитларнинг яна нечтасини бой беришга розисиз? Качонгача чет элларда тузгиймиз? Она юртга кайтган кунимиз, Алишернинг багрини тешган ук бизни нишонга олмаслигига кафолат борми?. Шундай экан биз нега муштни-муштга урмаймиз? Нега аравани турт томонга тортамиз? Бугун хар биримиз бошкалар тажоввус килиши мумкин булмаган сархадимиз каерда эканлигини бир уйлаб курайлик. Алишер Сойиповни улдириб, чегарамизни бузиб утганларини билдириб куяйлик.

Кайси ташкилот ёки партия сафида булишингиздан катъий назар, каерда яшаётганингиздан катъий назар, хаммани бир кунда, бир вактда намойишга чикишга чакираман. Битта жойда утказилган намойишнинг таъсири кам. Аммо дунё ахборот марказлари, узбеклар дунёнинг унта, йигирмата, ёки элликта шахрида намойишга чикдилар деб овоза килсин. Булажак сайловларга норозичилигимизни, Алишер Сойипов каби миллатпарвар юртдошларимиз диктатура курбони булаётганлигини дунёга билдирайлик. Балки бу сузларни кайсингиздандир олдин, кайсингиздандир кейин айтаётгандирман. Бу менинг сузларим эмас, сизларнинг калбингиздаги сузлар.

Дунёда узбеклар яшамайдиган шахар йук. Кунгирокни олингда, атрофингиздаги узингиз билган узбекларга кунгирок килинг. Тинч намойишга чикиш ва норозичиликни билдириш, дунёдаги хамма мамлакатлар конституциясида конуний химоя килинган. Бизда хам гурур, узлик деб аталган сархад мустахкам эканлигини, хеч булмаса борлигини дунёга курсатайлик.

www.yangidunyo.com

****

Охиратинг обод бўлсин дўстим!

Юсуф Расул, журналист, Швеция.

Бугун Алишер Соипов Ўш шаҳридан 10 километр узоқликдаги Қаерма қабристонида дафн этилган. Марҳумни сўнгги манзилга кузатиш учун юзлаб ҳамшаҳарлари, қариндошлари ва ҳамкасб дўстлари йиғилган.

Йиғилганлар бу машъум қотиллик ташкилотчиларини лаънатлаганлар.

Алишернинг ўлими Россиялик таниқли журналист Анна Политковская ўлими каби минглаб эркинлик ва демократия тарафдорлари қалбини ларзага солди.

Бугун дунёдаги етакчи ахбарот воситалари журналистлари, инсон ҳақлари фаоллари ва демократик кайфиятдаги кишилар қотиллик иштирокчилари ва буюртмачиларини топиб жазолашни талаб қилиб Қирғизистон ҳукуматига мактуб йўллашган. Алишер Соипов номидаги халқаро жамғарма ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Алишер Соипов ўзининг журналистик фаолияти давомида доимо Ўзбекистон хукумати таъқибларига дучор бўлиб келган эди. Уни фош этувчи мақолалар ва телекўрсатувлар ўзбек вақтли матбуотида ва айрим вилоят телевиденияларида эълон қилинган. Ҳукумат буюртмасига кўра амалга оширилган бу хилдаги буҳтон ва иғво компанияси ҳамкасбимизни қоралаш ва ёмон отлиқ қилишга бағишланар эди. Буюртмачилар Алишерни гоҳ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси, гоҳ Ҳизбут Таҳрир ҳимоячиси, гоҳ “Эрк” партиясини минтақадаги вакили деб ёзиб келишган.

Ҳамкасблари Алишер Соиповни ўлдирилиши Ўзбекистонда бўлажак президентлик сайлови арафасида диктатор Ислом Каримов буюртмасига кўра амалга оширилганига ишонишади. Чунки, Алишер ўзи ноширлик қилиб келган “Сиёсат” газетасида “Озодлик”, ББС, “Америка овози” радиолари материалларини жойлаштирган, Каримов режимини фош этувчи мақолалар ёзган. Бундан ташқари Алишернинг “Эрк” партияси лидери билан муносабатлари яхши эканлиги, минтақа бўйлаб бу партия газетаси ва нашрларини тарқатишга фидокорлик кўрсатгани ҳам режим ғазабини қўзғатган.

Шу сабаблими Алишер Соипов Каримов атрофидаги тўданинг биринчи рақамли душмани ҳисобланган.

“Фарғона.ру” интернет нашри бош муҳаррири Даниил Кисловнинг “Новый Регион” мухбирига билдиришича бир неча кун муқаддам ўшлик жиноятчилар тўдасига 10 минг АҚШ доллари эвазига Алишер Соиповни ўлдириш учун буюртма берилгани ҳақида хабар беришган. Алишер ҳаёти хавф остида эканлиги, балки ўзини ўлдириб кетишлари мумкинлигини яхши билган. Буюртмачилар ким эканлигини тахмин қилиш қийин эмас. Улар Алишерни ўз маддоҳ нашрларида қоралаб келган қотил диктаторнинг малайларидир.

Бугун Алишер Соиповдек мард ва жасур, малакали ҳамкасбимиз дафн этилди. У жисмонан ўлган бўлсада бироқ руҳан ҳамиша тирикдир. Каримов битта Алишерни ўлдириб минглаб эркин фикрли, қўрқмас журналистлардан ўч олишни кўзлаган бўлса эҳтимол. Лекин зулм ва зўравонликни касб қилиб олган диктатор бу гал ҳам қаттиқ янглишди. Алишернинг ўлими минглаб Алишерлар қалбида Каримов тузумига қарши кураш оловини ёқади.

Алишер ўлди, лекин унинг кураши, шижоати ва матонати ўлмагай. Дўстимиз орзу қилганидек албатта Ўзбекистонда, унинг азиз ватани Қирғизистонда ва бутун Марказий Осиёда диктаторлар мавҳ этилиб демократик давлатлар қурилади.

Охиратинг обод бўлсин дўстим!

www.yangidunyo.com

****

Кураш пайтида ўлдирилган киши хам шахиддир

Сафар Бекжон, Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси.

Алишер Соиповни мен шахсан танимаганман. Матбуот орқали бир- биримизни таниганмиз халос. Ҳамкорликда бир нарсалар қилинган. “Фарғона.ру” интернет саҳифаси учун сиёсий портретлар қилмоқчиман, фикрларингизни олмоқчи эдим”, деб хат ёзганди бундан икки йилча олдин. Мен фикрларимни билдирдим, аммо бу нарса ўзбекча булиши керак. Агар “Фарғона.ру” сизга ўзбекча сайт қилишга рухсат берса бу ишни қилинг”, дедим.

Ёш булишига қарамай ташкилотчи ва тиришқоқлигини нафақат Вебсайт очиш, ҳатто ўзбекча мустақил ахборот марказини очишга эришди. Ёзганларидан ҳам кўпроқ ташкилотчилиги каримов малайларини қўрқитгани аниқ.

Яхши ёзадиган журналистларимиз кўп, ҳаммасини йўқ қилолмайди қотиллар. Аммо ташкилотчи ва ҳур фикрли бўлиш хавфли бир қобилият экан Алишер укам. Жиҳод қилмоқ, курашмок деганидир. Курашнинг энг кучлиси эса, ақлий курашдир. Бу кураш пайтида ўлдирилган киши ҳам шаҳиддир иншаллоҳ, амин. Жойинг жаннатда бўлсин укам Алишер.

Алишернинг оиласи учун қаерда бўлса ҳам бир ёрдам ҳисоби очилиши (банкада) ва ёрдам берилса яхши бўларди.
(Кўпчилик мени тили аччиқлигимни билса ҳам яна бир бор айтай. Ўлдирилган дўстларимизнинг аҳволидан ҳар кун хабар олиниб турилгани йўқ. Бошида ҳамма вой-дод қилади, кейин оилаларидан ҳеч кимса хабарсиз… Оқибат йўқ бизда, оқибат…)

www.yangidunyo.com

****

Не шараф замонамизда хоин дея ном олмок

Тўлқин ҚОРАЕВ,
Мустақил журналист, Швеция.

Дунё, уйғон, мудроқ уйқудан кўзингни оч! Уйғон ва тирик жони мурдага айланган, жасади жонсиз бўлган Алишернинг порлоқ хотираси олдида бошингни эг! Қирғизистонда яшаб ўзбек журналистикаси учун жон куйдирган ва ҳақ сўз учун, ўзбек халқи учун жонини жабборга берган Алишерни ёд эт! Золимлар унинг бошини едилар ва ҳеч шубҳа йуқки, бу қотиллик бошида Ўзбекистон хавфсизлик кучлари, қолаверса авторитар Ўзбекистоннинг қонхўр раҳбари Ислом Карим турибти.

24 отбярь кунида турли нашлар ва ахборот агентлари Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида журналист Алишер Соиповнинг номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилганлиги хабарини тарқата бошлади. Бу машъум хабар кўпчиликнинг ва шу жумладан мени ҳам даҳшатга солди. Алишер Қирғизистон фуқароси бўлиб, Республика жанубидаги Ўш шаҳрида яшарди. Манзил макони Қирғизистон бўлсада, у ўзбек журналистикасининг ёрқин юлдузи эди ва юлдуз ҳолида дунёдан ўтди.

Алишер “Америка овози”, “Озодлик” радиолари ва турли интернет нашлари билан ҳамкорлик олиб борди. Шунингдек Ўш шаҳрида “Сиёсат” деб номланадиган ўзбек тилидаги газетага муҳаррирлик қиларди. Алишернинг ўлими учун мана шу газета нашри сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Чунончи, Фарғона водийси вилоятларида яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари нон топиш, пул ишлаш ва савдо сотиқ илинжида Қирғизистон жанубига ташриф буюришар, ҳамда бу ерда нашр қилинаётган ўзбек тилида газета хабарларидан воқиф бўлишарди. Навбатдаги Президентлик сайловлари олдида турган Ислом Каримов учун эса бу нохуш ҳолат эди. Шу сабаб ҳам бугун биз ҳеч иккиланмай айта оламизки, уни Ислом Карим режими ўлдирди!

Кечагина ёнингда бўлган, сен билан елкама - елка кетаётган дўстнинг ўлими ҳар кимни ҳам даҳшатга солади. Алишер шунчаки дўст ҳам эмасди. Балки, Қирғизистонда вақтинчалик бошпана топаётган Ўзбекистон қочқинларининг паноҳи ҳам эди. Улар Алишердан маънавий, керак бўлса моддий ёрдамлар ҳам олиб келашарди. Унинг нашр қилаётган “Сиёсат” газетаси эса бутун Фарғона водийси учун муқобил ахборот манбаи бўлиб хизмат қилиб келаётганди.

Биз Алишер билан тез-тез боғланиб турадик. Мен билан бўлган сўнгги интернет ёзувларидан бирида у ўзига нисбатан бўлаётган таъқиблар ва унинг номининг булғанишлари ҳақида ҳам айтиб қолди.

27 сентябрь 2007 йил: «Кунора Андижон, Наманган ва Марғилон телевиденияларида мени террорчи, Солиҳнинг укаси, Тоҳир Йўлдошнинг жияни дейишмоқда. Ўзбекистон халқининг душмани, миллат сотқини деб ҳам эълон қилишяпти. Мен билан ўшликлар ҳам алоқа қилишдан чўчиб қолишган. Номусдан бош кўтара олмай қолдим”, - деди ва қўшимча қилиб қўйди, - “нари борса отиб ташлашар”.

Албатта бу сўзни у жиддий айтгани йўқ ва мен ҳам бу сўзни жиддий қабул қилганим йўқ. Бироқ фаришталар “Омин” деган эканми, мана, орадан 27 кун ўтиб уни отиб кетишди.

Шу куни у ёзишмамизни қуйидаги сатрлар билан якунлаганди: “Не шараф замонамизда хоин дея ном олмоқ”.

Алишер вафот қилди ва усиз ҳам ҳаёт давом этмоқда. У фуқаролик позициясида туриб ўз жонини Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун фидо қилди. Демак у Ислом Каримов тузумининг навбатдаги қурбони!

www.yangidunyo.com

****

Таъзия ўрнида

Холдор Вулқон, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Журналистлар раиятнинг овозидир. Раиятни махдудликда тутиб турмоқчи бўлган золимлар доимо халк овозини ўчиришга харакат қиладилар.

Таниқли журналист Алишер Соиповнинг Қирғизистон жанубида ўлдириб кетилиши айнан шу мақсад билан амалга оширилган қонли акт бўлиши мумкин. Балки улар сайлов арафасида журналистларни чўчитиб қўйишни кўзлагандирлар. Лекин бу журналист хаётига қилинган суюқасд Алишер Соипов каби Ўзбек журналистларининг сафларини янада жипслаштиради ва улар одам қонига тўймагувчи юхо, бошсиз қизил аждахо-каждахога қарши курашларини янада кучайтиради.

Мен ўз навбатида журналист Алишер Соиповнинг оила аъзоларига ва бошқа яқинларига Оллохдан сабр - тоқат тилайман.

Жойингиз жаннатда бўлсин, Алишер!

www.yangidunyo.com

****

Таниқли журналистга суиқасд халқаро миқёсда қораланмоқда

Алишер Соипов Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолларини батафсил ёритиб келган
Жаҳондаги халқаро ташкилотлар таниқли журналист Алишер Соиповга уюштирилган суиқасдни қораламоқдалар.
Нью-Йоркда жойлашган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилот - Human Rights Watch Қирғизистон расмийларини Алишер Соипов ўлими юзасидан холис терговни таъминлашга даъват этди.

“У айниқса ўзбек ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги суистеъмолликларини ёритган жасур журналист эди”, дейилади Human Rights Watch тарқатган баёнотда.

Ташкилот Алишер Соиповнинг Марказий Осиёнинг энг фаол журналисти ва Ўзбекистон ҳукуматининг ашадий танқидчиси бўлганини айтади.

Ўзбек миллатига мансуб Алишер Соипов қўшни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг топталиш ҳолларини кенг ёритар эди.

У, шунингдек, ўзбекистонлик қочқинларни ўғирлаб кетиш учун ўзбек махфий агентларига рухсат берганликда қирғиз расмийларини ҳам айблаган.

Human Rights Watchнинг Лондондаги идораси вакили Урми Шахнинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати ҳозирда ўзининг матбуот эркинлигига содиқлигини намойиш этиши керак.

“Алишер Соиповнинг ўлими даҳшатли жиноят ва унинг фаолияти учун қасос амалидир. Умумият-ла, Қирғизистонда журналистлар эркин ва мустақил фаолият олиб бора оладилар. Қирғиз ҳукумати ҳозирда матбуот эркинлигига содиқ экани ва Алишер Соиповнинг қатл этилиши каби жиноятга тоқат қилмаслигини кўрсатиши керак”, дейди Human Rights Watch вакили Урми Шах.

Алишер Соиповнинг ўлими даҳшатли жиноят ва унинг фаолияти учун қасос амалидир. Қирғиз ҳукумати ҳозирда матбуот эркинлигига содиқ экани ва Алишер Соиповнинг қатл этилиши каби жиноятга тоқат қилмаслигини кўрсатиши керак

Урми Шах, Human Rights Watch

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиевга мактуб йўллаб, ундан Алишер Соиповнинг ўлдирилиш юзасидан ҳар томонлама, ўз вақтида ва мустақил текширув олиб бориш учун барча воситаларни ишга солишга чақирган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу шармандали қотилликдан даҳшатга тушганини изҳор қилган.

Москвада жойлашган Экстремал Журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов Алишер Соиповнинг ўлими унинг бошқа ҳамкасбларини ҳушёр торттириши кераклигини айтади.

“Мен ҳақиқатнинг тагига етиш ва уни тарқатиш йўлида жонбозлик қилаётган бурча журналистлар, хусусан, Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларда фаолият олиб бораётган, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри алоқаси бўлган журналистларга мурожаат қилиб айтаманки: “ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизнинг ҳаётингиз ўқувчиларингиз ва яқинларингиз учун жуда ҳам қимматли. Профессионал журналист бўлиш ва ўз ҳаётини асраш - бу икки нарса жуда ҳам муҳим”, дейди Олег Панфилов.

Бишкекдаги Америка Қўшма Штатлари элчихонаси журналист ўлими юзасидан махсус баёнот чиқариб, тергов ва қидирув ишларини диққат билан олиб боришга чақирган.

Алишер Соипов ўлимига масъуллар одил маҳкамага тортилиши лозимлиги билдирилган баёнотда.

Холис тергов чақириғи билан чиққан Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг эркин матбуот бўйича вакили Миклош Харашти минтақа ва хорижда ном қозониб улгурган ёш иқтидорли журналист ўлими уни ларзага солганини билдирган.

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳам Алишер Соиповнинг ўлдирилишини қоралаган ва қирғиз ҳукуматидан қотилларни топиб, жазолашни талаб қилган.

BBC

****

Таниқли журналистга қарашли маълумотлар қўлга олинди

Наталья Антелава
Би-би-си, Марказий Осиё

Қирғизистон омбудсманига кўра, Ўзбекистон хавфсизлик хизматларига Алишер Соиповни ўлдириш буюрилгани борасида Қирғизистонда маълумотлар бор
Қирғизистонда Алишер Соипов чоп этиб келган газета идораси милиция тарафидан муҳрланган.
Ишхонадаги компьютерлар ва қўл телефонлари эса йиғиштириб олинган.

Расмийларга кўра, қўлга киритилган мазкур жиҳозлар ва ҳужжатлар журналистнинг ўлдирилиши юзасидан кечаётган суриштирув-тергов ишлари учун зарурдир.

Аммо марҳум журналистнинг дўстлари ва ҳамкасбларининг қўрқишларича, қўлга олинган маълумотлар Ўзбекистон хавфсизлик хизматларига оширилиши мумкин.

Бунинг натижасида эса, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг бошқа танқидчиларини ҳам аниқлаш ҳамда нишонга олиш имконига эга бўлади, деган қўрқувлар юзага келмоқда.

Ўтган чоршанба куни кечқурун номаълум шахслар Алишер Соипов яшайдиган Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида унинг боши ва кўкрагини нишонга олган ҳолда учта ўқ узишганди.

Мазкур қотиллик ортидан эса Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев қотилларни топиш керак, деган босим остида қолмоқда.

Қирғизистондаги юқори мартабали мулозимнинг айтишича, Алишер Соиповнинг ўлдирилишида қўшни Ўзбекистон хавфсизлик хизматларининг қўли бўлиши мумкин.

Қирғизистон омбудсмани Турсунбой Бакир-ўғлининг билдиришича, Қирғизистон хавфсизлик мулозимларига келиб тушган хабарларга биноан, Ўзбекистон хавфсизлик хизматларига Алишер Соиповни ўлдириш топшириғи берилган.

Алишер Соипов Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари топталиши борасида мунтазам мақолалар ва хабарлар битиб келарди.

Ўзбекистон ичкарисидаги мустақил журналистларнинг аксариси ё қамоққа отилган ва ё хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлганлар.

Худди ана шундан шароитда эса, Алишер Соипов Ислом Каримов ҳукуматини танқид қилиб келаётган минтақадаги ўта кам сонли журналистлардан бири эди.

****

‘Бишкек шаффоф терговдан манфаатдор’

‘Расмий Бишкек тергов жараёнининг шаффофлигидан манфаатдор’
Ўз исмини ошкор этмаган қирғизистонлик масъул Би-би-си билан суҳбатида расмий Бишкек таниқли журналист А. Соипов ўлими юзасидан олиб борилаётган терговнинг имкон қадар шаффоф ўтказилишидан манфаатдор эканини айтган. У бу йўлда барча чора-тадбирлар кўрилишини билдирган.
Ўзбекистон сиёсатининг ашаддий танқидчиларидан бўлган асли ўзбек журналист Алишер Соипов ўтган чоршанба куни Ўш шахрида номаълум кишилар томонидан отиб ўлдирилганди.

Бироқ суҳбатдошимиз терговнинг дастлабки натижалари билан ўртоқлашишдан бош тортган. Расмийлар терговни издан чиқармаслик учун матбуотга кўп маълумот бермасликка қарор қилганликларини айтишган.

Ўз исму шарифини айтишни истамаган бошқа бир қирғизистонлик мулозимга кўра, Алишер Соипов отиб ўлдирилган қурол, яъни “Макаров” русумидаги тўппончанинг изи топилган.

Қотиллик юз берган жойдан олинган учта гильза феврал ойида пойтахт Бишкекда содир этилган жиноят пайтида қўлланган қуролга тааллуқли экани тахмин этилмоқда. Яъни дастлабки экспертиза ушбу хулосани тасдиқлаган.

“Бишкекда юз берган жиноят қатнашчилари ҳақида эса ҳуқуқ-тартибот идоралари муайян маълумотга эга,”-деб айтган қирғизистонлик мулозим.

Расмийларга кўра, таниқли журналист ўлими юзасидан олиб борилаётган терговга оид дастлабки маълумотлар тез орада эълон қилинади.

Ҳозир мутахассислар Алишер Соипов ишлаган “Америка овози” радиостанцияси ва “Сиёсат” газетаси таҳририяти жойлашган идорадан келтирилган беш компьютерни очишаётгани айтилади. Гувоҳ сифатида эса Ўшдаги таниқли арбоблар таклиф этилган.

Тахминлар талайгина

Марҳум журналистнинг ўлими юзасидан қатор тахминлар илгари сурилган
Қотиллик борасида аллақачон қатор тахминлар илгари сурилган. Улардан бири марҳум журналистнинг профессионал фаолияти билан боғлиқдир.

Айни пайтда терговга дахлдор қирғизистонлик мулозим айрим маҳаллий ва халқаро ахборот воситалари томонидан илгари сурилаётган тахмин, яъни ҳодисада Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг қўли борлигига оид фикрларга ишонмаслигини айтган.

Унинг айтишича, журналист Алишер Соипов Ўзбекистон учун у қадар аҳамиятли шахс эмас ва президентлик сайловлари арафасида расмий Тошкентга бундай можаронинг асли ҳожати йўқ.

Ҳамда хориждаги мухолифат кайфияти ва режаларидан бохабар бўлиб туриш учун Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатнинг турли доиралари билан яқин мулоқотда бўлган тирик ва фаол журналист Алишер Соипов афзал ҳамда буни тушуниш қийин эмас.

Тергов ўрганаётган яна бир тахмин эса -Алишер Соиповнинг гўёки, журналистик амалиётидан маълум даражада четга чиқувчи фаолияти билан боғлиқ.

Ушбу тахминга биноан, айрим доиралар таниқли сўз устасидан журналистикадан йироқ, сиёсий ва бошқа мақсадларда фойдаланишга уринишган. Ва журналист ўша доираларнинг пинҳоний кураши қурбони бўлган. Айрим маҳаллий таҳлилчиларга кўра, мазкур тахмин ҳам жиддий камчиликлардан холи эмас.

Маълум бўлишича, тергов Алишер Соипов фаолиятининг айрим қирраларини ошкор этиш мақсадга мувофиқ ёки йўқлиги саволи устида ҳам бош қотирмоқда.

BBC

****

Журналист қотилларининг шахси аниқланган

Алишер Соиповнинг ўлимига жиноий доираларнинг алоқаси борлиги ҳам ўрганилмоқда
Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, таниқли журналист Алишер Соиповни отиб ўлдирган қотилларнинг шахси аниқланган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Алишер Соипов 24 октябрда отиб кетилган Ўш шаҳридаги Масалиев кўчасидан топилган “Макаров” тўппончаси гильзалари экспертизаси якунланганини расман билдирган.

Ўқ узилган тўппончадан ярим йил илгари Қирғизистон шимолида жиноий доираларнинг таниқли бир аъзосини ўлдиришда ҳам фойдаланилган дея тахмин қилинмоқда.

Алишер Соиповнинг ўлимига Қирғизистондаги жиноий доираларнинг бир неча аъзоси алоқадор деб кўрилмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, қотилликда гумон этилаётганларнинг шахслари, исм-шарифлари аниқланган, бироқ тергов манфаати нуқтаи назаридан бу маълумотлар ошкор этилмаяпти.

Қотилликни содир этганлар икки киши бўлган, бироқ ушбу жиноятга алоқадорлар сони бундан кўп бўлиши мумкин, деган тахмин билдирилган.

Ички ишлар вазирлиги гумондор шахсларга нисбатан қидирув эълон қилган.

Таниқли журналист Алишер Соипов ўтган чоршанба куни Ўш марказида номаълум қуроллилар томонидан отиб кетилганди.

26 ёшли журналист Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси сифатида танилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари Алишер Соиповнинг ўлдирилиши сабаби юзасидан бир неча талқинни ўрганиб чиқишаётганини маълум қилишмоқда.

“Журналист Соипов ўлими юзасидан бир неча талқин, версия кўриб чиқилмоқда. Қотиллик пул ундириш мақсадида содир этилган деган версия ҳам бор. Ҳозирда биз унинг Ўзбекистон, Туркия ва ҳаттоки Англия билан алоқада бўлганини аниқладик”, деб айтган
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати котиби Бақит Сейитов.

BBC

****

‘Тергов барча фаразларни ўрганаяпти’

Қирғизистон милицияси Алишер Соипов отиб ўлдирилиши юзасидан турли фаразларни ўрганаётганини айтади
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мулозими дастлабки тергов отиб ўлдирилган журналист Алишер Соиповга ёрлиқ ёпиштирмаётганини, ҳозирча барча фаразлар ўрганилаётганини айтган.
Бу ҳақда Би–би-сига Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари Мелис Турғунбоев айтган.

30 октябр куни Ички ишлар вазирилиги матбуот баённомаси тарқатган, унда марҳум журналистнинг “Ҳизбут-Таҳрир” ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби гуруҳларга алоқаси бор деб чиққанди.

Хусусан, Би-би-си билан суҳбатда вазирлик матбуот хизмати котиби Бақит Сейитов, Алишер Соиповнинг Ўзбекистон, Туркия ва Англия билан алоқада бўлганини аниқладик, деб айтган.

Қирғизистондаги Социал-демократик партия раҳбарларидан Одил Турдуқулов Ички ишлар вазирлиги ахборотини танқид қилиб чиқди, бу ҳужжат “субъектив ва ёш журналистнинг мухолиф фаолияти сиёсий бузиб қилинган талқинларга тўла”, деб айтди.

“Фергана.ру” ахборот агентлиги “Қирғизистон: Милиция бошлиқлари отиб кетилган журналистнинг ҳалол номини бадном қилмоқдалар” сарлавҳаси билан мақола эълон қилди.

Мақолада ахборот агентлигининг бош муҳаррири Даниил Кислов, ҳукумат бизнинг дўстимизнинг номини онгли равишда қораламоқчи бўлаётганга ўхшайди. Алишер ҳақиқий журналист, профессионал эди, шунинг учун ҳам унинг “ҳизбутчилар”, “идушниклар” билан контакти бўлган, деб ёзади.

Вазирлик баёнотидаги Алишер Соиповнинг Эронда Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош билан учрашгани ва Андижон ҳодисаларининг асосчиларидан бўлгани айтилган Қобил Парпиевни ўзининг уйида яширгани ҳақидаги айбловларни журналист Шоҳида Тўлаганова буткул ёлғон деб атаган.

“Парпиев берган охирги интервьюни биз Алишер билан бирга олганмиз. Биз уни аранг топганмиз, қандай қилиб у уйида яшириши мумкин? У ҳеч қачон ҳеч кимни яширмаган. У Тоҳир Йўлдош билан ҳеч қачон учрашмаган. Унинг Эронга сафаридан ягона мақсад - ўзбек қочқинлари билан, Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан аллақачон ажралиб чиққан Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг собиқ аъзолари билан учрашиш эди”, деб айтган Шоҳида Тўлаганова.

Би–би-си билан суҳбатда вазирликнинг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари Мелис Турғунбоев журналистга ёрлиқ ёпиштирилмаяпти, деб айтди.

“Биз журналистнинг ким бўлгани, кимлар билан алоқаси бўлганини ўрганаяпмиз, холос. Ҳар хил фаразларни кўриб чиқаяпмиз. Алишер Соиповни “Ҳизбут-Таҳрир” ёки бошқа бир гуруҳга алоқадор, деб ҳали ҳеч ким гуноҳкор қилгани йўқ. Ҳар хил фаразлар бор ва биз ана шу фаразларнинг атрофида ишлаяпмиз. Яъни, нима учун бундай ҳодиса содир бўлди, нима учун Алишер Соиповни ўлдириб кетишди, деган саволларга жавоб топишимиз керак”, деб айтган Мелис Турғунбоев.

Қирғизистон омбудсмани Турсунбой Бакирўғли таниқли журналист Алишер Соиповнинг отиб ўлдирилиши ортида ўзбек махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлигини айтган.

Би-би-сининг “Ўзбекистон томони Алишер Соиповнинг чиқишларидан норози бўлган ва давлат матбуотида унга қарши кампаниялар уюштирган. Сизлар Алишер Соиповга бўлган бу каби хуружларни ҳам инобатга олаяпсизларми”, деган саволига Мелис Турғунбоев, бундай фараз бизда йўқ, деб жавоб қайтарган.

BBC

****

Харасти: ‘матбуот билан ҳамкорликдан қочмайдиган тергов зарур’

Миклош Харасти: ‘Марказий Осиёда профессионал ва кескин журналистика билан шуғулланишни истаган иқтидорли ёш мухбирларнинг сони шундоқ ҳам кам’
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги масалалалари бўйича вакили Миклош Харасти таниқли ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг жонига қасд этилганини қоралаган.
Ўз ташкилоти уюштираётган Марказий Осиёда матбуот эркинлигига бағишланган анжуманга қатнашиш учун Душанбега сафар қилиши олдидан Би-би-сига гапирган
жаноб Харасти журналист ўлими борасида тергов шаффоф олиб борилишига чақирди.

Миклош Харасти: Бу қотиллик ҳамманинг фикру-хаёлида. Чунки журналистларнинг хавфсизлиги борасидаги хавотир уларни эркин хабар тарқатишдан тийиши мумкин. Агар биз ўз фаолиятимиздан қўрқувда бўлсак, фикр юритишимиз ҳам чекланган бўлади. Мана шунинг ўзи ҳамма ерда ҳам журналистиканинг асосий хавотири. Марказий Осиёда профессионал ва кескин журналистика билан шуғулланишни истаган иқтидорли ёш мухбирларнинг сони шундоқ ҳам кам, шунинг учун ҳам маҳаллий ҳукуматлар бу қотиллик масаласини ҳал этишаётгани борасида бошқа журналистларни ишонтиришлари керак. Бу масала шаффофлик билан ҳал этилиши керак. Бу нимани англатади? Албатта, ҳеч ким ҳукуматдан терговнинг ҳар бир тафсилотини ошкор этишини кутмаяпти. Аммо улар тергов давом этаётгани борасидаги ва оммани хабардор қилиш мумкин бўлган ҳар бир хабарни етказиб туришлари керак. Ўлдириб кетилган журналистнинг ҳамкасблари ҳуқуқ-тартибот органлари улар билан ҳамкорликда ишлаётганини билишлари ва уларнинг ҳеч бири ё расмийлар, ё қотиллардан қўрқмай ишлаш имконига эга бўлишлари лозим. Бу матбуот билан ҳамкорликдан қочмайдиган тергов дейилади. Бу ўта муҳим.

Мухбирлар қўрқитилади, таҳқирланади ва ҳатто ўлдирилади ва бу мустақил журналистлар ва рўзномалар камситиладиган, мухбирларнинг хатоси эса жиноий ишга айлантириладиган мамлакатларда юз беради

Миклош Харасти, ОХҲТ

Би-би-си: Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва БМТ журналистларни ҳимоя қилишга доир қонун-қоидаларга эга ва Қирғизистон иккала ташкилотнинг ҳам аъзоси. Аъзо сифатида бу мамлакат қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олган журналистларнинг хавфсизлиги бўйича?

Миклош Харасти: Ҳа, яқиндагина Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражали резолюцияси давлатларни журналистларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Менинг ўзим ҳам Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти номидан ҳукуматлар мухбирларнинг хавфсизлигини қандай таъминлашлари борасида тавсиялар тақдим этдим. Чунки одатда мухбирлар қўрқитилади, таҳқирланади ва ҳатто ўлдирилади ва бу мустақил журналистлар ва рўзномалар камситиладиган, мухбирларнинг хатоси эса жиноий ишга айлантириладиган мамлакатларда юз беради. Мухбирлар хатосини жиноятсизлантириш жараёни ҳали бошланмаган. Яъни айтмоқчиманки, журналистларни жамият душманлари деб тақдим этиш ҳоллари кўп. Мухбирларнинг хатолари жиноий кодекс эмас, балки фуқаролик ишлари бўйича маҳкамаларда кўрилиши керак. Яъни, мухбирнинг мақоласидан хафа бўлган одам мухбир билан муаммони фуқаролар иши маҳкамасида ҳал қилиши лозим. Бу масала журналистнинг хавфсизлиги мавзусига жуда яқин. Чунки одатда журналистлар фаолияти жиноийлаштирилган мамлакатлардагина мухбирлар ўлдирилади.

BBC

****

Британия матбуоти Алишер Соиповга суиқасд ҳақида

28 октябр куни “The Times” “Ўзбек журналисти ўлимидан кейин диссидентлар ўз ҳаётларидан хавотирда” деб сарлавҳаланган мақола эълон қилган.
“Индепендент” газетасидаги мақола “Диссидент ўзбек репортёри отиб ўлдирилган” деб номланади.

“The Observer” рўзномаси эса Би-би-си мухбири Наталья Антелаванинг Алишер Соипов хотирасига бағишланган мақоласини эълон қилган.

У “Золимга қарши турган қўрқмас дўстим овозини ўчирдилар” деб номланади.

Мақолаларда Алишер Соиповнинг эълон қилган материаллари Ўзбекистондаги сиёсий вазиятга бағишлангани ёзилади.

Алишер ўлимидан олдин дўстларига ўзини Ўзбекистон хавфсизлик кучлари кузатиб юрганини айтгани барча мақолаларда тилга олинган.

“Индепендент”даги мақола Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Миклош Харасти журналистга ўлимни қоралаб чиққанини ёзади.

Миклош Харашти Алишер Соипов Қирғизистондаги келажакда кўп нарса умид қилинган ёш журналист бўлгани, унинг шафқатсиз ўлимидан ларзага тушгани ва қайғуда эканини билдирган.

“Инденепендент” ёзишича, Алишер Соипов Ўзбекистонда шу йил декабрида мўлжалланган президентлик сайловлари олдидан ўзбек мухолифатининг Ўшда йиғинини ташкиллаштиришга бош қўшган бўлган.

“The Times” рўзномасидаги мақолада Алишер Соипов 2005 йил Андижон қирғинидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган ўзбекистонлик қочқинларни ўзбек агентлари чегарадан ошиб ўтиб, ўғирлаб кетаётгани ҳақида биринчи бўлиб хабар қилгани ёзилади.

Шу ойда Оврўпо Иттифоқи Андижон қотиллигидан кейин Ўзбекистонга киритган жазо чораларини енгиллатди, деб ёзади “The Times”.

“The Observer”даги мақолада Ўзбекистон ҳукумати Алишерни ўлдириш учун 10 минг доллар ваъда қилгани тўғрисида миш-миш тарқалгани, буни эшитган Алишер кулиб, “Мени атиги 10 минг долларга баҳолашганидан ҳафсалам пир бўлди. Ислом Каримов арзон баҳолапти”, деган сўзларини келтиради.

“Ўзбек журналисти ўлимидан кейин диссидентлар ўз ҳаётларидан хавотирда” деб сарлавҳаланган мақолада Қирғизистон хавфсизлик кучлари Алишер Соипов таҳририятида тинтув ўтказиб, маълумотларни олиб кетгани, Қирғизистон хавфсизлик кучлари коррупцияга ботгани боис, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари ўзбек мухолифатига тааллуқли ҳужжатларни қирғизистонлик ҳамкасбларидан осонлик билан қўлга киритишлари эҳтимолидан хавотир билдирилади.

BBC

****

Алишер Соипов ҳақида ҳамкасбларининг хотиралари

Алишернинг отиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар унинг ҳамкасбларини ларзага солган.
24 октябр куни кеч соат 19 ларда Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳри марказида таниқли ўзбек журналисти Алишер Соипов отиб ўлдирилган.
26 ёшли Алишер Соипов “Озодлик”, “Америка овози” радиоларининг, “Фергана.ру” ахборот агентлиги, Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти, Uznews.net. интернет саҳифасининг мухбири бўлган.

У Ўшдаги ўзбек тилида чоп этилаётган “Сиёсат” рўзномасининг асосчиси эди.

Алишер бир йил илгари уйланган, бир қизнинг отаси эди.

Кўпчилик Алишер Соиповнинг ўлими унинг журналистик фаолияти билан боғлиқлигига ишонади

Алишер Соиповнинг отиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар унинг ҳамкасбларини ларзага солган.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Галима Бухарбаева: Мен ларзадаман. Буни англаб етишим қийин бўлаяпти. Алишер нафақат Қирғизистонда, балки бутун Марказий Осиёдаги энг яхши журналистлардан эди. У этник ўзбек бўлгани учун Ўзбекистонга жуда содиқ бўлган. Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеалар учун у жуда қайғурарди. У ёш, чеҳраси нурга тўла одам эди. Мен тасаввур қилолмайман бунга ким қўл урган бўлиши мумкин. Бу ўта даҳшатли. Аммо охирги пайтда Алишер ҳақида жуда кўп ёзишаётганди. “Пресс.уз” каби Ўзбекистон веб саҳифаларида унга қарши танқидий мақолалар чиққанди. Бундан ташқари Алишер “Сиёсат” номли ўзбек тилидаги газетани чиқараётганди.

Журналист Шоҳида Ёқуб Алишер ҳаётлигида уни охиргилардан бўлиб кўрган дўстларидан бири: Мен унинг ўлимидан 30 минут олдин кўргандим. Мен ва Алишерни Қорасув шаҳрига таклиф қилишган эди. Бирга бормоқчи эдик. Лекин Алишернинг офисда баъзи бир ишлари бор эди. Шунинг учун у “сизлар бораверинглар, мен Иқбол ака(Иқбол Мирсадиов) билан бирга такси олиб бораман”, деди. Ўшдан Қорасувга 20 минутча юриш керак. Қорасувга етиб боргунча Алишерга қўнғироқ қила бошладим, трубкани олмади. Хавотир ола бошладик, чунки Алишер доим трубкани оларди. Кейин менга бир журналист танишим қўнғироқ қилиб, Алишер ўлди деб айтди. Қорасувдан Ўшга қайтдик. Офисга етиб бордик. Бутун кўча одамлар билан тўла. Асфальтда қон. Алишернинг жасадини моргга олиб кетишган экан. Алишернинг “Сиёсат” рўзномасидаги мавзуларнинг 80 фоизи Қирғизистонга, қолгани Марказий Осиёга бағишланган эди. Албаттаки, рўзноманинг ҳар бир сонида Ўзбекистонга бағишланган мақолалар эълон қилинар эди. Алишердек ўзбекларимиз кам қолди, менимча. Олижаноб, ўта тарбияли инсон эди у. Ҳеч қачон ҳеч кимга қўпол гапирмас эди. Зиёли инсон эди. Менинг ўйлашимча, ўзбек халқи, ўзбек миллати ўзининг олижаноб ўғлини йўқотди.

Ўшлик тележурналист Маъмуржон Шокиров: Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бутун Қирғизистондаги ўзбек журналистикасининг фожеаси. Алишер бизнинг ташқи дунё билан кўпригимиз эди. Кўприкларимиздан бирига суиқасд қилинди.

uzbek@bbc.co.uk га келган мактублар:

Исмсиз: Alisher o’z davrdoshlaridan, millatdoshlaridan xatto Markaziy Osiyodagi tuzum(lar)ga o’zlarini muxolifat sanaganlarning ayrimlaridan ham 20-30 yil oldinga o’tib ketgan peshqadamlardan edi. Uning ayni shu davr uchun qanday zarur bo’lgan inson ekanligini hali ham tasavvur qilolmaydiganlar bor, afsuski. Kelajak oldida bizlar shunday insonning qadriga yetmaganimiz uchun hali javob bermog’imiz ham bor. Oz umri mobaynida o’zidan yorug’ iz qoldirdi. Alloh rahmatiga olsin! Shahidlik darajasi nasib etsin! Omiyn!

Voris Usmonli, O’zbekiston: Алишер Соиповни Аллоҳ раҳмат қилсин. У ҳақиқатда ҳам фавқулодда истеъдодли, ҳақгўй журналист эди.

Исмсиз мактубдан: Alloh rahmatiga olsin! Bu o’q misoli biz va biz kabi qochqinlarga ga ham tekkandek… Chunki Alisher yaxshi inson edi. Oilasiga ta’ziya izhor etaman. Alloh sabr bersin!

BBC

****

Алишер Соипов билан видолашув

Uznews.net – Бугун журналист Алишер Соиповни сўнгги манзилга кузатиш учун икки юзга яқин одам Ўшга келди, шу куни дилида фикран Алишернинг ёнида бўлганлар сони юз балки минг баравар кўп бўлиши ҳам мумкин.

Эрталаб саҳардан Алишер Соиповнинг отаси яшайдиган уйга дафн маросими учун унинг ўқлар тешиб ўтган жасади келтирилди. Одамлар йиғила бошлади. Уларнинг юзида руҳий ларза ва даҳшат яққол акс этган эди, уларнинг ҳар бири ҳақиқатни, Алишернинг бу дунёда бошқа бўлмаслигини қийинчилик билан англашарди.

Ҳали кечагина қўшниларидан кимдир уни кўчада кўрган; эрталаб эса, қайсидир ҳамкасблари билан чатда суҳбатлашганини; бир неча соат бурун эса, ўзининг офисига кирганини кўришган; 30 дақиқа олдин эса, дўстлари билан яна учрашишга келишиб ҳайрлашган.

Қайғудан мадорлари қуриган Алишернинг қариндошлари келаётган одамлар билан сўрашишга ҳам куч топа олишмаётир, ўғлининг ўлими эзиб ташлаган Алишернинг отаси гапиролмайди, унинг беваси ва етим қолган икки ойлик қизни кўришга эса юрак ботина олмайди.

Маросимга келган Алишернинг ҳамкасблари, журналистлар, уларни ларзага солган хабардан ўзларини буткул йўқотиб, ўзлари билан ҳатто асосий иш қуроллари бўлган камера ва диктафонларини олишни ҳам унутишганини фақат воқеа жойига келиб англашган, чунки улар мислсиз қайғу остида қолганларига қарамай, ишларини давом эттиришлари лозим. Эндиликда уларнинг Алишер учун қилишлари мумкин бўлган ягона ишлари – бу фақат журналист бўлиб қолишлари ва ёзишлари эди.

Алишер профессионал киллер томонидан, шафқатсиз ва совуққонлик билан соат кечқурун 19 дан кейин, Ўшнинг марказий ҳудудларидан бирида ўлдирилган. Қотил орқадан келиб даставвал Алишернинг оёғига отган, у йиқилгач эса, қурбонининг елкаси оша бошига тўппончасини тираган ҳолда ўқ узиб ўз қурбонини тинчитган. Жиноят содир бўлган жойда Ўш милицияси ходимлари томонидан Макаров тўппончасининг учта гильзаси топилган. Алишернинг баданида эса ўқ тешиб ўтган учта жароҳат қолган.

Ўшдаги ҳуқуқ тартибот идоралари, «Қотиллик» моддалари бўйича жиноий иш очишган, улар журналистга бўлган суиқасднинг асосий талқини сифатида унинг касбий фаолиятини кўришмоқда.

Алишер ўзининг ёшлигига қарамай Қирғизистондаги машҳур бир журналист эди, у бор йўғи энди 26 га тўлганлигига қарамай, сиёсат, иқтисод ва инсон ҳуқуқларига бағишланган ўта қалтис ва мураккаб мавзуларга қўл урарди.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган этник ўзбек бўлган Алишер, ўз уйидан атиги бир неча ўн километр наридаги қўшни Ўзбекистонни ўз ватани дея биларди.

Ўзбекистондаги мураккаб ижтимоий сиёсий вазият, Ислом Кариимовнинг диктаторлик режими, мустабид сиёсат туфайли йил сайин ҳалқнинг ёмонлашаётган аҳволи, журналист фаолиятидаги ўзбек мавзусининг асосий мотивига айланди.

Ва бу ҳодисалар, эҳтимол, қайсидир даражада Алишернинг хоҳишларига мутлақо зид бир тарзда бўлаётган эди. 2005 йили 13 май куни ҳукумат юзлаб ўзбекларнинг ёстиғини қуритган Андижон қирғинидан мўъжиза билан омон қолган одамлар Қирғизистонга кириб келганида у ҳеч замон четда туриб томоша қилган бўлармиди.

Бутун тун бўйи ўшанда Андижондан даҳшатдан қалтираган, кийим бошлари қон ва балчиққа ботган одамлар Алишернинг кўзи олдида қирғиз чегарасидан ўта бошлашганди, улар орасида болалар, аёллар, қариялар бор эди.

Алишер ўшанда, Андижондан Қирғизистонга кириб келган қочқинлар мавзусини ёритган, қандай қилиб қонли қирғин тўлқини қўшни мамлакат остонасига етиб келгани ҳақида ёзган илк журналист бўлди.

Чегарадош Ўш вилояти Андижон воқеаларига қадар ҳам сиёсий, диний сабаблар билан мамлакатни тарк этаётган ўзбек қочқинлари учун «Касабланка»га айланганди, кейин Андижон ўртага чиқди, Ўзбекистондан қочаётганлар оқими эса ҳануз тўхтагани йўқ.

Ва Ўшга келган аксарият ўзбеклар, у ерда уларга ҳамдард бўла оладиган ва Каримов диктатураси жабрдийдаларининг кўнглини кўтара оладиган журналист Алишер Соипов борлигини яхши билишарди.

Алишер билан яхши таниш бўлган аксарият қочқинлар кейинчалик ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилади, айримлари эса бедарак кетади. Буларнинг барчаси ҳақида Алишер ёзган эди.

Унинг Интернет орқали тарқалган, кейинчалик эса шу йилнинг бошидан нашр қилина бошланган ўзбек тилидаги “Сиёсат” газетасида босилган Ўзбекистон ҳақидаги мақолалари, расмий Тошкентнинг ғазабини келтираётган эди.

Сўнгги бир неча ой давомида ўзбек режимининг оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг мустақил журналистларидан бирортаси Алишер Соиповчалик танқид ва тухматларга қолмаган эди.

Бундан икки ойча бурун унинг шахсига бағишланган совет ташвиқотининг энг яхши анъаналари асосида тайёрланган бутун бошли кўрсатув Наманган телевиденияси орқали намойиш этилди.

У ҳақдаги gazeta.uz, press-uz.info каби бир қанча сайтларда пайдо бўлган кўпдан кўп мақолаларда, Алишер гоҳ АҚШнинг, гоҳ Қирғиз махсус хизматларининг жосуси, гоҳ Ўзбекистон Исломи ҳаракати, гоҳ «Хизб-ут-Тахрир» аъзоси, гоҳида эса Ўзбекистон «Эрк» Демократик партиясининг жанубий Қирғизистондаги вакили сифатида акс эттирилади.

Шундай қилиб, 12 сентябрда gazeta.uz сайтида Наманган давлат Университети доценти Обидхон Маматовнинг: «Соипов: Бизнинг Қирғизистондаги МДҲ ва ШОС бўйича ҳамкорларимиз орасида туриб Ўзбекистоннинг орқасига душманларча қадалган ҳанжар» сарлавҳаси остидаги мақоласи эълон қилинди.

Унда Алишер Қирғизистоннинг жанубида Ўзбекистондаги ҳукуматни ағдаришга қаратилган экстремистик адабиётларни тарқатишда айбланади.

«Ўш яқиндан бери ўзбек зиёлилари орасида ёлғон ва туҳматлар манбаси рамзи сифатида гавдаланмоқда. Айнан шу ердан туриб агар ҳар куни бўлмаса ҳам, кун ора, Ўзбекистон томонга тупуклар, ҳақоратлар, баъзан эса очиқдан очиқ бизнинг муқаддас юртимиз шаънига ёлғон айбномалар отилади.

- Бу ифлос ўйиннинг барчаси аслида ўзи анча кўримсизгина бўлса ҳам, роса манман йигитча Алишер Соипов томонидан амалга оширилмоқда», - дея ёзади Маматов.

Соиповнинг касб фаолияти Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаётгани кўпчиликка маълум эди, бу ҳақда журналистнинг ўзи ҳам яхши биларди.

Унинг яқин дўстларига кўра, унга