Алишер Соипов хотирасига

_44196878_saipov203.jpg Ёдгор Обид

Юсуф Жума

Сарвар Усмон

 Юрий Коноплёв

Холдор Вулқон

Матлуба Азаматова

Ризо Обид

Юсуф Расул

Таҳлил 

****

Ёдгор Обид, Австрия

(Алишер Соип хотирасига)

Қанча қурбон керак, сенга, адолат,
Орзусан. Йўлларинг шунчалар оғир…
Интилдик. Изладик. Кесди разолат,
Қотиллар тиғ санчди,
Қон бўлди бағир.

Бу қандай кўргулик,
Бу қандай таҳқир-
Қонига қорилиб ётар жасорат…
Нияти қалбидай соф эди, ахир,
Умиди эзгулик,
Элга шафоат…

Бугун шундай бўлди бизларнинг луғат:
-Алишер-курашдир,
-Алишер-орзу,
-Алишер-эзгулик,
Алишер-даъват.
Виждон-у. Виждонга тутилган кўзгу.

Залолат бўлолмас ҳамиша устун,
Жоҳил золимларга ҳукми олий бор.
Кун келар. Кун келар.
Келар ўша кун-
То мардлар кўксида
Яшаркан виқор…

Кўзимда ёш билан қилурман хитоб:
-Гарчи ёв кўксимиз олмиш нишонга,
Ҳар томчи қон учун ул бергай жавоб,
Минглаб Алишерлар чиқар майдонга!

****

Алишер бошини ҳам еди манфур оқпадар

 ЮСУФ ЖУМА

Эмин Усмон қотили Тошкентда Оқсаройда,
Шовруқ — иймон қотили Тошкентда, Оқсаройда.
Қон Андижон қотили Тошкентда Оқсаройда,
Ўзбекистон қотили Тошкентда Оқсаройда.

Хун устида ўтирар хунхўр қутурган аждар,
Ичи сирти сақардир, ҳар бир нафаси сақар.
Алишер бошини ҳам еди манфур оқпадар
Эр арслон қотили Тошкентда, Оқсаройда.

Қурқув бор ўша ёнса ёнарди бутун Ватан
Бир золим бутун халққа тоқатдан тикди кафан.
Кўмилди барча осмон — элим деб дониш ёрон,
Марди майдон қотили Тошкентда Оқсаройда.

Ғофил халқ оёққа тур, гар бўлмаса оёғинг
Нафратга тур, кучга тур, ўчаётир чироғинг.
Қиёматда ҳам ўртар юрагингдаги доғинг
Аҳли иймон қотили Тошкентда Оқсаройда.

****

Алишерга

Сарвар Усмон

Йигирма олтидайдинг,
қирқ тўққиздаман.
Орадаги тафовут -
йигирм(а)уч кўйлак.

Уч ердан тешилган
сўнгги кўйлагинг
Ўшни қоплаволди
бўлиб бир желак.

Енги йўқ, чоки йўқ
янги кўйлакда
ётволиб сен биздан
сўраётгандай:

- Яшашдан мақсадийз
недир акалар?
Сўйланглар, акалар,
мен билиб ётай?

- Қийнама укажон,
тиллар танглайда.
Мажол йўқ танада –
қийин сўйламак.

Ҳаммаёқ зимистон,
йўллар тўсилган,
кўзлар ўйилгандир -
имконсиз кўрмак.

- Ҳа, мендан ечириб
олганийз кўйлак
Ўшни қоплаволди –
Қуёш кўринмас.

Лекин мен…
Лекин мен
ўша кўйлакдан
учта туйнук очиб
қўйиб келдимку?!

Наҳот кўрмаяпсиз
у туйнуклардан
сизиб тушаётган
уч қатим нурни?!

Наҳот кўрмаяпсиз?
У туйнуклардан
сизиб тушаётган
Илоҳий Нурку!

Мен ахир,
мен ахир…

Эҳ, сиз акалар…
Эсли акалар…

****

Посвящается Алишеру Саипову

Юрий Коноплев

Люди с чистой совестью в народе –
Были, будут, есть во все века.
С волею свободной по природе,
Ох, страшны, диктаторам всегда.

Лавры им победы не наденут,
Где под страхом держится народ.
Но труды их, верьте, не исчезнут,
Род героев даст великий плод.

Их сажают в зоны к отморозкам,
«кум», садист, известно, пьян злодей.
Зря к нему борцов за так не возят,
Здесь ГУИН в могилу шлет людей.

Люди с чистой совестью, - ГЕРОИ,
Навсегда останутся в сердцах.
Навека, узбек, ты их запомни
Их благодари, что скинул СТРАХ.

Сбудутся узбеков ожиданья.
Многим не дожить до той поры.
Но палач - за слезы, за стенанья.
Проклят станет больше САТАНЫ.

Имена борцов с режимом адским -
В памяти потомки сохранят. -
На «Аллее СЛАВЫ» - холмик «братский»,
На земле узбекской - будет СВЯТ.

****

Парвоз

(Журналист Алишер Соипов хотирасига)

Холдор Вулқон, Канада.

Шоир Шавкат Рахмон соғинчи бўлиб,
Хазонрез боғларга термулганим Ўш.
Мен учиб кетяпман турналар билан,
Алвидо, дўстларим, ҳайр энди, ҳўш.
Булутлар хирмони аро учаман,
Ҳамрохим Оллохга муҳаббат шукри.
Ҳайр эй, еб туймас, одамхўр қотил,
Қабрни тўғрилаб қўйгувчи Букри!
Ҳайр, мен Оллохнинг ёнига кетдим,
Сиз фисқу фасодни этдиринг давом.
Жаллодлар бўғзидан тутар бир куни,
Андижонда қирғин қилинган авом.
Ҳайр, ювиндихўр, ақлдан озган,
Чиркин мақсадига етган аёнлар.
Интернетнинг сассиқ ботқоқларида,
Ниш уриб бир - бирин чаққан чаёнлар!
Кўряпман, бир пайтлар мени жосус деб,
Бугун гўзал нутқлар этяпсиз ирод.
Инграр Навоийда, қамоқхонада,
Оёқ - қўли синиб ётган Дилмурод.
Қитъадан қитъага учар гувала,
Хандакка беркининг, тегмасин бошга!
Бу Ўзбек халқининг мухолифати,
Учаман кўзларим тўлганча ёшга.
Сизни ҳам кўряпман, ҳей тоза авлод!
Энди сиз бирлашинг Режымга қарши.
Токи хўрланган эл фарёдларидан,
Ларзага келмасин Оллохнинг Арши!
Мабодо бу йўлда қурбон бўлсангиз,
Одамлар бош эгиб ўйга чўмишсин.
Кафан топилмаса хилпираб турган,
Ватан байроғига ўраб кўмишсин!

29 октябрь, Кеч соат 7 дан 35 минут ўтди.
Канада. Торонто шахри.

****
Дўстим Алишер Соиповга

Матлуба Азаматова, Швеция.

Сени марҳум дейишга тилим бормас.
Зеро Cен мангуликка дахлдор буюк инсонсан.
Сен дунёда ҳақиқий ўзбек қандай яшаши ва курашиши кераклигини исботлаб кетдинг.

1
Бугун юрак хомуш ва ғамгин
Ҳақиқатга ўқлар отилди.
Кулфат эса мағрур ва ғолиб
Виждон бугун пулга сотилди.

Ўшда ўчди бир нурли чироқ,
Оппоқ руҳга айланди дўстим.
Бунча аччиқ бўлмаса фироқ,
Нега сени қучоқлар ўлим.

Сен ёнардинг, ёндириб халқни
Муз қалбларга берардинг умид.
Истеъдодинг ёритди ҳақни,
Лекин кўкда қоп-қора булут.

2

Ўзбекистон аталмиш юртда
Халқ қонини золим сўрарди.
Тенгдошларинг Ўзбекистонда,
Қуллик даврин афзал кўрарди.

Эртаю-кеч қонхўрни мақтаб,
Виждонини ичга ютарди.
Ўз халқини отганни оқлаб,
Ҳомийсидан эҳсон кутарди.

Ҳақиқатгўй мухбирни доим,
Қоралашар тўтиқуш мисол.
Зарур пайтда бўлишар ғойиб
Халқ корига ярашмас зинҳор.

Алишерчи халқин севарди,
Ҳамдард эди унинг дардига.
Ўлим, сенинг қўлинг қабарди,
Харид бўлдинг Ўшнинг мардига.

3

Хайқираман сенга эй,қисмат
Борми ўзи бунда адолат?
Қачонгача қотил қабоҳат ,
Қачонгача ғолиб разолат!

Олислардан янграйди садо,
Ғолиб бунда Алишер, ишон!
Ёвуз бир кун бўлади адо,
Тарих қулларига солади кишан.

Виждонини иблисга сотган,
Қотилларга дўзах бор, тайин.
Тепадаги мағорлаб ётган,
Кимсанинг ҳам ўлими яқин.

****

 Ризо Обид

Сиз яшайсиз, сиз тирик

Сизни ўлди дейишди,
Мен бунга ишонмайман.
Алвидо деганлардай,
Сўзларни айтолмайман.

Кутаяпман куну тун,
Шум хабар ёлғонлигин.
Сиз тириксиз мен учун,
Бу кўнглимда қолгани.

Бунчаям иқтидорли,
Баъзилар марсияга.
Қонингиз совимасдан,
Чопишар таъзияга.

Сарлавҳада исмингиз,
Айримларга арғимчоқ.
Учишар сохта обрў -
Мансабни бўлиб қучмоқ.

Кўзёш тўккан баъзилар,
Ош ейишар сиз учун.
Чин дўст бўлсалар агар,
Таом ўтарми бугун.

Асли тахтталаб ўлган,
У қотил сизга балки.
Қасрга интилади,
Сиз ўлжа унга галги.


Сиз яшайсиз,сиз тирик,
Яратганнинг суйгани.
Билсангиз эди сизчун,
Юрагимнинг куйганин…

Сиз яшайсиз, сиз тирик!…

****

Дўстим Алишер хотирасига

Юсуф Расул

Билмам қай манзилни ихтиёр этдинг,
Жуда тез келдингу жуда тез кетдинг.

Шунчалар шошилинч эдими ишинг?!
Шунчалар кўпмиди сени ташвишинг?!

Чақмоқдек ёндингу, чақмоқдек ўчдинг,
Борлиқ қолиб нега йўқликка кўчдинг?!.

Сени соғинганми эди ё тупроқ,
Сени соғинганми эди ё фироқ?!.

Қайдан билган эдинг умр сарватин?
Қайдан билган эдинг яшаш санъатин?

Ўлим ҳам бўларми шунча фарахли?
Ҳаёт ҳам бўларми шунча шарафли?

Сени ўлдирганлар тушунмас буни,
Ўлдириб бўларми сўзни, туйғуни?

Ўлдириб бўларми куйни, баётни?
Ўлдириб бўларми ахир ҳаётни?

****

14.11.07 20:17
Уч ҳафта. Алишер Соипов хотирасига

Uznews.net – Ўзбекистоннинг энг кучли шоирлари Алишер Соипов хотирасига шеърлар битишмоқда. Алам ва дард билан ёзилган бу шеърлар муросасиздир ва уларда Алишер қотили аёвсиз сатрларда лаънатланади.

Бухоролик шоир Юсуф Жума ўз шеъриятига хос шарттакилик ва аёвсизлик билан Алишер Соиповга бағишланган шеърий сатрлар орқали ҳақиқий қотилнинг манзилига ишора қилади:

Эмин Усмон қотили Тошкентда Оқсаройда,
Шовруқ — иймон қотили Тошкентда, Оқсаройда.
Қон Андижон қотили Тошкентда Оқсаройда,
Ўзбекистон қотили Тошкентда Оқсаройда».

Тилининг ўта соддалиги ва аниқлиги билан ажралиб турувчи таниқли ўзбек диссидент шоири Юсуф Жума асарларида Ўзбекистон сиёсий ҳаёти урғуланаркан, улар энг олий суд – Виждон суди ҳукмидай янграйди, Алишернинг қотили Жуманинг эътирофига кўра, – Ислом Каримовдир.

Ушбу кимса, шоир ёзганидек, азоблаб ўлдирилган ёзувчи Эмин Усмонннинг ҳам қотилидир, ўлимига қадар 2001 йили у Ўзбекистон ички ишлар вазирлигида бир неча кун давомида ҳибсда сақланиб, қийноқларга солинган эди. ИИВ томонидан ўша йили Қашқадарёлик ҳуқуқ ҳимоячиси Шовруқ Рўзимуродовнинг ўлдирилишига эса бир мунча кўпроқ вақт сарфланди.

Уларнинг қийноқларга солиб ўлдирилиши, Юсуф Жуманинг фикрига кўра, тасодиф бўлиши мумкин эмас. Бу қотиллик, ИИВ жаллодларининг ортиқча садизм ва лаганбардорлик туйғусидан келиб чиқмаган, асло, уларни қатл этишган, чунки улар ўлдирилиши керак эди, бу ҳақда Оқсарой – президент Ислом Каримов қароргоҳидан буйруқ бор эди.

Қароргоҳнинг шу сингари буйруғи 2005 йилнинг 13-майида Яна бир бор янгради. Ўшанда ўзбек армияси ўз халқига қарата Андижонда, ким ҳақу, ким ноҳақ, аяб ўтирмасдан, ким қуролли қўзғолончию, ким оддий фуқаро, у – оддий аёлми ёки тасодифан келиб қолган болаларми, уларнинг барига қарата ажал ўқларини ёғдирди.

Хун устида ўтирар хунхўр қутурган аждар,
Ичи сирти сақардир, ҳар бир нафаси сақар.
Алишер бошини ҳам еди манфур оқпадар
Эр арслон қотили Тошкентда, Оқсаройда».

Ёдгор Обид, Холдор Вулқон, Ризо Обид, Юрий Коноплев, Сарвар Усмон, Матлуба Азаматова, Юсуф Расулнинг Алишер хотирасига ёзган шеърлари, гўё қаламдан қон аралаш кўзёш орқали сизиб чиққандай.

Алишер Соипов ўлдирилганидан кейин унинг шаънига битилган бу шеърлар, шоирларнинг ўз эътирофларига кўра уларнинг илгариги асарларига асло ўхшамайди.

Ёш, ҳамма ҳурмат қилган ва севган бир инсоннинг тасодифий ўлими, унинг намойишкорона, кўпроқ оммавий қатлни эслатувчи юзсизларча ўлдириб кетилиши, барчани ларзага солган эди. Бу воқеа яна бир карра Ислом Каримов режимининг нақадар ваҳшийлашиб кетгани, ҳокимиятни қўлида ушлаб туриш учун ҳар нарсага тайёр эканлигини яна бир бор кўрсатди. Ва булар яна бир бор эътироф қилиниши лозимки, шунчаки сўзлар эмас.

Бугун шундай бўлди бизларнинг луғат:
-Алишер-курашдир,
-Алишер-орзу,
-Алишер-эзгулик,
Алишер-даъват.
Виждон-у. Виждонга тутилган кўзгу».

дея ёзади шоир Ёдгор Обид. Бироқ, ўзини азоблаётган оғриқларга қарамай, шоир барибир бир кун, адолат куни келажагига ва қотил топилишига ишонишини айтади:

Кўзимда ёш билан қилурман хитоб:
-Гарчи ёв кўксимиз олмиш нишонга,
Ҳар томчи қон учун ул бергай жавоб,
Минглаб Алишерлар чиқар майдонга!»

Uznews.netга интервью бераркан Ёдгор Обид, Алишернинг ўлими барчани ларзага солганини айтади. Шоирларнинг шеърлари ҳам бир биридан ўзгача, бироқ уларнинг барини бирлаштириб турган умумий ҳусусият – улардаги кучли фуқаролик туйғуси, бу каби ёвузлик билан келиша олмаслик, қаршилик, чуқур дард ва кўзлардаги кўзёшдир.

Бу шеърлар, Ёдгор Обидга кўра, кўзларда ёш билан юракдан ёзилган.

«Мен илгари Алишер ҳақида кўп эшитгандим ва «Озодлик» радиоси орқали уни кўп тинглар эдим, - дейди Ёдгор Обид. – Унинг фикрларидаги, дунёқарашидаги теранлик мени ҳайратга соларди. У ўз тенгқуралига кўра фаолроқ, юрагида худо берган ўти бор эди».

Шоир Холдор Вулқон Алишер ҳақидаги шеърида шундай ёзади:

Сизни ҳам кўряпман, ҳей тоза авлод!
Энди сиз бирлашинг Режимга қарши.
Токи хўрланган эл фарёдларидан,
Ларзага келмасин Оллохнинг Арши!

Мабодо бу йўлда қурбон бўлсангиз,
Одамлар бош эгиб ўйга чўмишсин.
Кафан топилмаса хилпираб турган,
Ватан байроғига ўраб кўмишсин!»

«Алишер Соипов хотирасига битилган шеърлар,  норозилик, золимга қарши ғазабли хитоблардир, - дейди шоир Холдар Вулқон. – Мен уларнинг ҳаммасини ўқиганман – улар юрак қони билан ёзилган, Юсуф Жуманинг сўзлари эса қиличдай кескир. Бу инсон Машраб каби Худонинг неъматига ноил бўлган инсон, у бугуннинг Машраби, теран ва қўрқмас шахсият эгаси».

Шоирларнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистонда ва унинг чегараларидан ташқарида виждонлари уйқу билмас шахслар, сўз эгаларини йўқ қилишмоқда, шундай инсонларнинг бири Алишер, ИИВ томонидан қийноқларга солиниб ўлдирилган Эмин Усман, Шовруқ Рўзимурадов ва бошқа кўплаб Каримов режимининг қурбонлари эди.

Бироқ, шу фактнинг ўзи, шундай одамларнинг борлиги, Ўзбекистон халқи ҳали бошидан жудо этилмаганнини англатади, у барҳаёт, унинг онги ва юраги бор. Ва шоирнинг вазифаси – нурафшон ёғдуни ўз халқига элтиш, гарчи қийин ва баъзан ҳаёт учун хатарли бўлсада Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар шарафига ҳақиқатни гапиришдир.

Алишер бизнинг қалбимизда мангу яшайди. У ҳамиша ёш, қувноқ, қўрқмас ва букилмас инсоний қадриятлар эгаси бўлган бир йигит сифатида, бизнинг дўстимиз ва укамиз бўлиб қолади.

У ҳақда шоир ва журналист Юсуф Расул шундай ёзади:

Ўлим ҳам бўларми шунча фараҳли?
Ҳаёт ҳам бўларми шунча шарафли?
Сени ўлдирганлар тушунмас буни,
Ўлдириб бўларми сўзни, туйғуни?
Ўлдириб бўларми куйни, баётни?
Ўлдириб бўларми ахир ҳаётни?»

Uznews.net