БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ
Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га, у зотнинг саҳобаларига ва қиёматгача У зотнинг йўлидан юрадиган мўмин мусулмонларга салом ва салот бўлсин!
Мени Сизга мактуб ёзишга ундаган бир неча сабаблар бор. Улардан биринчиси, мен 1995 йилда “Зиндон теварагидаги гаплар” номли китоб ёзган эдим. Ўша китобда Сизнинг шахсингизга ҳақорат шаклида айтилган сўзлар бор. Мен бу сўзлар учун Сиздан узр сўрайман! Одамлар яхши кўрадими, ёмон кўрадими,Сиз давлат раҳбарисиз ва Сизга айтиладиган гаплар ҳикмат ва юмшоқлик билан айтилиши керак эди. Афсуски, менинг ўша китобимдаги гапларни ҳикматли гаплар, деб бўлмайди.
Иккинчидан, яқинда Сизнинг Афғонистон масаласида билдирган фикрларингиз дунё матбуотида, жумладан, Туркиядаги “Жаҳон” (туркча “Cihan”) хабар агентлигида ўрин олди. Бу хабарга қараганда Сиз Ўзбекистон Сенатоси ва Қуйи палатасининг умумий мажлисида шундай дегансиз:
“Афғонистон масаласини қурол кучи билан ҳал қилишнинг имкони йўқ! Афғонистон масаласида энг тўғри йўл афғон халқига иқтисодий ёрдам бериш ва бу халқ тушунадиган тилда тинчлик ва диалог шартларининг ўртага қўйилишидир”.
Мен Сизнинг “Афғонистон масаласини қурол кучи билан ҳал қилишнинг имкони йўқ!”, деган фикрингизга тамоман, “бу халқ тушунадиган тилда тинчлик ва диалог шартларининг ўртага қўйилишидир”, сўзларингизга эса қисман қўшиламан. Қисман дейишимнинг сабаби бу сўзлар билан нимани назарда тутгансиз, буни яхши тушуна олмадим. Агар бу афғон халқи билан ислом қоидалари асосида диалог қуриш лозим, деган маънода бўлса, бунга қўшилиш мумкиндир.
Учинчидан, мен ҳали ҳам Ўзбекистон фуқаросиман. Шу сабабдан халқимиз ва давлатимиз ҳаётига оид масалаларда сизга “амру бил маъруф ва наҳйи мункар қилиш, яъни яхшиликни амр этиб, ёмонликдан қайтариш” бутун мусулмонларга, шу жумладан менга ҳам бир вазифадир.
Сизнинг Афғонистонга оид сўзларингиз айнан Ўзбекистондаги бугунги аҳволга ҳам тааллуқли, дейишимиз мумкин. Яъни, Ўзбекистондаги муаммоларни ҳам куч ва тазйиқларга асосланган сиёсат билан ҳал қилиб бўлмайди. Мен сўзни қисқа қилиш учун бир ҳақиқатни сўз бошидан айтмоқчиман: Бугун нафақат Ўзбекистон ва Афғонистондаги муаммоларнинг, балки бутун дунёдаги муаммоларнинг сабаби Ислом динини қандай тушуниш масаласи ва инсонларнинг, шу жумладан ғарб давлатларидаги динимизга мухолиф кучларнинг Исломга бўлган муносабатидир, десак хато қилмаган бўламиз.
Ғарб давлатларидаги динимизга мухолиф кучларнинг Исломга бўлган муносабати бу мактубнинг мавзуси эмасдир. Унинг мавзуси биз мусулмонларнинг динимизни қандай тушунишимиз ва уни қандай ҳаётга татбиқ этишимиз масаласидир. Мен Сизнинг ватанимиз келажаги учун умуман Ислом динининг қадриятларига ўрин берилмайдиган жамият орзу қилаётганингизга ишонмайман. Ҳа, Сиз ҳақиқатан ҳам мусулмонларга ва улар тузган турли ҳаракатларга қарши жуда қаттиқ қўл сиёсат олиб бормоқдасиз. Фақат ватанимиз аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардир ва Ўзбекистоннинг бугунини ҳам, келажагини ҳам Исломий қадриятларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
ХУРОФАТ ВА ЖОҲИЛЛИККА ҲАММАМИЗ ҚАРШИМИЗ
Ислом ҳақида гап кетганда динимизни яхши билмайдиган баъзи кишилар Исломда ўрни бўлмаган хурофот ва жоҳилликларни далил кўрсатиб, Исломга умуман йўл бермаслик, деган қарорга келадилар. Мана шундай хурофат ва жоҳилликлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун улар ҳакида қисқача тўхталмоқчи эдим:
1) Имон ва эътиқод масаласида: Аллоҳ таолога иймон келтириш билан бирга қабрларни муқаддаслаштириш ва ўликлардан ёрдам сўраб, уларга дуо-олтижо қилиш, фолбинлар ва коҳинларнинг “фатволарига” эргашиш ва шунга ўхшаш ширк, бидъат ва хурофат ишлар.
2) Уламоларни руҳоний сифатида қабул қилиш, уларни муқаддас зотлар ҳисоблаш ва инсонларнинг диний масалаларда улар чизган чизиқдан чиқмаслиги.
3) Сиёсий масалада: Маҳаллий хонликларни Исломий санаб, уларни тахтга ўтиртиш ва тахтни ҳам отадан болага ўтадиган мерос, деб билиш.
4) Иқтисодий ва ижтимоий соҳада: мол-мулкни бойлар ихтиёрига бериб, камбағалларни уларнинг қули сифатида кўриш.
5) Таълим ва маориф соҳасида: дунё илмарини охират илмлари билан айни даражада ўрганмаслик, яъни умумий маърифатсизлик.
6) Аёллар масаласида: аёлларни мактабдан ва иш ҳаётидан тамоман ажратиб қўйиш.
Ватанимизнинг сўнгги беш юз йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, умумий тарзда айтганда мана шундай хурофат ва жоҳиллик манзарасини кўрамиз. Бу манзарадан икки нарса мустаснодир: биринчиси, ўша вақтларда ҳам халқимиз ичида албатта, саводли, иймонли ва тақволи кишилар бўлган. Иккинчиси, руслар мамлакатимизга бостириб келгандан кейин ва айниқса совет тузуми ўрталигандан кейин халқимиз динидан тамоман ажралиб қолди.
ҲОЗИРГИ ВАҚТДАГИ МУАММОЛАРДАН ҚУТИЛИШНИНГ ЯГОНА ЙЎЛИ ЎРТА ЙЎЛ ҲИСОБЛАНАДИГАН ИСЛОМИЙ ФУҚАРОЛИК ВА ДУНЁВИЙЛИК ЖАМИЯТИ ҚУРИШДИР
Аллоҳ таолонинг иродаси билан бугун халқимиз мустақил бўлди. Дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат бор. Фақат биз халқ сифатида ҳам, давлат сифатида ҳам йўлимизни топиб олганимиз йўқ. Сиз бошқараётган Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари, жумладан мусулмонларнинг ҳуқуқларини паймол қилаётгани халқимизнинг ҳам, дунё жамоатчилигининг ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда.
Халқимиз ва давлатимиз ҳаётига оид чигал муаммоларни ҳал қилиш аввало халқ ва давлат қайси йўлни танлаши керак, деган саволга жавоб беришдан бошланади. Коммунистик йўлдан, алҳамдулиллаҳ воз кечилди. Фашистларнинг йўли ёки аввалги асрларда мавжуд бўлган маҳаллий хонликлар тузумини қайта тиклаш ҳақида гап ҳам бўлишиш мумкин эмас. Диктаторлик режими ҳам бизни маънавий ва моддий инқирозлардан олиб чиқаролмайди, аксинча уларни янада авжга чиқаради. Демак, ўртада икки йўл бор: Биринчиси, Исломий фуқаролик ва дунёвийлик жамияти қуриш. Иккинчиси эса, ғарб демократиясини жорий қилишга уриниб кўриш..
Ислом ва демократияни ҳақиқати билан биладиган мусулмонлар Ўзбекистонда ғарб демократиясининг жорий қилинишига ишонмайдилар. Аввало бу эътиқодий масаладир. Қолаверса, аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда бундай уринишларга қарамай уларнинг ҳеч бирида ғарб демократияси тўлиқ шаклда жорий қилина олмади. Бунинг асосий сабаби Ислом дини факторидир. Аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қиладиган мамлакатларда мавжуд тузумларнинг шаклидан қатъий назар, Ислом фактори мавжуддир ва бу факторни ҳисобга олмасдан сиёсат юргизишнинг ҳеч бир имкони йўқ. Бугун нафақат ислом дунёсида, балки бутун дунёда Исломга ва мусулмонларга нисбатан қандай сиёсат юргизилиши кераклиги ҳал қилинмаган. Натижа эса маълум: ислом дунёсида ҳам, умуман дунёда ҳам истиқрорсизлик ва ҳузурсизлик ҳукмрондир.
Аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қиладиган мамлакатларда ғарб демократиясини жорий қилишга уринишларнинг мувафаққиятсизлигига икки мисол келтирмоқчиман: булардан биринчиси Жазоир мисолидир. Жазоирда мусулмонларга ўз фирқаларини тузиб, демократик сайловларда қатнашиш ҳуқуқи берилди. Сайловларда аҳолининг кўпчилиги исломий партияга овоз бердилар. Натижа мусулмонларнинг қатлиоми билан тугади. Бу қатлиом уни амалга оширганларнинг айбидир, албатта. Аммо демократик йўлдан юришни истаган мусулмонлар ҳам бу айбга бир маънода шерикдирлар. Чунки улар қилаётган ишларининг Ислом динининг жамиятда тадбиқ қилиниш қоидаларига тўғри келмаслигини билолмадилар…
Иккинчи мисол Туркия мисолидир. Маълумки, Туркияда ҳарбий диктатура соясида ғарб демократиясини жорий қилишга уринилмоқда. Аммо Туркиянинг тарихида бўлгани каби, бугун ҳам ислом фактори мамлакат ҳаётида асосий ролни ўйнамоқда. Ҳозир иш бошида исломий, деб баҳоланаётган ҳукумат бордир. “Исломий, деб баҳоланаётган ҳукумат”, дейишимнинг сабаби Туркиянинг мавжуд ҳукумати эътиқодли ва намозхон мусулмонлардан ташкил топганига қарамай, уларнинг дастурида мавжуд тузумни ўзгартириб, унинг ўрнига исломий тузум қурамиз, деган фикрлар ўрин олмаган. Зотан, Туркиядаги мавжуд тузумнинг бундай дастурга йўл бериши мумкин ҳам эмас. Айни пайтда мана шундай чала исломий ҳукумат билан ҳарбийлар ўртасида ҳокимият мужодаласи давом этмоқда. Бошқа томондан бу мамлакатда ўттиз йилдан бери фуқаролар уруши ҳам давом этмоқда. Яъни, аҳолининг салкам учдан бирини ташкил қиладиган курд халқининг вакиллари мустақиллик талаб қилиб, қуролли исёнга бош урганлар. Яна Туркияда суннийлик ва шиалик (алавийлик) тарафдорлари, сўфийлик ва унга қарши бўлганлар орасида низо ва ихтилофлар мавжуддир. Яъни, Туркиянинг мавжуд ҳукумати ҳарбийлардан устун келган тақдирда ҳам, ўз мамлакатларидаги эътиқодий, миллий ва ижтимоий муаммоларни ғарб демократияси қоидалари билан ҳал қила олмайди. Чунки бу мамлакатда ғарбдаги каби инсонларга тамоман эркинлик бериладиган бўлса, бир томондан Исломий жамиятни қуришни истаганлар ва уларга қарши бўлган ғарб демократияси тарафдорлари, иккинчи томондан турли миллатларга оид бўлган миллатчилар орасида ўзаро низо чиқиши шубҳасиздир. Зотан, бу кучлар орасидаги низо бугунги кунда ошкор ва ярим ошкор шаклда ўртага чиққандир. Туркиядаги бу муаммоларни ҳарбийларнинг назоратидаги “демократик режим” ҳал қила олмаётган бўлса, ҳарбийларнинг назоратидан қутулган ғарб демократик режими асло ҳал қила олмайди. Хуллас, Туркияда бир асрга яқин вақт мусулмон мамлакатда ғарб тарзи бир жамият қуриш учун сарфланди. Аммо бунга эришишнинг имкони бўлмади. Ҳозир келинган нуқта 20 асрнинг бошларидаги вазиятнинг айнисидир. Яъни, бир асрга яқин вақт бўш ғоялар ва фойдасиз мужодалар ва ихтилофлар учун сарфланди…
Шундай қилиб, аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қиладиган мамлакатларда ғарб демократик тузумини эътиқодий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам ўрнатиб бўлмайди. Демак, ўртада мусулмонларни қониқтирадиган ягона йўл-Исломий фуқаролик ва дунёвийлик жамияти қуриш қолади.
Бу жамиятнинг исломий, дейилиши ўз ўзидан маълум. Чунки бундай жамиятнинг асосини исломий қоидалар ташкил қилади. Фуқаролик, дейилишининг сабаби эса, исломий жамиятнинг фуқаролари ҳисобланадиган мусулмонлар жамиятнинг бутун соҳаларида фаол иштирок этишлари керак бўлади. Масалан, Исломга кўра ҳокимият Аллоҳга, ҳукуматни сайлаш эса мусулмонларга оиддир. Яъни, исломий жамиятда мусулмонлар ҳукуматни сайлаш ва унга сайланиш, ҳукумат вакилларини танқид қилиш ҳуқуқларига эгадирлар.
Дунёвийлик дейилганда албатта, ғарб демократиясида мавжуд бўлган дунёвийликни (франсузча “laic, laiquee) назарда тутмаяпман. Бундай дунёвийликнинг маъноси динсизликдир. Чунки француз инқилоби содир бўлган пайтда жамиятда бузилган насронийлик, яъни руҳонийлик ҳукмрон эди. Руҳонийларнинг ҳокимиятига барҳам бериш учун ғарб усулидаги “laic, laiquee-дунёвийлик” қоидаси ўйлаб топилди ва бу билан жамиятда руҳонийларнинг ҳокимиятига барҳам берилди. Лекин Исломий маънода дунёвийлик, дейилганда мусулмонларинг дунё ишлари билан ҳам, охират ишлари билан ҳам шуғулланиши тушунилади. Қолаверса Ислом дини руҳонийлик эмас, роббонийлик динидир. Демак, Исломда дунёвийлик, дейилганда уламоларнинг руҳонийларга айланиб кетишига ва бу руҳонийларнинг давлат бошқарувини ўз қўлларига олишга тўсиқлик қилиш тушунилади. Яъни, Исломий фуқаролик ва дунёвийлик тузуми Ватиканда бўлгани каби католик роҳибларнинг ҳам, Исломни даъво қиладиган, аммо хато йўлдан кетиб, уламоларни руҳонийлар ҳолига келтириб, ҳокимиятни уларнинг қўлига топширган Эрондаги чала муллалар тузуми ҳам эмасдир. Айни пайтда Ислом динига кўра давлат ва динни бир-биридан айириб бўлмайди. Чунки Исломнинг “дин” тушунчаси ғарбнинг дин тушунчасидан фарқлидир. Ғарбда дин дейилганда фақат охиратга алоқали баъзи ибодат шакллари тушунилади. Исломда эса “дин”, дейилганда ҳам бу дунё ҳамда охират ҳаётига оид қадриятларнинг мажмуаси тушунилади. Яъни, Исломга кўра инсонларнинг Аллоҳ таолонинг борлигига ишонишлари, Аллоҳга ибодат этишлари, Аллоҳнинг ҳукмларига кўра юритадиган сиёсатлари, иқтисодлари, ижтимоий муносабатлари, оила ва маърифат ишлари диний ҳисоблангани каби, охират кунига, унда амалларинг ҳисоб китоб қилинишига ва иймонли кишиларнинг жаннатга, кофир кимсаларнинг эса жаҳаннамга ташланишига иймон келтиришларига ҳам дин, дейилади. Буларнинг барчаси Исломий қадриятлардир. Шунинг учун ҳам Исломда дин ва давлатни бир-биридан ажратиш, деган қоида йўқдир. Бундай дейиш ва уни амалга оширишга уриниш динимизга кўра куфр ҳисобланади.
ИСЛОМИЙ ФУҚАРОЛИК ВА ДУНЁВИЙЛИК ЖАМИЯТИНИНГ АСОСЛАРИ
1.Эътиқод соҳасида: Аллоҳ таоло ягона Роб ва Илоҳдир. Аллоҳ таоло бутун борлиқларни, шу жумладан инсонларни ҳам Яратгандир. Инсонлар ва жинларни Аллоҳ таоло фақат Ўзигагина ибодат қилиш учун яратган. Шунинг учун ҳам инсонлар Аллоҳ таолодан бошқа илоҳларга ибодат қилмасликлари керак. Ислом эътиқоди ақида илми билан тушунтирилади. Мен бу ерда бу масаланинг тафсилотларига кирмоқчи эмасман. Фақат қисқача айтадиган бўлсак, Ислом эътиқодига кўра инсонларнинг сохта илоҳларга, яъни бутларга ибодат қилишлари ва шунга ўхшаш бошқа ширк амаллари қилишлари мумкин эмасдир. Аллоҳ таолога иймон келтирган киши Аллоҳнинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонликнинг қадардан эканлигига иймон келтириши керак бўлади. Шунинг мусулмонлар Муҳаммад (сав)га Аллоҳнинг бандаси ва сўнг пайғамбари сифатида иймон келтирадилар.
2.Ибодат соҳасида: Кунда беш вақт намоз ўқиш Исломга кўра мукаллаф бўлган кишилар учун фарздир ва намоз ўқимасликнинг ҳеч қандай узури йўқдир. Шунингдек, мусулмон бой кишиларга закот бериш, ҳажга бориш фарздир. Рамозон ойида рўза тутиш ҳам бутун мукаллаф мусулмонларга фарздир, фақат сафарда бўлган ва хасталикка чалинганлар рамозон ойида рўза тута олмасалар, кейин тутадилар ёки камбағалларга фидя бериш билан кифояланадилар.
3.Ҳуқуқий соҳада: А) Инсонларга эътиқод эркинлиги, яъни ўзларига дин танлаш ҳуқуқи берилади. Яъни, Ислом дини ягона ҳақ дини бўлишига қарамай, инсонлар бу динни қабул қилишга мажбур қилинмайди. Б) Инсонларнинг жонига қасд қилганлардан қасос олинади. В) Инсонларнинг ақлига зарар берадиган спиртли ичимликлар, наркотик моддалар ва ҳ.к истеъмол қилиш тақиқланади. Г) Инсонларнинг наслини бузадиган зино ва фаҳш ишларга олиб борадиган бутун йўллар ёпиб қўйилади. Д) Инсонларга хусусий мулкга эга бўлиш ҳаққа берилади ва уларнинг мол- мулки давлат тарафидан қўрилади.
Бу айтилганлар ҳуқуқ соҳасида Ислом динининг баёнотидир (манифестидир) ва ҳеч бир дунёвий тузум бу соҳада Ислом билан рақобат қила олмайди. Яъни, Исломнинг ҳуқуқ тизими инсонларнинг яратилиш фитратига мос келгани каби, бутун башарий тузумларнинг ҳуқуқ тизимларидан шак-шубҳасиз устундир. Ислом ҳуқуқига кўра инсонларга бериладиган ҳуқуқларни бошқа инсонлар белгилай олмайди. Уларга бериладиган ҳуқуқларни Аллоҳ таоло белгилагандир ва бу илоҳий қоидаларга кўра инсонларга бериладиган ҳуқуқлар эътиқод эркинлигини чегараламаслиги, инсоннинг жонига қасд қилишга йўл бермаслиги, ақлига ва наслига зарар бермаслиги ва мол мулкининг хавфсизлигини таъминлаши керак.
4.Сиёсий соҳада: Ислом сиёсатининг асослари қуйидагилардир: А) Аллоҳ таоло ягона ҳукмдордир. (Яъни, халқнинг ўзи ҳам, унинг вакиллари ҳам, бирор шахс ҳам инсонлар ва жамиятнинг устидан ҳукмдорлик қила олмайди.). Аллоҳ таоло сўнг Китоби Қуръони Каримда инсонлар ва жамият амал қилиши лозим бўлган ақидавий, сиёсий, иқтисодий, мерос, оила ва ахлоқий ва ҳ.к.қонунларни нозил қилгандир. Б) Мусумонларга ҳукуматни қуриш ҳаққи берилади. Яъни, мусулмонлар Ислом Шўроларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига, ҳукумат аъзоси бўлиш, ҳукуматни танқид қилиш ҳуқуқига эгадирлар. В) Мусулмонларнинг ўзлари сайлаган раҳбарларга итоат қилиши вожибдир. Cиёсий соҳани ислоҳот қилиш масаласида алоҳида таклифларимга бу мактубимда кейинроқ тўхталаман.
5.Иқтисодий соҳада: А) Инсонларга хусусий мулк ва эркин тижорат ҳаққи берилади. Б) Ислом талабларига кўра мол мулкдан, иқтисодий ва тижорий фойдалардан закот олинади. В) Фоиз ва порахўрлик қонун билан таъқиқланади.Д) Давлат зарурий ҳолларда аҳолидан қўшимча солиқ олиши мумкин.
6.Ижтимоий соҳада: А) Давлат ижтимоий соҳада илоҳий адолатнинг ўрнатилишини кафолатлайди. Яъни, қарияларга, ишсизларга, фақир фуқарога ижтимоий ёрдам бериш давлат сиёсатида ўрин олади. Б) Мусулмонлар ўзларига Аллоҳ таоло тарафидан берилган мол мулкдан эҳтиёж соҳиби кишиларга инфоқ эҳсон қилишга ташвиқ қилинади.
7.Ҳалол ва ҳаром масаласида: Мусулмонлар Қуръони Карим ва Муҳаммад (сав)нинг Суннатларида кўрсатилган ва нарсаларни ҳалол ва ҳаром, дея таъриф этадиган қоидаларга амал қиладилар.
8.Таълим тарбия соҳасида: Мактабларда ҳам дунёвий ҳамда охират илмлари ўқитилади. Бундан кўзланган мақсад ёш авлодларнинг иймонли, тақволи, қобилиятига кўра ҳунарманд ва юксак мутахассис бўлиб етишишини таъмин этишдир.
9.Оила қуриш ва мерос масаласида ҳам исломий қоидалар тадбиқ қилинади.
10.Ахлоқ масаласида: Инсонлар тўғри сўзли, адолатли, тақволи, ихлосли бўлишга, Аллоҳ таолога хушу ва эҳсон билан бандалик қилишга, қилган гуноҳларига тавба қилишга, ёлғон риё, кибир, ҳасад, нифоқ, ғийбат ва бўҳтон каби салбий ҳислатлардан узоқ туришга ташвиқ қилинади.
СИЁСАТ МАСАЛАСИДА БАЪЗИ ТАКЛИФЛАР
Юқорида Ислом сиёсатининг асослари зикир қилиб ўтилди. Энди бу асосларни ҳаётга жорий қилиш масаласида баъзи таклифларимни айтмоқчи эдим. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, бу таклифлар шахсан менинг ўзимга оиддир. Шунинг учун ҳам Сиздан бу таклифларни Исломнинг умумий қоидалари эмас, Ислом сиёсати асосида жамиятни қайта қуришда бир лойиҳа сифатида қабул қилишингизни сўрайман. Маълумки мамлакатимиз ҳудуди маҳаллалар, туманлар ва вилоятларга айрилган ва бу исломий сиёсат юргизиш учун тўсиқ ҳисобланмайди.
МАҲАЛЛА БОШҚАРУВИ
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги Сиз ўрнатган маҳалла тизими зоҳиран яхши бир тизимдир. Яъни, маҳаллаларда фуқаролар ўзаро яқин алоқада бўладилар, улар моддий ва маънавий жиҳатдан ўзаро ёрдамлашадилар. Фақат Сиз бу тизимнинг моҳиятини ўзингиз қурган режимга мослаштирдингиз ва бу орқали маҳалладаги фуқароларга бир-бирининг орқасидан жосуслик қилиш вазифаси юкланди. Исломга кўра эса маҳалла жамият ҳаётининг барча соҳаларида, эътиқодий, ижтимоий, сиёсий ва ҳ.к илк босқич ҳисобланади.
Ҳар маҳалла ўртача 7000-10000 кишидан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир. Фуқаролар учун қайси маҳаллада ёки умуман мамлакатнинг қайси ҳудудида яшашлари ихтиёрий бўлиши керак. Бевосита овоз бериш (умумий сайлов) ёки билвосита овоз бериш билан (яъни қариндош-уруғлар жамоасининг ўзларининг яқинларидан номзод кўрсатиш усули билан) ҳар маҳалла 41 ёки 51 (аҳоли сонига қараб) кишилик Шўро (маслаҳат кенгаши) аъзоларини сайлайди (Маҳалла Шўросининг аъзолари сони бундан кўп ёки оз ҳам бўлиши ҳам мумкин. Бу ерда айтилган фикр фақат бир таклифдир). Маҳалла Шўроси Маҳалла Раисини Шўро аъзоларининг ичидан оддий кўпчиликнинг овози билан сайлайди ва Туман Шўросига вакиллар сайлайди. Шунингдек, бу Шўро маҳалла ҳаётининг бутун соҳаларига оид масалаларда қарорлар олади ва маҳалла раиси ва маҳалланинг бошқа маъмурларининг фаолиятларини назорат қилади. Маҳалланинг халқининг барчасига оид масалалар умумий овозга қўйиш билан ҳал қилинади.
ТУМАН БОШҚАРУВИ
Туман Шўролари (маслаҳат кенгашлари) маҳалла Шўроларида сайланган вакиллардан иборат бўлади. Туман аҳолисининг сонига қараб, унинг Шўроси 91-100 кишигача бўлиши мумкин (рақамлар тахминийдир). Туман Шўроси туман аҳолиси ҳаётининг бутун соҳаларига оид масалаларда қарорлар олади, туман ҳокимини Шўро аъзоларининг ичидан оддий кўпчиликнинг овози билан сайлайди ва туманнинг ижрочи маъмурларининг фаолиятларини назорат қилади.
ВИЛОЯТ БОШҚАРУВИ
Вилоят Шўролари (маслаҳат кенгашлари) туманлар Шўроларида сайланган вакиллардан (тахминан 130-150 орасида) иборат бўлади. Вилоят Шўроси вилоят аҳолиси ҳаётининг бутун соҳаларига оид масалаларда қарорлар олади, Давлат Раиси кўрсатган номзодни вилоят ҳокимлигига тасдиқлайди ва вилоятнинг ижрочи маъмурларининг фаолиятларини назорат қилади.
ДАВЛАТНИНГ МАРКАЗИЙ БОШҚАРУВИ
ДАВЛАТ ШЎРОСИ
Давлат Шўроси (маслаҳат кенгаши) вилоят шўроларида сайланган (тахминан 250-300 киши) вакиллардан иборат бўлади.
Давлат Шўросининг асосий вазифаси Исломнинг ўзгармас ҳукмларига асосланган ҳолда мамлакат кундалик ҳаётига оид қарорлар олиш ва ижро ҳокимиятининг Исломнинг ҳукмларини ва давлат Шўросининг қарорларни қандай ижро қилаётганини назорат қилишдан иборат:
1) Давлат Шўроси бу Шўронинг Раисини ва Раис ўринбосарларини сайлайди.
2) Давлат Шўроси Давлат Раисини сайлайди ва Исломга кўра шартлар ўртага чиққанда Давлат Раисини лавозимидан узоқлаштиради.
3) Давлат Шўроси Давлат Раисининг томонидан Вазиликка кўрсатилган номзодларни лавозимига тасдиқлайди.
4) Давлат Шўроси Вилоят ва Давлат Маҳкамасининг Раисларини сайлайди
5) Давлат Шўроси Давлат Раиси ҳозирлатган Давлат Бюджетини тасдиқлайди.
6) Давлат Шўроси Давлат Хазинасининг Раисини сайлайди
7) Давлат Шўроси Давлат Раиснинг уруш бошлаш ёки урушни тугатиш ҳақидаги қарорини тасдиқлайди
8. Давлат Шўросининг аъзолари мустақилдирлар. Улар фақат Аллоҳ ризоси учун сиёсат олиб борадилар ва уларга Шўро ичида турли гуруҳлар ёки фирқалар тузишга рухсат берилмайди.
ДАВЛАТ РАИСИ
1) Давлат Раиси давлат ва ижро ҳокимиятининг бошлиғи, мамлакат ҳарбий кучларининг бош қўмондонидир.
2) Давлат Раиси подшоҳ ёки қирол эмас, давлатнинг оддий маъмуридир. Давлат Раислиги отадан ўғилга мерос сифатида берилмайди.
3) Давлат Раиси ижро ҳукуматини қуради, Вазир номзодларини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим этади.
4) Давлвт Раиси мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, ҳарбий, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги фаолиятини бошқаради.
4) Давлат Раиси Вилоят ҳокимларини лавозимларига тайинлайди ва бу ҳақдаги қарорларини Вилоят Шўроларининг тасдиғига тақдим этади.
5) Давлат Раиси ҳукумат ҳозирлаган Давлат Бюджетини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим қилади.
6) Давлат Раиси уруш бошлаш ёки урушни тугатиш ҳақидаги қарорларини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим этади.
7) Давлат Раиси мамлакатни дунё давлатларида тамсил этадиган элчиларнинг номзодларини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим этади.
8. Давлат Шўроси ва давлат Раиси ўртасида келишмовчилик чиққанда, масала Давлат Маҳкамаси томонидан қарорга боғланади. Давлат Маҳкамасининг қарори барча учун қатъийдир ва муҳокама қилинмасдан ижро қилинади.
МАҲКАМАЛАР
Маҳкамалар Вилоят ва Давлат Маҳкамаларига айрилади. Бу маҳкамаларнинг Раислари Ислом фиқҳи мутахассислари бўлишлари шартдир ва улар Давлат Шўросида лавозимига сайланади.
ИСЛОМИЙ САЙЛОВЛАР ҲАҚИДА БАЪЗИ ИЗОҲЛАР
Маҳалла, туман, вилоят ва давлат Шўросига сайланишда инсонларнинг илми, иймони, яхши амаллари ва тақвоси ўлчов ҳисобланади. Яна бу Шўроларга сайланадиган номзодларнинг бирор соҳада мутахассис, яъни ўз ишининг аҳли бўлиши аҳамиятлидир. Сайловлар ҳар 5 йилда бир марта ўтказилади ва бир киши энг кўпи билан икки марта Шўро аъзолигига ва раҳбарлик мақомига сайланиш ҳуқуқига эгадир. Бунинг далили пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг Мадинада 10 йил Давлат Раиси бўлганликлари ва Хулофаи рошидинларнинг ҳам хизмат муддати ўртача 10 йилдан ошмаганидир. (Бу фикрлар ҳам менга оиддир, Исломнинг умумий қоидаси эмас). Маҳалла, туман, вилоят ва давлат Шўросига сайланган аъзолар ўзаро гуруҳ (фирқа) туза олмайдилар. Улардан ҳар бири Шўронинг мустақил аъзоси ҳисобланади. Бу шаклда ҳар бир Шўро ўнларча мустақил фикрлайдиган ва сиёсат олиб борадиган илмли, иймонли, яхши амаллар қиладиган ва тақволи (фақат Аллоҳдан қўрқадиган) сиёсатчилардан иборат бўлади. (Агар таққосланадиган бўлса, замонавий парламентларда энг кўпи билан 5-10 партия тамсил қилинади, яъни уларда ҳамма бўлиб 5-10 фикр ва ғоя мавжуд бўлади.) Ислом Шўроларида қарорлар кўпчиликнинг овози билан олинади, раҳбар бўлиб сайланиш учун ҳам оддий кўпчиликнинг овози етарли ҳисобланади. Шуни унутмаслик керакки, Исломнинг асосий қоидаларига зид бўлган масалаларда кўпчиликнинг овози билан қарор олиш ўз кучини йўқотади. Раҳбарликка номзодлар Шўро аъзолари тарафидан кўрсатилади, номзодларнинг бир неча киши бўлиши ҳам исломга зид эмасдир. Чунки Абу Бакр (ра), Усмон (ра) ва Али (ра) лар мусулмонларнинг раҳбарлигига сайланар эканлар, бир неча номзодлар орасидан сайланган эдилар. Ислом сиёсати моддий манфаатлар ва мансаб учун курашиш майдони эмас, Аллоҳ таолонинг розилиги ўйлаган иймонли ва тақволи маъмурларнинг фаолият соҳасидир.
ИСЛОҲОТЛАРНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШГА ВА ЎТИШ БОСҚИЧИГА ОИД АМАЛИЙ ТАКЛИФЛАР
2010 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛИШИ ЗАРУРИЙ БЎЛГАН ИШЛАР
1.Ислом фиқҳи, сиёсати, иқтисоди, ижтимоий соҳа ва шунга ўхшаш бошқа соҳаларда мутахассис бўлган олимлардан ташкил топган 30-40 кишилик бир гуруҳ тузиш. Бу гуруҳга 2010 йилнинг охиригача “Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти” нинг дастурини ҳозирлаш вазифаси таклиф қилиш.
2.Ўзбекистонга чегарадош бўлган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва мамлакатимиз билан умумий чегараси бўлмасада Туркия ва Русия давлатлари билан визалар бекор қилинсин. Бу давлатлар билан эркин тижорат ва тадбиркорлик шартномалари йўлга қўйиш. Яъни, инсонларимиз бу мамлакатларда эркин тижорат ва тадбиркорлик билан шуғуллана олсинлар. Улардан топган фойдаларидан солиқ тўлашдан бошқа нарса талаб қилинмасин.
3.Сўнгги 20 йилда давлатдан ноҳақ зулм кўрганлар, сиёсий ва диний сабаблар туфайли қамоққа ташланганларни озод қилиш жараёнини бошлаш. Улардан шахсан ва оилаларидан давлат номидан узр сўралсин ва уларга берилган моддий зарарларни давлат ҳисобидан ўташ.
4.Ноҳақ қамалган мусулмонлар озодликка чиқарилар экан, Ўзбекистоннинг бундан буён “Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти” қуришга бел боғлагани, бу жамиятда мусулмонлар орасида фирқачиликга ўрин бўлмаслигини уларга эслатиш. Шунинг учун ҳам аслида аҳли суннат ва жамаот йўлида бўлган, аммо турли сабабларга кўра Ҳизбут-таҳрир, Нурчи, Таблиғчи, Ихвон ҳаракати, Салафийлик, Акромийлар, Сўфилик, мусулмон-миллатчи, мусулмон-демократ, дея турли гуруҳларга айрилганларни ўз гуруҳларидан воз кечишга ва Исломий ўрта йўлдан юришга ташвиқ қилиш. Чунки бу гуруҳлар аъзоларининг фирқачиликда исрор этишлари, улар орасида низо ва тўқнашувларга олиб келиши мумкин.
5.Ўзбекистондаги мавжуд маҳалла тизимини қайта кўздан кечириш ва маҳалладаги аҳолини қайтадан рўйхатга олиш.
6.Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ичишни таъқиқлаш.
7.Инсонларни зулм ва қийноққа солган Ички ишлар вазирлиги, Прократура, Миллий Хавфсизлик ходимлари, қамоқхоналар масъуллари, бундай адолатсизликда иштирок этган Мудофа Вазирлиги аскарлари ва қўмондонларининг Ўзбекистон халқидан умумий узр сўраши ва ўзларининг тавбаларининг далили сифатида кунда беш вақт намоз ўқишга бошлашлари. Хавфсизликни ва жамоат тартибини қўрийдиган масъулларнинг ўзларини бу шаклда ислоҳ қилишлари ватанимизда ислоҳот ўтказишнинг асосий шартларидан биридир. Чунки ислоҳот ўтказиш жараёнида турли тушунмовчиликлар ва ҳатто низолар, қўзғолонлар содир бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда халқимизнинг сабр косаси тошгани, инсонларнинг ақидавий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий инқироздан ниҳоятда чарчагани сир эмас. Бундай оммавий тартибсизликларга йўл қўймаслик учун марказлашган кучли ҳокимият мавжуд бўлиши, шунингдек халқ ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик мутлақо шартдир. Бундай ишонч ва ҳамкорликни эса фақат исломий шартлар билан таъминлаш мумкиндир.
2011 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛИШИ ЗАРУРИЙ БЎЛГАН ИШЛАР
1.“Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти”нинг дастурини жамоатчилик муҳокамасига чиқариш.
2.Ҳар бир маҳаллада бу дастурни тарғибот ва ташвиқот қиладиган 40-50 кишилик гуруҳлар тузиш. Бу тарғибот ва ташвиқот ишларини бошқаришни вилоят ва туман ҳокимлари зиммасига юклаш.
3.Оммавий ахборот воситаларининг “Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти”нинг асосларини эркин ҳолда музакора, тарғибот ва ташвиқот қилишига йўл бериш.
4.Ер ислоҳоти учун амалий қадам ташлаш. Эски колхоз ва совхозларнинг ерларини уларнинг аъзоларига “Ижара шартномаси” асосида ижарага бериш. Бу шартномага кўра ҳар бир аъзо учун “ер ҳиссаси” ажратиш кўзда тутиш. Агар “Ижара шартномаси” аъзоларидан баъзилари тижорат ва қишлоқ хўжалигидан бошқа соҳаларда тадбиркорлик ишлари билан шуғулланинишни истасалар, уларга “ер ҳиссаси” миқдорида моддий ёрдам бериш ва шу йўл билан уларни “Ижаро шартномасидан” чиққан ҳисоблаш. (Бу ер ислоҳоти ҳақидаги умумий таклифдир. Масала мутахассислар тарафидан аниқ ҳал қилиниши лозим). Қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатини қонун йўли билан тақиқлаш.
5.Мактаб ислоҳотининг асосларини ишлаб чиқиш. Мактабларни болалар (1-5 синфлар), умумий (9 йиллик) ва тараққиёт (10-12 йиллар), дея уч даражага ажратиш. Тараққиёт мактабларини касб-ҳунар соҳаси ва олий таълимга ҳозирлик соҳаси, дея иккига ажратиш. Бу мактабларда ўқитиладиган фанлар ва уларнинг моҳиятини қайтадан кўздан кечириш.
2012 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛИШИ ЗАРУРИЙ БЎЛГАН ИШЛАР
1. Иқтисодда солиқ тизимидан закот тизимига ўтишга ҳозирлик бошлатиш. Пул даромадидан, ҳайвонлардан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан бериладиган закот миқдорларини ҳисоб қилиш ва аҳолига билдирилиш.
2.Фоизчиликка асосланган Банк тизимидан исломий жамғармалар тизимига ўтишни бошлаш. Ислом иқтисодининг асосларини йўлга қўйиш.
3.Мактаб ислоҳотининг давом эттирилиши. Болалар мактабида (1-5 синф) ўғил ва қиз болаларнинг бирга ўқиши ва 6 соатлик дарс дастуридан 2 соати Ислом динининг асосларини ва Қуръон ўқишни ўрганишга ажратиш мақсадга мувофиқдир. Умумий мактабда (6-9 синфлар) синфларнинг ўғил ва қиз болалар учун айри бўлиши ва 8 соатлик дарс дастурининг 3 соатини Исломнинг асосларини ўргатишга ажратиш мақсадга мувофиқдир. Тараққиёт мактабларида ҳам шунга ўхшаш дастурлар жорий қилиш тўғри бўлади.
4.Маҳаллаларда кенг исломий тарғиботни йўлга қўйиш ва Исломнинг ўрта йўл дини эканлигини, жоҳиллик ва хурофотларнинг, мусулмонларнинг турли фирқаларга ажралиб, ўзаро ихтилоф ва низоларга тушишларининг зарарини халқга тушунтириш.
5.Маҳаллаларда Маҳалла Шўроси аъзолигига “машқ” сайловларини ўтказиш. Яъни, Маҳалла Шўросининг моҳиятини халқга тушунтириш, мусулмонлар ичидан илмли, иймонли, солиҳ амал қиладиган ва тақволи кишиларнинг мажлисларини ташкил қилиш ва бу мажлисларджа ислом қоидалари ва ахлоқига кўра тортишув ва мунозаралар ўтказишни ўрганиш.
6.Иқтисодда ер ислоҳотини чуқурлаштириш. Қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган фуқароларга ўзлари етиштирган маҳсулотларни мамлакатда ва хорижий давлатларда эркин сотишга имкон бериш.
7.Солиқ тизимини мукаммалаштириш.
2013 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛИШИ ЗАРУРИЙ БЎЛГАН ИШЛАР
1.Ер ислоҳотини чуқурлаштириш ва ерни “Ижара хўжаликлари” аъзолари орасида тақсимлашни бошлаш.
2.Мактаб ислоҳотини чуқурлаштириш. Янги дарсликлар ва қўлланмаларни ҳозирлаш ва улардан фойдаланишни бошлаш.
3.Ижтимоий адолатни тараққий қилдириш
4.Халқимизни тўйларда ва дафн маросимларида исроф, бидъат ва хурофот ишлардан воз кечишга ташвиқ қилиш.
5.Исломий мамлакатлар билан алоқаларни кучайтириш ва оширилаётган ислоҳотлар борасида улар билан тажриба алмашиш.
2014 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛИШИ ЗАРУРИЙ БЎЛГАН ИШЛАР
1.Маҳаллаларда Исломий Шўроларга илк сайловларни ўтказиш ва уларнинг бошқарувини янги сайланган маҳаллалар раҳбариятига топшириш.
2.Туманларда маҳалла Шўроларида сайланган вакиллардан иборат туманлар Шўроларини ташкил қилиш. Бу Шўроларда туман ҳокимини ва вилоятлар Шўроларига вакиллар сайлаш.
3.Вилоятларда туман Шўроларида сайланган вакиллардан иборат Вилоятлар Шўроларини ташкил қилиш. Бу Шўроларда Давлат Шўросига вакиллар сайлаш.
4. Вилоят Шўроларида сайланган вакиллардан Давлат Шўросини ташкил қилиш ва Давлат Раисини ва Марказий бошқарувнинг бошқа раҳбарларини сайлаш ёки уларни лавозимларига тасдиқлаш.
ҚИСҚА ХУЛОСАЛАР
1.“Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти” Аллоҳ таолога тавҳид (Аллоҳнинг бирлиги) билан эътиқод қилиш ва Муҳаммад (сав)нинг Суннатлари асосида қуриладиган жамият бўлиб, у инсонлар асос солган диктаторлик, коммунизм, фашизм, демократия, либерализм ва ҳ.к жамиятлардан шубҳасиз устундир.
2.“Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти” динсизлик асосида қуриладиган материалистик жамиятлар ва руҳонийлик асосида қуриладиган жамиятлар орасидаги ўрта йўл жамиятидир. Аллоҳ таолонинг иродасига мос келадиган бундай ўрта йўл жамияти дунёвий қадриятларни инкор қилмайди, аксинча инсонларнинг бу дунё ҳаётига маъно бергани каби, уларнинг охиратда абадий дўзах азобидан қутулишига ва жаннатга киришларига сабаб бўлади.
3.“Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти”ни қуриш учун ўтиш даври зарурийдир. Ўтиш даврида тушунмовчиликларга ва турли низоларга йўл қўймаслик учун ислоҳот жараёни оммавий ахборот воситаларида давомли ёритиб борилиши, марказий ва маҳаллий ҳокимият вакиллари узлуксиз халқ ичида бўлиб, инсонларга моддий ва маънавий ёрдам беришлари керак бўлади. Бу мактубда ўрин олган таклифларда исломий жамиятнинг умумий манзарасини чизишга ҳаракат қилинди. Бу лойиҳада келтирилган маънолар чуқурлаштирилиши, мавжуд хатолар эса тузатилиши керак. Албатта, бу лойиҳа жамоатчилик, айниқса динимизни яхши биладиганларнинг назоратидан ўтиши зарурийдир. Лойиҳадаги рақамлар ва ислоҳот муддати тахминийдир. Чунки Қуроъни Каримнинг 23 йил давомида нозил бўлгани барча маълумдир. Балки мамлакатимизда жамиятни исломий жиҳатдан ислоҳот қилиш бу ерда айтилгани каби 5 йил эмас, 10 йил ёки унлан кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин. Биз учун муҳим бўлгани ихлосли бўлиш ва ислоҳотларнинг моҳиятидан воз кечмасдан, уларни оқилона амалга ошиширишдир.
4.Мамлакатимизда юқорида айтилган ислоҳотлар бошланиши билан халқимиз ичидан ва ташқи давлатлардан бундай ислоҳотларнинг ўтказилишига қарши бўлганлар ўртага чиқиши табиийдир. Аммо халқимизнинг асосий қисмининг ва давлат раҳбариятининг бу ислоҳотларни ўтказиш йўлида собит туришлари ва энг асосийси бу ислоҳотлар Аллоҳ ризосига мос бўлгани учун, унга қарши бўлганлар бундай ислоҳотларга монеъ бўла олмайдилар.
5.Ўзбекистонда “Исломий фуқаролик ва дунёвийлик ўрта йўл жамияти”ни қуриш учун отиладиган қадамлар ҳеч шубҳасиз, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман биродорларимизни ва бошқа мусулмон давлатлардаги дўстларимизни мамнун қилиши табиийдир. Айниқса, бу ислоҳотларнинг бошланиши Афғонистон муаммосини чўзишда ҳал қилувчи ролни ўйнаши мумкин. Яъни, бу ислоҳотлар бошланиши билан Афғонистондан келадиган таҳдидлар ўз-ўзидан ўртадан кўтарилади ва Ўзбекистондан Афғонистонга маърифат ва тинчлик шамоллари эса бошлайди.
6.Бу таклифларни ўқиганлар орасида “Ислом Каримовдек диктатор бундай ишларга қўл урмайди”, дейдиганлар албатта чиқади. Шунингдек, мен учун “бу одамнинг узри гуноҳидан баттар бўлибди”, дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Менинг Сиздан илтимосим асло бундай “маслаҳатларга” эътибор берманг. Айниқса ҳозирда ёнингизда бўлган сарой шоирлари ва сарой уламоларининг, сизни кўкларга кўтариб мақтаётган лаганбордорларнинг сўзларига асло ишонманг. Чунки агар сиз ҳозирги зулм сиёсатингизни давом эттириб, бирор сабабга кўра мансабингиздан айрилиб қолсангиз, сизни ерга урадиган, ҳатто ернинг остида ҳам сизни тинч қўймайдиганлар мана шу ёлғончи ва мунофиқона сифатларга эга бўлган кишилардир. Булар қуруқ гаплар эмас, уларнинг исботи учун Сиздан олдин Ўзбекистонга раҳбарлик қилган кишиларнинг тақдири қандай бўлганини эслаш кифоядир. Сиз учун бу дунё ҳаётида яхши ном қолдириш ва охиратда эса Аллоҳ таолонинг азобидан қутулишнинг ягона йўли Исломий қадриятлар асосида аввало ўзингизни ва аҳлингизни ислоҳ қилишингиз, сўнгра халқимиз ва давлатимизнинг бу асосларга кўра ислоҳ бўлишига раҳбарлик қилишдир.Мактубимнинг охирида Аллоҳ таолодан сизни ҳидоят қилишини, халқимиздан марҳамат ва раҳматини аямаслигини, бутун мўмин мусулмон биродорларимизни иймон ва тақвода собит қилишини тилайман.
Аллоҳим! Сенинг Зотинг Олий, нуқсонлардан покдир. Барча ҳамдлар Сенга махсусдир. Шаҳодат этамизки, Сендан бошқа илоҳ йўқдир. Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз! Омин!
Намоз Нормўмин ўғли Абдурраҳмон Муҳаммад
(Эски исми шарифим: Намоз Нормўминович Маматқулов)
Осло, Норвегия. 13.02.2010
www.yangidunyo.com
Bu maqola 10981 marotaba 2007 ziyoratchi tarafidan o`qilgan




February 3rd, 2010
admin 
Posted in
asha Says:
February 6th, 2010 at 7:54 pm
Ассалому алайкум!Ижтиҳод ва салаф уломоларининг итифоқи ҳам халифа токи куфр калимасини келтирмагунча ёки халифаликга лаёқатли шартларни (масалан мажнунлик ва ҳокозодек) йўқотмагунча иш бошида туриши ва ҳаттоки ишдан кетмасликга қаттиқ туриши лозим ишдир!
Бу фикрингизни ва унинг давомидаги далилни қабул қиламан.
Бу ерда мен тўхталмоқчи бўлган масала аввало мусулмонларнинг ишларида, шу жумладан сиёсий ишларида ҳам Шўро қоидасини тиклаш масаласидир. Бу Умар ибн Абдулазиз ва имом Абу Ҳанифанинг қаттиқ туриб ҳимоя қилган йўлларидир. Чунки бу Қуръон ва Суннат билан далилланган, мусулмонларнинг раҳбарларининг отадан ўғилга мерос қолишига қарши қўйилган тадбирдир.
Баъзи китобларда мусулмонларнинг раҳбари Шўрода сайланмаса ҳам, унга итоат вожибдир, дейилади. Ҳатто куч билан ҳукуматни қўлга киритса, зулм қилса ҳам, бундай раҳбарга қарши чиқмаслик тарғиб қилинади. Бунга далил сифатида бундай раҳбарларга қарши чиқиладиган бўлса, мусулмонлар орасида фитна чиқади иддоасидир. Аммо зулм ва умматнинг ишига хиёнат қилиш энг катта фитналардан эканлиги унутилади. Натижа эса маҳаллий хонликлар ва ҳозирда умматнинг ишига хиёнат қиладиган раҳбарларга ҳам итоат вожибдир, деган хулосага олиб келади ва бу кунимизда бир ҳақиқатдир.
Шундай экан мусулмонлар учун Қуръон ва Суннатга асосланган ҳолда Шўро билан иш кўришни йўлга қўйишлари шарт. Мақолада мусулмонларнинг раҳбарининг маълум муддатга сайланиши шахсан менинг фикрим эканлиги, бунинг исломнинг умумий қоидаси эмаслиги алоҳида таъкидлангандир. Аммо ҳақиқат шундан иборатки мусулмонларнинг раҳбарлари мақомни бугунги кунда бўлгани каби отадан болага мерос сифатида олимаслиги керак. Бунга қаши туриш фитна чиқариш эмас, исломни ҳимоя чилишдир. Раҳбарни сайланган Шўро агар исломий шартлар ўртага чиқса, яъни Раҳбар куфрга тушса, умматни ҳимоя қилиш ўрнига ғайримуслимлар билан умматга қарши ҳамкорлик қилса, хасталаниб, вазифасини бажаро олмай қолса ёки ўзи бирор сабаб билан Раҳбарликдан истъефо қилса, бу ҳолларда Шўро янги раҳбарни сайлай олади.
Яъни Шўро асосида иш кўриш муҳимдир, муҳимдир ва яна бир марта муҳимдир.
Ассалому алайкум!Ижтиҳод ва салаф уломоларининг итифоқи ҳам халифа токи куфр калимасини келтирмагунча ёки халифаликга лаёқатли шартларни (масалан мажнунлик ва ҳокозодек) йўқотмагунча иш бошида туриши ва ҳаттоки ишдан кетмасликга қаттиқ туриши лозим ишдир! Бунга далил, ҳазрати Усмон(р)ни хилофат масъулийятидан воз кечмаганлигидир ёки ( ҳадисни маънан мазмуни: Мусулмонлар халифаси бўла туриб яна бошқа иккинчи киши хилофатни талаб қилса уни қатл қилинглар!)ҳадиснинг маъносини талаби ҳамдир! Хилофатга хилоф шарт топилмагунча машрут ҳосил бўлмайди. Хилоф шартларни баъзисини айтиб ўтдим! Давлат бошлиғини маълум бир муддатга таъйинлашни Аҳлус-сунна мужтаҳидлардан ҳич ким айтмаган!
asha Says:
February 6th, 2010 at 3:44 pm
Ассалому алайкум! Намоз Нормўмин ака сиз айрим мулоҳазарингизни далилини қаердан олганлигингизни изоҳлаб ўтсангиз яхши бўларэди? Исломий давлат раҳбарини халқ эмас балки “Аҳли ҳал ва ақд” яъни илмлии довлатни сиёсий ва умумий масъалаларини исломий илм билан тўғри таҳлил қилиб ечишга ва бундай масъалаларни келишувига лаёқатли бўлган тақволи,илмли ва ақлли, зукко, адолатли уломоларнинг шуроси билан ва уларнинг аксарини тасдиқлави билан таъйинланади.
Мен Давлат бошлиғини халқ сайласин, демадим. Уни Давлат Шўросининг аъзолари сайласин, дедим. Уларнинг асосий сифатида илм, иймон, солиҳ амаллар ва тақвони кўрсатдим. Бу сиз айтаётган “Аҳли ҳад ва ақд”нинг ҳам сифатидир.
Исломга кўра Давлат Раисининг муддати умр бўйи бўлсин ёки шу муддатга бўлсин, деб изоҳлаб берилмаган. Демак, бу ижтиҳодга очиқ бир масаладир…
Аллоҳ рози бўлсин!
Ассалому алайкум! Намоз Нормўмин ака сиз айрим мулоҳазарингизни далилини қаердан олганлигингизни изоҳлаб ўтсангиз яхши бўларэди? Исломий давлат раҳбарини халқ эмас балки “Аҳли ҳал ва ақд” яъни илмлии довлатни сиёсий ва умумий масъалаларини исломий илм билан тўғри таҳлил қилиб ечишга ва бундай масъалаларни келишувига лаёқатли бўлган тақволи,илмли ва ақлли, зукко, адолатли уломоларнинг шуроси билан ва уларнинг аксарини тасдиқлави билан таъйинланади. Бундай шуро уломоларининг ичидан дунёвий олимлар ҳам бўлади лекин уларнинг ҳам исломий илми юқоридаги уломоларникидан кам бўлмайди. Бу шуро уломоларни албатта халқ оқсоққоллари яъни тақволи, оқ қорани ажратаоладиган, халқ ғамини ейдиган, муруатли инсонлар тався қилишадилар.
Исломий раҳбарни бошқарувини қандайдир вақт билан белгилашга исломда ҳич қандай асос йўқ! Масалан Абу Бакр (р)нинг халифалик муддатлари икки йилу уч ойи ун кун бўлган. Ҳазрати Умар(р)нинг халифалиги эса 10йилу олти ой ва Ҳазрати Усмон(р)нинг халифалиги 12йил ва Али (р)нинг халифалиги 5 йил бўлган. Абу Бакрдан бошқа қолган учовлари ҳам шаҳид бўлганлар. Исломий раҳбар агар адолат билан иш юритса бир умр раҳбар бўлиб қолишлиги мумкин, лекин агар очиқ куфрий калимани айтиб иқрор бўлса ёки қатъий далил билан келган ҳалол ҳукмни таъвилсиз ҳаром қилса ёки шунингдек ҳаром ҳукмни таъвилсиз ҳалол қилса насиҳат қилиниб тавбага буюрилади агар у бу қилмишига исрор қилса ишдан олинади ва шариъат маҳкамасига тортилади. Халқ ҳаққини еб, ўзлаштириб олмаслиги учун бошлқни уломолар шуроси муҳосаба қилади яъни бошлиқ шуро олдида ҳисоб китоб бериб туради. Амма халқ тарафидан ҳам гоҳо туғри нийят билан фитна кўтармасдан бошлиқнинг ўзини муҳосаба қилиши мумкин. Бунга қуйидаги Умар (р)нинг воқиъаси далил бўлади: Бир куни Умар (р) минбарга чиқиб : Эшитинглар ва итоат қилинглар, дедилар. Шунда мусулмонлар жамоасидан оддий бир киши туриб, : Қулоқ ҳам солмаймиз ва итоат ҳам қилмаймиз, агарда ўзингиз кийган янги тунни қаердан олганлигингизни бизга айтиб бермагунингизча! деди. Шунда Умар(р) бу тунни ўзининг яқинларидан бири ҳадя қилган бўлиб, ҳадя берган одам ҳам шу жамоада бўлиб Умар (р) уни ўзларининг сўзларига гувоҳ қилиб келтирдилар.( мен “яқини” деб айтдим, чунки бу тарихни мен бироз олдин ўқигандим. Ҳозир у китоб менда йўқ! Ҳадя берган киши ўғли ёки амакибаччаларидан бири бўлган эдими, иккиланяпман!).
Шунда муҳосаба талабида бўлган киши : Энди сизга қулоқ соламиз ва эшитамиз, деди.
Ва алайкум салом Кимсанбой!
Биринчи саволга ўзингиз жавоб бергансиз! Исломда жиноят бўлмаса жазо ҳам бўлмайди. Усмонли халифалиги замонида қамалганлар сони 4 кишига қадар тушган экан. Ҳолбуки давлатнинг ҳудуди эски совет иттифоқининг худудидан катта эди. Шунинг учун ҳам Исломда асос қалбларни ислоҳ қилишдан бошланади, ҳадлар эса асосан жиноят содир бўлишининг олдини олиш учун бир чора тадбир сифатида қўлланилади.
Бу мактубимнинг интернатда эълон қилиниши унинг жамоатчиликка ҳам, масъулларга ҳам етиб боришини билдиради, деб ўйлайман.
Ассалому алайкум Намоз ака.
Ёзганларингиз умумий олганда кўпчиликда ижобий таассурот қолдирса керак. Фикримча, бу ерда кўпчиликни қизиқтирган яна бир нуқта бор. Бу – Исломдаги жазо ва ҳадлардир. Ушбу нуқта борасида беш йиллик лойиҳангизда сўзлаб ўтмабсиз. Шундан бу жазоларни ўша беш йил давомида (ёки сиз таъкидлаганингиздек балки ўн йил давомида, яъни ўтиш даврида) қўлламай туриш керак, токи ўша исломий фуқаролик жамиятида яшаётганлар бу жазолар тафсилотлари, моҳиятлари билан яқиндан аниқ тушунсинлар, деган фикрни ўқишимиз мумкинми? Умуман, бу борада сизнинг таклифингиз нималардан иборат бўлган бўлар эди? Ёки жиноят турига қараб жазоларни тез ё секин қўллаш керакми?
Кейинги саволим – ушбу даъватномадан Каримовга ҳам бир нусха жўнатдингизми? Унга етиб боради, деб ўйлайсизми?
Bismillahir Rohmanir Rohiym
Assalamu alaykum va rahmatulooh
ALLOHIM SIZDAN ROZI BULSIN NAMOZ AKA ,BUYNIZDAGI AMONATNI YETQAZDINGIZ SHOYAD ALLOH INSOF BERIB BU NASIHATNI QABUL QILISHSA
Бисмиллахир рохманир рохим!
Биродаримиз Зуфарга!
“Биродар мен сизни асли кимлигингизни тушунмадим, ёки янги гурух пайдо бўлдими?” дебсиз. Менинг исми шарифим юқорида аниқ ёзилган. Мен аҳли суннат ва жамоат йўлида бўлган оддий мусулмон биродарингизман. Ҳеч бир гуруҳга ёки фирқага аъзо эмасман. Сиз менинг фикрларимга далилар билан жавоб ёзсангиз яхши бўларди. Аллоҳ рози бўлсин!
Биродоримиз Абдужабборга! Аллоҳ сиздан ҳам рози бўлсин!
Жаноб Н.Нормўмин! Қуйидаги саволларимга қўшимча тарзда жавоб берсангиз.
1. Юртимизда ўтган тариқат аҳли вакиллари Нақшбандий, Ғиждувоний, Термизий, Яссавий, Куброларга ўхшаш шахсларга, уларни мақбараларига, ўша зиёратгоҳларга келаётган зиёратчиларга, уларни китобларига муносабатимиз қандоқ бўлади? Уларни барчасидан воз кечиб, макбараларини бузамизми?
Аҳли тариқотнинг суннатга мос келадиган ишлари маъқулланади, суннатга зид бўлганларидан эса узоқ турилади. Бу масалада менинг сўфийлик ҳақидаги мақоламни яна бир марта ўқишингизни тавсия қиламан. Ислом дини қабр зиёратига рухсат бергандир. Мақбараларни йиқишга ҳожат йўқ, фақат уларга “бундай мақбаралар қуриш Муҳаммад (сав)нинг суннатларига мос эмас”, деган ёзув ёзилиши кифоядир.
2. Бошқа дин вакиллари давлат ишларида қай шаклда иштирок эта оладилар? Ароқ ичмаса туролмайдиган ўрисларни Ўзбекистондан қувамизми?
Ислом динида ғаёридинларнинг ўз ҳуқуқлари бор, уларга шу ҳуқуқлар берилади. Ислом қувиш дини эмас, даъват динидир.
3. Маҳалла Шўролари номоз ўқимайдиганларни рўйхатга оладими, йўқми?
Йўқ рўйхатга олинмайди. Фақат намоз ўқимайдиганлар намоз ўқишга даъват қилинади.
4. “Ҳизбутчи”,”Ваҳобий” ва “Таблиғчи” деганлар ўз йўлидан қайтмай тураверса уларни нима қиламиз? Уларга қандай жазо берамиз?
Уларга ҳеч қандай жазо берилмайди. Исломда фирқачилик йўқлиги эслатилиб турилади.
5. Сиз қурмоқчи бўлган давлатда “правозашитник” деганлар бўладими ёки йўқми?
Ислом дини мусулмонларнинг ҳам ғайри мусулмонларга ҳам ҳуқуқларини таъминлайди. Мен ҳеч қандай давлат қурмоқчи эмасман. Бу ерда айтилганлар бир таклиф, лойиҳадир. Агар халқимиз янги бир жамият қуришни истаса ва Аллоҳ таолонинг инояти бў йўлда бўлса, инша Аллоҳ ҳаддан ошишлардан узоқ, мўътадил исломий йўлга асосланган жамият ўртага чиқади.
Bismillahir Rohmanir Rohiym
Assalamu alaykum manit taba’al huda
Sizni haq yulga boshlab, aqidangizni to’g'ri va mustaxkam qilib, Islom haqidagi bilimingizni va tushunchangizni keng qilgan Allohga hamd aytaman. O’zi barchamizni Haq yo’l ustida sobit qilsin.
Qolgan iymon ahliga ham Haq yo’lni nasib qilsin. Sizlardan iltimosim bu demokratlar kabi bir-birimizga tosh otmaylik!!! Hammamiz ham ahli qibla, Yolg’iz Alloh va Rasuli SAVga ergashuvchilarmiz. Demak birlashaylik!!!
VATANDOSHLAR SIZLARGA HAM MENING ILTIMOSIM BIRLASHAYLIK HAQ YO’L USTIDA! Tarqoqlik va tarafkashlik xech qachon G’ALABAGA olib bormaydi.
Жаноб Н.Нормўмин! Қуйидаги саволларимга қўшимча тарзда жавоб берсангиз.
1. Юртимизда ўтган тариқат аҳли вакиллари Нақшбандий, Ғиждувоний, Термизий, Яссавий, Куброларга ўхшаш шахсларга, уларни мақбараларига, ўша зиёратгоҳларга келаётган зиёратчиларга, уларни китобларига муносабатимиз қандоқ бўлади? Уларни барчасидан воз кечиб, макбараларини бузамизми?
2. Бошқа дин вакиллари давлат ишларида қай шаклда иштирок эта оладилар? Ароқ ичмаса туролмайдиган ўрисларни Ўзбекистондан қувамизми?
3. Маҳалла Шўролари номоз ўқимайдиганларни рўйхатга оладими, йўқми?
4. “Ҳизбутчи”,”Ваҳобий” ва “Таблиғчи” деганлар ўз йўлидан қайтмай тураверса уларни нима қиламиз? Уларга қандай жазо берамиз?
5. Сиз қурмоқчи бўлган давлатда “правозашитник” деганлар бўладими ёки йўқми?
Ҳурмат ила Абдужаббор
Бисмиллахир рохманир рохим!
Биродар мен сизни асли кимлигингизни тушунмадим, ёки янги гурух пайдо бўлдими?