Хорхе Луис Борхес ХII асрда Кордова ҳалифалигида яшаб ўтган ва Ғарб илм дунёсида бир қанча ўзлаштирилган исмлар билан машҳур бўлган араб файласуфи Ибн Рушднинг илмий изланишлари ҳақида ҳикоя қилар экан, ўқувчи бу ўринда воқеалар эмас, балки фикрлар сюжети йўналишидан боришга маҳкум. Борхеснинг ўзига хос тадқиқий услуби ҳикоя сўнгида бир мушоҳадавий жумбоқ ясашга олиб келади – “Сўнгги саҳифани қоралаб тугатаётганимда англаб етдимки, менинг ушбу ҳикоям–буни ёзаётган чоғимдаги қиёфамнинг инъикосидир ва айни шу ҳикояни ёза олиш учун айнан ўша одам бўлишим лозим эди, айнан ўша одам бўлишим учун эса мен мана шу ҳикояни ёзишим керак эди ва шу тақлид чексизликка қадар…” (Суратда: Кордова масжиди)
Аммо биз ҳикоянинг муфассал тадқиқидан кўра Борхес қаҳрамони яшаб ўтган замон ва макон ҳақида сўзлашни лозим топамиз. Аверроэс, яъни Бенраис, Авенрист, Абен-Рассад ва Филиус Росадис, аслида эса Абулҳолид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Рушд (1126-1198), мана, тўрт асрдирки араблар истилоси остида бўлган Испанияда, ал-Андалусда яшаб, башарият фалсафий илмини, бу вақтга қадар қарийб унутилаёзган, қадим юнон файласуфлари асарлари тадқиқоти ва уларга битилган тазкиралар билан тенгсиз тарзда бойитди. Ўша даврлар ал-Андалуси VIII-XV асрларда Иберия ярим оролида гуллаб-яшнаган араб-ислом тамаддуни эди. Уни яна мусулмонлар Испанияси ёки Кордова ҳалифалиги, деб номласалар-да, бу у қадар тўғри эмас, чунки ал- Андалус биргина Испания эмас, Португалия ҳудудларини ҳам ўз ичига олган улкан бир мамлакат эди. ХI асрга қадар Кордова ал-Андалуснинг пойтахти бўлса, сўнгроқ Севиля ва Гранада муҳим рол ўйнай бошлади.Аслида Иберия ярим оролида Ислом байроғи 711 йилдан ҳилпирай бошлади. Бунга қадар бу ерларда ҳукмронлик қилган вестготлар маҳаллий аҳолига чексиз зулмлар кўрсатаётган эди. Мусулмонларнинг у қадар йирик бўлмаган лашкари сўнгги вестгот қироли Родерик қўшинига қақшатқич зарба бериб, ярим оролда ислом ҳукмронлигига асос солди. 713 йилга келиб, ҳозирги Испания ва Португалиянинг бутун ерлари забт этилди. Кўп ҳолларда айни истило тинч йўллар билан олиб борилгани айтилади. Бу эса алоҳида вилоят ва шаҳар ҳукмдорлари билан тузилган битимларга кўра амалга оширилар, агар улар Дамашқ ҳалифаси ҳокимиятини эътироф қилиб, ўз садоқатини изҳор қилсалар, ер-мулклари ўзларида қолар ва аввалгидек носаро динига эътиқод қилаверишлари кафолатланар эди. Ҳалифаликнинг барча юртларида каби бу ерда ҳам яҳудий ва носаролар “зиммий”, яъни муҳофаза остидаги “Китоб аҳли” деб эълон қилинарди. Истилочиларнинг бағрикенглиги (вестготларнинг жоҳиллиги ва тоқатсизлигидан фарқли равишда) аксар аҳолини уларга мойил қилди.
Араблар ўзлари забт этган мамлакатни Нуҳ алайҳиссаломнинг шавкатли зурриёди – Андалус ибн Тубал шарафига номлашган, деб ҳисобланарди. Бошқа бир фаразга кўра эса араблар маҳаллий барбарлардан денгиз ортида “вандаллар мамлакати” (арабчада “биллод алвандалус”) борлигидан воқиф бўлишган эди. Ал-Андалус мамлакати Христофор Колумб Американи кашф қилиши билан бир вақтда ғойиб бўлди, аммо у ҳақдаги хотиралар ҳамон тирик. Унинг номи Испания ва Португалия жанубидаги тарихий вилоятга мерос бўлиб ўтди. Ал-Андалуснинг арабий ислом маданияти ҳозирги бу икки мамлакатнинг кейинги тараққиётига мислсиз таъсир кўрсатди. Биргина тил масаласини олиб қаралса, арабий лисон унсурлари ҳар икки тилга уйғунлашиб кетгандир. Испан тилида 4 мингдан ортиқ, португалчада эса мингдан ортиқ ўзаги арабий бўлган сўзлар ҳамон муомалада. Португалия номининг ўзи Порту-қалъа демакдир. “Порту” роман лаҳжасида қалъа маъносини билдирса, “қалъа”нинг ўзи изоҳ талаб этмайди. Мусулмонлар бу ерларга цитрус етиштириш маданияти олиб келишди ва бу соҳани шу қадар такомил қилдиларки, оқибатда арабчада “Буртуқалъа” узоқ вақт “Португалия”нинг ўзи ва “апелсин”ни англатиб келди. Эҳтимол, ҳатто Андижоннинг баъзи бўлгаларида ҳозирга қадар “пўртаҳол” деб юритиладиган ҳурмо меваси номи ҳам шундан қолгандир.
Португалиянинг жанубий Алгарви (арабчада “ал-ғарб”) вилоятидаги араб даврининг маҳобатли ёдгорликлари ҳамон асраб-авайланади. Қолаверса, ХII асрда бутун Португалия Алгабрия деб юритилган, негаки, ҳозирга келиб қолоқлашган вилоят у вақтларда маданий юксак даражада бўлганди.Шотланд шарқшунос олими Монтгомери Уоттга кўра, “Испаниянинг ҳозирги мусаввир ва ҳунармандлари ҳали ҳамон ўша исломий манбалардан илҳомланишларини ҳар қандай холис назар соҳиблари этироф этадилар”. Уотт “носаро қиролликлари томонидан ал-Андалуснинг моддий ва маънавий маданияти ўзлаштирилиши оқибатида юзага келган ўзига хос қоришма” ҳақида гапиради. Араб мероси қудрати ва таъсирининг испан маданиятидаги эътирофи ҳамда Бласко Ибаньес, Федерико Гарсия Лорка, Хуан Гойтисоло каби улуғ адибларнинг бу борадаги мушоҳадалари араб-андалус унсурининг миллий маданият ва испанлар руҳиятига сингиши табиий ва шаксиз жараён бўлганлигидан далолатдир. Араблар ҳукмронлигининг ўша дастлабки йилларидаёқ аҳолининг оммавий тарзда Исломни қабул қилиши кузатилган эди.
Янги мусулмонлар “мусалимлар”, уларнинг авлодлари – “муваллад” (“исломда таваллуд топганлар”) деб аталдилар. Савдогар ва ҳунармандлар, деҳқон ва қуллар (вестготлар асир олган ажнабийлар ҳам) ёппасига исломни қабул қилдилар. Ислом паноҳига ўтиш улар учун шахсий озодликка эришиш, хусусий мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритишни англатар эди. Шунингдек, аксар вестгот зодагонлари ҳам шу йўлни маъқул кўришган эди.
Ал-Андалус шуҳратини элларга достон қилган маҳобатли ва гўзал маданияти араб-испан тамаддунининг узвий бўлаги сифатида шаклланди. Ўртаер денгизини “Сурия баҳри” деб атаган ал-Андалус аҳолиси Сурия ёҳуд Мисрда, Боғдод ва Қоҳирада кечаётган воқеалардан, барча ислом дунёси ютуқларидан, хусусан, Ибн Сино, ал-Беруний ва ал-Форобий асарларидан яхшигина бохабар эдилар. Шу билан бирга, ал-Андалус маданиятининг бу қадар шиддат билан гуллаб-яшнаши сири араб ва барбарлар интилишларининг маҳаллий аҳоли барча қатламлари – муваллад, мусараб, яҳудий, ибер ва готлар, юнон ва бошқа миллатлар авлодлари ижодиёти билан тамомила бирлашувида эди. Бир улуғ уйғунлик ҳукмрон эди.
Мусулмон ал-Андалусида диний бағрикенглик, маданий ҳамкорлик ҳукм сурган, носаролар исталган лавозимларни эгаллаши мумкин эди. Улар шу тариқа мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиб, хўжалик юритиш, илм-фан, маданият ва сиёсат соҳаларида салоҳиятларини тўла-тўкис намоён қила билган эдилар. У замонларда бутун ғарбу шарқда шу жиҳатлари билан ал-Андалусга тенг келадиган йўқ эди.
Шу ўринда америкалик атоқли ёзувчи Вашингтон Ирвингдан бир иқтибос будир:
“Забардаст араб истилосининг сўнгги тўлқини Оврўпа соҳилига шиддат билан ёпирилди. Араблар баайни Сурия ва Мисрни ишғол қилганлари каби шиддат ва шижоат ила Жибралтар қояларидан Пиреней тоғларига қадар юриб ўтдилар. Агар улар Тур текислигида тўхтатиб қолинмаганда эди, бутун Франция, бутун Оврўпа шарқий салтанатлар қўлга олингани каби осонлик билан забт этилган ва ислом ҳилоли ҳозирга қадар Париж ва Лондон ибодатхоналари узра музайяна бўлурми эди. Африка ва Осиё галалари Пиреней ортига улоқтириб юборилди. Келгиндилар оламни тасарруф этишдек исломий қарорларидан чекиниб, энди Испанияда сокин ва ҳам собит идора услубини қарор топдиришга бошладилар. Жаҳонгирларнинг жасорати уларнинг бағрикенглиги билан эш эди, ҳар икки сифатлари билан улар ўзлари таслим этган халқлар узра улуғвор бўлдилар. Ота маконларидан олисларда, ўзларининг ишонишларича, Оллоҳ томонидан инъом этилган юртга кўнгил қўйдилар ва фароғат учун неки зарур бўлса, барчаси билан бу мамлакатни зиёда қилдилар. Оқил ва адолатпеша қонунлар асосида ҳокимият жорий этдилар, фан ва санъатга чексиз рағбат қилдилар, зироатчилик, ҳунар ва тижоратни шу қадар тараққий қилдиларки, уларнинг гуллаб-яшнаган салтанати насроний юртларнинг чексиз ҳасадларига боис бўлди. Ўз даврининг юксак чўққиларига етган осиёлик араблар ютуқларидан истифода этган Пиреней ҳукмдорлари Ғарбий Оврўпанинг зулматга чўмган овлоқ элларини шарқий тафаккур зиёси ила асрлар оша мунаввар этиб турдилар”.
Хорхе Луис Борхес “Аверроэс изидан” ҳикоясида сўз юритган макон ва замоннинг мухтасар сурати шудир. Аверроэс ХII аср Испания ёҳуд Кордова ҳалифалигида яшаб ўтди. Реконкистанинг аёвсиз ҳужумларига қадар ҳали яна қарийб уч аср вақт бор эди. Авантюрист Христофор Колумб Ҳиндистонни назарда тутиб, ногаҳон Американи “кашф” этишига қадар ҳали яна қарийб уч аср вақт бор эди. Колумб Америка соҳилига илк бор қадам қўйган 1492 йилда эса Испания ерларидаги сўнгги араб-мусулмон амирлиги, қарийб 780 йиллик ҳукмронликдан сўнг, насроний қўшинлар зарбалари остида тугатилди. Илм зиёсига чўмган бутун бошли давр поёнига етди. Сўнгра, бағрикенгликка асосланган ислом ҳукмронлигидан фарқли ўлароқ, насроний ҳукмдорлар томонидан қайта қўлга киритилган бутун Испания бўйлаб инквизиция гулханлари баралла ёна бошлади. Ислом паноҳи остида омонликда яшаган португал ва испан яҳудийларининг ўрта асрлар тарихидаги илк ялпи кўчиши бошланди. Аммо, бу энди бошқа ҳикоядир…
http://nodirshams.wordpress.com/
Bu maqola 8386 marotaba 1536 ziyoratchi tarafidan o`qilgan




February 4th, 2010
admin 
Posted in