Тақдир ажойиботлари ёки Одил ЁҚУБОВ ҳақида (охири)

Ғаффор Ҳотамов

Қ И С С А

28. Бу чоллар – ёмон чоллар!..

Адашмасам, саксон тўққизинчи йилнинг баҳори эди. Эҳтирослар вулқондек отилиб, бутун мамлакат денгиздек чайқалиб турган вақт. Ит эгасини танимайди.
Худди ўша кунларда Одил Ёқубовнинг номзоди уюшма орқали СССР халқ депутатлигига қўйиладиган бўлди.
Мажлис чақирилди.

Оқсоқоллардан бири сўз олиб, машваратнинг зуваласини пишитди, ҳайъат аъзолари бир халқчил адиб, ҳам жонкуяр шахс ва уюшма раҳбари сифатида Одил Ёқубовнинг номзоди шундай ишончга сазовор, деган фикрга келганини маълум қилди. Кейин катта-кичик ёзувчилар сўзга чиқиб, адибнинг номзодини астойдил қўллаб-қувватлади.
Инсоф билан айтганда, Одил Ёқубовнинг олдига тушадиган ўткир бир ёзувчининг ўзи йўқ, тирик классик, лекин, Абдулла Орипов айтгани каби, бу асрда мангуликка ёрлиқ олмоққа фақат истеъдоднинг ўзи етмайди.

Мажлис рисоладагидек якунланаётган бир пайтда, бир ёш демократ сўз олди. У ҳам адибнинг номзоди муносиб эканини айтди, кейин Одил Ёқубов бағрикенг инсон деб, масалага жуда кенг қарашини таъкидлади ва уюшмада мўътадил бир муҳит ҳукмрон эканини кўрсатиш учун, яна бир номзодни илгари суриш мақсадга мувофиқ, деб уқтирди. Менимча, ёшлардан ҳам бир вакил бўлса, нур устига нур, бу уюшмага обрў олиб келади, масалан, бизнинг модерн шоир, у ҳам шу ишончга муносиб, деб ўйлайман, деди ва раиснинг ўринбосари номзодини илгари сурди.
Кейин яна бир ёш нотиқ отилиб минбарга чиқди. У ўзидан олдин сўз олган ёш адиб жуда ўринли фикр айтганига урғу бериб, раиснинг иккинчи ўринбосари ҳам бундай ишончга арзийди, агар унинг номзоди ҳам рўйхатга олинса, ғоятда тўғри бўлади, чунки ундан кўра миллиётчи одамнинг, ундан кўра миллиётчи ёзувчининг ўзи йўқ ва у депутатликка ғоятда муносиб, деди.
Шундан сўнг топган – от-улов билан, топмаган бир хачир миниб, ўзини кўпкарига урди. Бошланди, от ўйин! Қани энди, депутатлик жазаваси ҳад билса! Хуллас, мажлисда кун тартибига қўйилган масала ўз ечимини топмади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, яна бир шундай мажлис чақирилди. Аммо бу сафар анча-мунча ёзувчи чавандоз отларни эгарлаб, шу улоқни ўзим олмасам, бўлмайди, деб, қамишдан бел боғлаб келган эди. Уюшманинг мажлислар зали отчопарга айланди. Даъвогарлар сони ўн беш нафарга етди, тарафкашлар ўн беш гуруҳга бўлинди!

Одил Ёқубовнинг, мажлисда ўтирган иймонли, инсофли ёзувчиларнинг ожиз томони шунда эдики, бундай лўттибозликдан андиша қиларди, ҳазар қиларди.
Гуруҳлар эса, тиним билмайди, асаларидек «бол» йиғади, бири келиб, сиз фалончига овоз берасиз, дейди ҳали у кетмай туриб, иккинчиси келади, йўқ писмадончига овоз берасиз!..
Ёшлар оташин, одамлар бир умр заҳмат чекиб етишган неъматга бир ҳамла билан эришсам, дейди.
Ҳой, ўзингни бос, дейдиган одам йўқ.

Учинчи мажлис бўладиган куни, Уюшмага боришдан аввал, Одил Ёқубовнинг уйига чиқдим, адиб ўша маҳал бизнинг кўчада, беш қаватли уйнинг учинчи қаватида истиқомат қилар эди.
У жуда ҳорғин кўринди. Депутат бўлайин деса, демократлар йўл бермайди, бўлмайин деса, ҳукумат қўймайди. Хуллас, анжирдек эзилган…

Ўзим ҳам, шундай бўлса керак, деб ўйлаган эдим.
Бу, демократ дегани бир тўрвани кифтига илиб, сочни ўстириб, бу – исён, деб юрар эди, кеча, кўча чангитиб, бугун шу пандавоқи от устида, биздан нима кетди, деб кўпкарига ўзини уради, ҳеч балодан қайтмайди.

Унга нима, бўлса, бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар!
Лекин, иймонли одам, бундай вазиятда, силлимарг бўлади, юрагига тўкилиб кетади. Уюшма раисининг аввалги биринчи ўринбосари, оғир, вазмин одам, унинг макрига чидаш бермай, ишни ташлаб кетди, демократ эса, уялмай- нетмай, унинг кабинетини ишғол этди, лекин, ҳеч ким лом-мим дея олмади. У энди раиснинг ўзига тик от сураётган эди…
– Яна икки нафар номзодни рўйхатга олиш ҳақида, имзо йиғиб, ариза кўтариб келишди! – деди Одил Ёқубов, бир юк остида эзилиб. – Булар одамми, ўзи, сиз билан бизга ўхшаб, кечаси уйқу биладими ёки бўзчининг мокисидай зир югуриб, имзо йиғадими?
Бундай пайтда одам бир нима дейишга ожиз қоласан.

Одил ака ҳазин жилмайиб менга тикилди. Унинг юки оғир эди, ғазаби тошиб келаётганди.
– Бормайман, мажлисга! – деди адиб узил-кесил. – Раислигини ҳам топшираман. Мендан қолса, асар қолади, бошқаси бир пулга қиммат! Яхшиси, ижодимни қиламан! Чувринди болаларга қўшилиб, шаталоқ отиб юрадиган ёшдан ўтганман!..

– Энди Одил ака, – дедим мен, ўзимча вазиятни баҳолаб. – Нима бўлганда ҳам, мажлисга бориш керак, нима бўлганда ҳам, улоқни олиш керак! Чунки сизга қанча ёзувчи умид билан кўз тикиб турибди, ишонч билдираяпти! Уларнинг юзига оёқ қўйсангиз, қандай бўлади? Улоқни олиб келиб, ташланг, шуларнинг оёғи остига! Ундан кейин бу гапларни айтсангиз, ярашади.
Одил ака ўйланиб қолди.

Йўқ, мен бамаъни гап айтиб, адибни лол қилмоқчи эмасдим.
Тақир ерда чанг чиқараётган уч-тўрт вайсақидан ташқари, ҳамма уни астойдил яхши кўрарди, ишонарди. Бунинг эса, ўзига яраша масъулияти бўлади. Шуни адибнинг ёдига солиб, ғурурини қўзғадим, холос.

Кейин хайрлашиб, уюшмага йўл олдим.
Мажлислар зали ини бузилган арининг уясига ўхшарди. Демократлар юзидаги пардани сидириб ташлаб, кимдан кейин ким сўзга чиқади, ким нима дейди, шунинг маслаҳатини қилаётир, хуллас, ҳал қилувчи жангга очиқ тайёргарлик кўраётир…
Ниҳоят, мажлис бошланди.

Ўша кезлар думалоқ стол атрофида ўтириб баҳс этиш русумга кирган, лекин мажлисда бунга зарурат сезилган эмас, шўровий расмиятчиликка ҳам…
Одил Ёқубов ўрнидан туриб, залга яқин келди, юз-кўзида мутойибага мойиллик, ўтирганларга у жуда самимий назар ташлаб:
– Кўриб турибман! – деди, кулимсираб. – Кўзингиз айтиб турибди, ҳаммангизнинг депутат бўлгингиз бор! Ҳаммангиз депутат бўлишга арзийсиз! Лекин, нима қиламиз, ахир, ўрин битта-ку?!
Залда гур-р кулги кўтарилди.

– Залимизга улуғ боболарнинг суратларини илиб қўйибмиз, улар бизнинг ёқа бўғишаётганимизни кўриб, аҳволингизга маймунлар йиғласин, деяётгандир?!
Бу гапни у оғир бир ўкинч билан айтган бўлса-да, таъна-маломатдан асар йўқ эди.
Диллардан ғубор кетди. Қандайдир юкдан халос бўлгандек, ўтирганлар енгил нафас олди. Адашмасам, биринчи бўлиб, Тўра Сулаймон ўрнидан турди.
– Одил ака! – деди у, ўзига ярашимли андишаю забунлик билан. – Сиз ҳамиша бизнинг ишончли вакилимиз бўлгансиз, бундан буён ҳам шундай бўлиб қолсин! Тилагимиз шу!
Ҳиммат яна устун келди. Ҳамма шу тилакка қўшилди. Кейин ёзувчилар оёққа қалқиб, ўз номзодини ёқлаб овоз берди…

Қуръоний оят:

– Зулмат билан нур баробар бўлурми?!

29. Улуғлик

Ўша, машъум ХVI пленумдан сўнг Одил Ёқубовга ҳам осон бўлган эмас. Кимдир уйига сим қоқиб: “Ўз ихтиёринг билан ишдан кетмасанг, ўлдирамиз!”, – деб дағдаға қилса, кимдир: “Шахсий уйи бўлатуриб, яна квартира олган”, – деб устидан ёзади…
Ҳаловатсиз оқшомларнинг бирида, адашмасам, жума куни, кечқурун, ҳасрат қилиб ўтириб, у қийналиб кетганидан қаттиқ зорланди.

– Мен, одатда, бунақа ҳодисаларга кулиб қарар эдим, лекин бу сафар муз оғир кўчаяпти. Зимистон ўрмонда изғиб-адашиб юрган издиҳомга ўхшаймиз. Борар манзилингни билмайсан, ҳатто! Йилт этган ёруғлик кўринмайди. Юракка тўкилиб кетди, бу ситам! Ҳамма бало шундаки, “қама-қама”, унинг ваҳимаси, бошимизга тушган кулфат туйғуларни майдалаштириб юборди. Одамлар бир-бирини таъқиб этади, бировнинг бахтсизлигидан ҳузур қилади. Шундайлар ҳам борки, бундай вазиятда қўлидан келган тубанликдан қайтмайди. Бир парча ернинг устида ака укаси билан ёқалашса, фарзанд отасидан юз ўгирса! Нималар бўлаяпти, ўзи?
Қаранг, ҳаётда файзу барака қолмади. Кўчаларга қарғиш ўтириб қолганга ўхшайди. Одамлар қон бўлиб, қийналиб кетди…

Мана шунинг ҳаммасини кўра-била туриб, тинч ва хотиржам яшаш мумкинми?
Одил аканинг ҳасратидан зиқланиб уйга қайтдим.
Мени ташвишга солган шу эдики, Одил Ёқубов ҳам фаришта эмас, кимнингдир йўлини кесиб ўтган, кимнингдир дилига озор етказган. Яна бу дунёда ҳасад-хусумат, бахиллик ва ичиқоралик деган иллатлар борки, бугун мавриди келганда ўша, аламзада кимсалар қараб турмайди, албатта. Ёзади, дағдаға қилади, юрагига чанг солади.
Бузрукнинг душмани ҳам бузрук бўлади.

Хўш, бу танглик алал-оқибат қандай якун топар экан? Оқсоқолнинг ўзи ҳам улуғлик тўнини ечиб, ғанимлари тутган кир йўлни тутиб, ҳалокат ботқоғига ботиб кетмасмикан?!
Ўшанда, у менга мудҳиш жарлик ёқасига жуда яқин келиб қолгандек бўлиб туюлган. Лекин мен бу зотнинг аянчли аҳволда кўришни ҳеч истамас эдим.
Эрталаб телефон жиринглади. Олсам, Одил ака.

– Тез кийиниб, бизникига чиқинг! – дея даъват қилди у. – Жуда муҳим бир иш бор!
Юрагим “шув” этиб кетди. Апил-тапил кийиниб, йўлга чиқдим. Нима юмуш бўлиши мумкин, деб ўйладим мен. Ҳар хил хаёл кўнглимни ғаш қила бошлади.
Наҳот, ўтир, ёз, деса ва кимдир иғво қилинган “юмалоқ” хатни айтиб турса?!.
Минг бир иштибоҳ билан етиб борсам, тарғил «Волга» йўлга шай бўлиб турибди. Биз орқа ўриндиққа ўтирдик, мана, йўлга чиқдик, шаҳар ортда қолди, дашту далалар бошланди, лекин Одил ака бир сўз демасди, у жуда ҳорғин ва шикаста кўринар, сўнгсиз ва оғир ўйга толганди.
Ниҳоят, Чимкентдан ўтиб, Туркистон сари юзландик. Аҳмад Яссавий ҳазратлари қадамжосига етгач, у киши «Волга»ни бир четга ол, деган каби имо қилди. Ва биз зиёратгоҳ саҳнига бориб тўхтадик.

– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм…
У «Волга»дан тушди ва мақбара сари юрди.
Табиийки, Одил Ёқубовнинг зиёратгоҳда ҳозир бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, шу боис, уни кўриб, ниёзмандлар шошиб қолишди, одамлар ҳурмат билан адибга йўл беришди. Кимдир елиб-югуриб, зиёратгоҳ имомини бошлаб келди.

Имом ҳам адибга ихлос кўрсатиб, тавозе билан сўрашди, кейин пича тараддудланиб, ёнидан калит чиқарди-да, мақбаранинг қорайиб кетган, қулф солинган гужум эшигини авайлаб очди. Ва яна мулозамат билан Одил Ёқубовни ҳужрага бошлади.
Бу, ўша даврда баобрў инсонларга кўрсатиладиган хос илтифот эди.
Хужра ичи сокин ва қаронғи, айни чоғда ваҳимали ва улуғвор эди. Зах ўтириб қолгани учунми, ҳавоси жуда оғир, худди елкангдан босиб келаётгандек.

Бир замонлар Соҳибқирони аъзам асрлар оша салобат тўкиб турсин деб бу муаззам иншоотни бунёд этган. Лекин йиллар ўтиши билан замон ўзгариб, сиёсат ўзгариб, ҳазратнинг ўзи ва эзгу ниятлари каби, бу мўътабар обида ҳам хорликка юз тутди. Унинг нақшинкор деворлари нам тортиб қорайган, чатнаб ёрилиб кетган, лекин ҳамон азалий маҳобатини йўқотган эмас.
Улуғвор ҳужра ўртасида – ҳазратнинг сағанаси. Қабр устига оқ сурп ёпилган. Ва у намиқиб, сарғайиб кетганди.

Адиб даҳма олдига бориб, омонат ўриндиққа оҳиста чўкди.
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм…
У хиёл олдинга интилиб, арзу ихлос билан ҳазратнинг муқим маконига термулди.
Шунда унинг ўзи ёзган Мирзо Улуғбекнинг сўнгги нидоси беихтиёр хаёлимдан ўтди: «Ё Парвардигори олам! Худди қурбонлик қўйдек судрайдилар. қайси ёзуқларим учун бу надомат, бу хўрлик?..»

У Қуръон тиловат этди, сўнг юзига фотиҳа тортди, вазмин ўрнидан туриб, оғир одимлар билан ҳазратнинг сағанасига яқинлашди. Ва яна Яратганга юкинди…
– Ёлғиз Ўзингга сиғинамиз ва мудом Ўзингдан нажот сўраймиз!..
Эртаси куни кечки пайт Туркистондан қайтдик. Қир ва адирлар ортда қолиб, олис-олислардан Яссавий мақбарасининг нилий ранг гумбази кўзга яққол ташланди.

– Шу мақбарага кўзим тушса, биласизми, нима ўйлар хаёлимдан ўтади? – деди Одил Ёқубов маъюс ва ҳасратли овозда. – 1397 йилнинг авжи баҳорида Амир Темур бобомиз ҳазратнинг хоки покини зиёрат қилиш учун Яссига келади, намоз ўқиб, Қуръон тиловат этади. Шундан сўнг Яссавий мозори устида муаззам мақбара қуришга олиймақом фармон беради. Бу жуда мумтоз ва маҳобатли ансамбл бўлган. У қад ростлагунича Яссавийнинг улуғ пири Арслон Боб ва доно муриди Зангиота даҳмаси устида ҳам шундан асло қолишмайдиган кўркам обидалар барпо этади!
Жаҳонгирнинг Яссавий ҳазратларига кўрсатган эҳтироми ҳамон мени ҳайратга солади. Бу – нима, бир ихлос рамзими ёки буюкларга эҳтиром ифодасими? Ўйлаб, ўйимнинг охирига ета олмайман. Назаримда, бу буюклардан буюкликдир!
Агар, у шу қадар буюк бўлмаса, ўзини пири комили Саййид Бараканинг оёғи учига дафн этишларини васият қилмасди!

Бу ишларнинг барчасини у келгуси авлодлар ибрат-эслатма олсин деб қилган.
Дунёга сиғмаган мана шундай беназир зотлар ўтган, бу юртдан!
Улуғбек даврига келиб, зулмат ва ёруғлик ўртасидаги кураш ҳал қилувчи паллага киради. Золимлар тождор донишмандга зулм қилгач, кир ва қора кунлар бошланади. Биз хорлик ва ҳақирликка, қуллик ва қарамликка юз тутамиз.
“Улуғбек хазинаси”нинг иккинчи қисмида кейинги курашни кўрсатмоқчи бўлганман. Ҳаёт тўхтаб қолмайди-ку, ахир!
Умуман, бу жуда нозик масала…
Ва илдизи ғоятда теран.

Соҳибқирон вафотидан аввал салтанатга чинакам ворис, валиаҳд этиб Пир Муҳаммадни тайинлайди. Авлоду зурриёди ва жами амирларни унга итоат этмоққа, керак бўлса, жон фидо қилмоққа буюради. “Сиз шу йўлда собит ва ҳамжиҳат бўлсангиз, мен умримни бағишлаган иш ҳайф кетмайди, дунё бошбошдоқликка тушиб қолмайди”, деб уқтиради.
Ўткир кўзлар соҳиби Соҳибқирони аъзам олдиндаги хавфу хатарни зийраклик билан илғаган эди. Лекин у кўз юмган заҳоти фитна ва хиёнат содир этилади. Тожу тахт васвасасида Халил Султон Самарқандга от қўяди. Соҳибқирон хавотир олган ички низо, бошбошдоқлик ва инқироз бошланади…

Адиб оғир сукутга толди, анчадан сўнг давом этди.
– Бироқ мен эзгулик балқиб юзага чиқишига мудом ишониб яшайман. Нимага десангиз, ойнинг ўн беши қаронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Болалигимда бир туш кўрганман, у ҳам шунга ишорат бўлса, ажаб эмас!

Тушимда мана шу улуғвор мақбара гумбазининг қуббасига чиқиб, оқ-оппоқ бир қушга айланиб, муаззам фалакка учиб кетган эмишман, чақноқ юлдузларга сингиб кетган эмишман!..

Одил Ёқубов айтадики:
– Кечалари уйқум қочади. Аллоҳга шукр, Пайғамбар ёшига етдик. Кексаликни бўйинга олмай, илож йўқ. Лекин ҳамон ёш кўринишни истаб, соқолни қиртишлаб, юзимиздаги ажинни кўриб, кўрмаганга оламиз.

Уйқум қочиб, ўй босган маҳалда, кеча узун, ҳаловатинг йўқ, ўзинг билан ўзинг бўлиб қолгансан, жуда оғир бир ҳолат, шунда бир юпанч менга таскин беради.
Биз катта ҳаётнинг ичига кириб, адабиёт аталмиш бу мўътабар хилқатга маҳлиё бўлган, ўзимизга йўл очган йилларда иймон-эътиқодда собит бўлиш, ҳалол ва покиза турмуш кечириш унча осон эмас эди. Лекин шунга қарамай, қийинчилик ва йўқотишларни бўйинга олиб, мушкуллик ва машаққат билан бўлса-да, ота-бобомиз юрган йўлдан четга чиқмадик, уларнинг кўнгли тортмаган кўчага кирмадик, ниманики улар мўътабар билган бўлса, шуни кўзга суртдик ва боламизга шундай таълим бердик, шуни ёзиб улуғладик.

Ота-боболар йўлини тутиб, бировга хиёнат ва зулм қилмадик.
Эҳтимол, кимнингдир дилини оғритиб, кўнглини қолдирган бўлишим мумкин, ёшлик сабаб, қизиққонлик сабаб, лекин атай эмас!
Шу ёшга кириб, лоақал бирон марта қасддан бировга озор етказиб, виждонимга хилоф иш қилган эмасман!

Ва бир инсондай яшашга, қўлимдан келганча яхшилик қилишга интилиб келдим.
Бу оламдан не-не муҳташам зотлар ўтмаган, Одам Атодан Пайғамбаримизгача, Гомердан Уилям Фолкнергача! Лекин, ҳаммаси ҳам бу оламни қўйиб, Яратган раббимга талпинган.
Нега?
Нима учун?
Мудом шу ҳақда ўйлайман.

Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, бу оламни яратган Зот пайғамбаримизга, истасанг, менинг раҳматимни етказган қавмларга абадул-абад подшоҳ бўл, деб марҳамат қилади.
Лекин Муҳаммад алайҳиссалом илоҳий даргоҳдан ўрин сўрайди.
Халифа Усмон ҳазратлари ҳам…
Демак, бу дунё биз ўйлаганчалик эмас, у дунё биз ўйлагандан зиёда…
Ҳаммамиз ҳам Аллоҳнинг ҳукмича дунёга келиб, ҳаёти умрни яшаб ўтамиз ва яна унинг ҳузурига қайтамиз. Абадият қонуни шундай.
Муҳими, Яратганнинг олдида, эл-юртнинг олдида юзинг ёруғ, иймонинг саломат бўлишидир!

www.yangidunyo.com

Bu maqola 8069 marotaba 1554 ziyoratchi tarafidan o`qilgan

You can skip to the end and leave a response. Pinging is currently not allowed.

Leave a Reply