(Хотираларимдан парчалар)
80-йилларнинг ўрталарига келиб, миллий мустақиллик учун кураш харакатлари иттифоқ бўйлаб авж олиб кетди, жумладан Ўзбекистонда хам. КПССнинг бош котиби М.Горбачев юритаётган ошкоралик, қайта қуриш, демократия жараёнлари бунга туртки бўлган эди. Ўша йиллари биз бир гурух шоир ва ёзувчилар йиғилиб, менинг жўрабошилигимда “гап-гаштак”уюштирган эдик. “Гап-гаштак”да суҳбатимиз фақат озодлик, мустақиллик, ватан, Туркистон ва демократия хусусида бўлар эди.
Менинг фикру хаёлим мустақиллик учун курашадиган миллий ҳаракат тузиш керак, деган туйғу билан мавж ура бошлаган эди. Бу ўй мени туну кун тинч қўймас эди. Ўша йиллари Фарғонага бориб-келар эканман, кетишда хам, қайтишда хам фақат шу ҳақда ўйлар эдим. Ишни нимадан бошлаш керак деган ўй менинг хаёлларимни бутунлай забт этган эди тўгаракка ўхшаган бир ҳаракатни биз бошласак, ёш авлодни тарбия қилсак келгуси авлодлар уни давом эттирса, бу харакат келажакда миллий озодлик ҳаракатига айланиб кетар иншааллох, дер эдим. Ҳаракатимизга албатта Чингиз Айтматов раис бўлади, деб шодланардим, ҳаяжонланардим.
Бу жараён 1986 йил давомида миямда ғовлаб юрди. 1987 йилга келиб нихоят бу ҳақда Рауф Парфи ва Иброҳим Ҳаққулга гапирдим, уларга бир нима бошласак дедим. “Бундай ҳаракатни ким билан қиласан?, кимлар бўлади бу сафларда?”, деди Рауф. Мен бир нечта шоир ва ёзувчиларни санаб ўтардим. Шу билан суҳбатимиз тугар эди. Орадан яна бирон ойлар ўтди. Миразиз Аъзамга учрадим. Унга ҳам ўз дардимни баён этдим. “Жуда қийин бўлармикан, шундай бир ҳаракатни бундан неча йил аввал биз ҳам бошламоқчи бўлиб, деворга ёзилган бир эълонимизни компрессор билан қўпориб кетишган эди”, -деди Миразиз ака.
Икки йил мобайнида жуда кўп шоир-ёзувчи дўстларга ўз дардимни айтдим. Баъзилар мени тушунди. Кўпчилик эса қаршилик билдиришди. Бу гапни Мирза Кенжабоевга ҳам айтганимда менинг таклифимга рози бўлгандай бўлди. Биз Рауф иккимиз маслаҳатлашиб, бу ҳаракат тўғрисида Солига ҳам айтадиган бўлдик. Чунки у ёзувчилар уюшмасида котиб эди. Бизга ёрдам берар, ҳеч қурса уюшмадан бир хона ажратиб берар деб ўйладик. Ниҳоят Солига “ёрилдим”. У аввалига шундай ҳаракат тузилишига рози бўлмади. Менга бир жўяли жавоб қилмади, пешонаси тиришди. Ниҳоят навбатдаги бир учрашувимизда у менга: “Миллий ҳаракат тузиш учун унга дастур-низом ёзиш, уни адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш керак, бу анча мураккаб иш” деб лоқайд муносабатда бўлди. Тўғрироғи у қўрқди ўшанда. “Дастур-низомни сиз ёза биласиз. Сиз Московларда ўқиб келгансиз, катта шоирсиз”, деб ярим ҳазил иддао қилдим унга.
Рауф билан ҳаракатни кимлар билан тузиш кераклигини чуқур мулоҳаза қилдик ва рўйхат туза бошладик. Рўйхатимиздаги шоир ва ёзувчиларнинг сони эса ўнтадан ошмас эди. Солига кетма-кет телефонлар қилиб, пайдар-пай унинг иш кабинетига кириб боравердим, дастур ва низом хақида сўрайвердим, сўрайвердим. У мендан зерикиб ҳам кетди шекилли. 1988 йилнинг ёзида эса Болтиқ бўйида “Союдус” халқ фронти, шунингдек, Польшада “Солидарность” озодлик ҳаракати тузилганлигини эшитдик. Бу воқеаларни эшитгач, демак бизда ҳам шундай ҳаракат тузилса бўлар экан, деб Солига жон кирди.
Ниҳоят Соли кейинги учрашувларимизнинг бирида у менга “дастур ва низомингизни ёздириб бераман” деб ваъда қилди. Ана шундан кейин Болтиқ бўйига ёзувчи Зоҳир Аъламни жўнатганлигини эшитдим. Орадан 2-3 ой ўтгач Зоҳир “Саюдус”нинг дастур-низомини олиб келди.
Болтиқ бўйидаги халқ жабҳасининг дастур-низоми бизнинг шароитимизга қандай алоқаси бўлиши мумкинлигини тушунаолмагандим ўшанда. (Қолаверса бугун мен миллий озодлик ҳаракатининнг двигатели эдим деб жириллаётган даҳода наҳотки миллий озодлик ҳаракатининг хомаки бўлсада дастур низоми бўлмаган ўшанда).
Орадан бир муддат ўтгач, бир муборак кунда “дастур-низомингиз тайёр бўлди, одамларингизни бир ерга йиғаверинг”, деди Соли телефонда.
Адашмасам бу 1988 йил 8 ё 9 ноябр куни эди. Рауф билан келишиб, йиғилишни 11 ноябр кунига белгиладик Рауф рўйхатдагиларга телефон қилиб, менинг уйимга таклиф қилди. Ўшанда Рауф Ўзбекистон Ёзарлар уюшмаси назм бўлимида ишлар эди. Ўша куни мен уюшмада йиғилган бир нечта кишини ўз аравамда икки бор қатнаб уйимга олиб келдим. Баъзилар ўзлари кириб келишди. Жумладан, хонадонимизга Абдураҳим ва Абдуманнон Пўлатовлар биринчи бўлиб келишган экан. Мен билан Аҳмад Аъзам бу икки бегонадан шубҳалана бошладик. Чунки биз уларни танимас эдик. “Буларнинг кўзлари менга ёқмади. Булар КГБнинг одами бўлса керак”, деб бу икки ака-укани уйимдан хайдаб юбормоқчи бўлдим. Фақат Аҳмад Аъзам, Зохир Аълам менинг раъимни қайтаришди. “Бу икки ака-укалар кимлар? Улар бегона эмасми? Биз улардан шубҳаланяпмиз”, деганимда, Соли менга: “Йўқ, шубҳа қилманглар, булар ўзимизнинг одамлар, Дилором, Рауф акалар тавсия этишган буларни, булар демократлар”, деди.
Ўша куни менинг хонадонимга қуйидагилар йиғилган эдик: Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Фахриддин Худойқул, Ғуломқодир Турсун, Миразиз Аъзам, Рауф Парфи, Абдуқодир Эргаш, Зуҳриддин Ҳусниддин, Тоҳир Каримов, Усмон Азим, Қахрамон Ғулом, Хуршид Даврон, Пўлат Зоҳидов, Абдураҳим ва Абдуманнон Пўлатовлар, Муҳаммад Соли. Ўша куни Дилором Исоқова ҳам биз билан бирга эди. Аммо у йиғинга қатнашмаган, бизларга ошпазлик қилган эди. Кеч қолиб келган Соли ўзи билан Московдан келган Юрий Ласкин исмли яҳудий шоирни ҳам эргаштириб келди. 3-4 соат мобайнида фронтнинг дастур ва низомини муҳокама қилдик. Нихоят 11 кишидан иборат ташаббус гуруҳи тузилди. Мен Фарғона водийси билан шуғулланадиган бўлдим.
Ўшанда қизиқ бир воқеа бўлиб ўтган эди. Ташаббус гуруҳи тузилиши олдидан Зоҳир Аълам “Ташаббус гуруҳига киришдан олдин чуқур ўйлаб олинглар, ҳали таъқиб-тазйиқлар бошланади, бола-чақаларинг бор, КГБ, қамоқ деган нарсалар рўйбарў келиб қолиши ҳам мумкин, бу сиёсий ҳаракат, эхтиёт бўлиш керак”, деган эди. Унинг ана шу огоҳлантирувидан сўнгра бу ерга йиғилганларнинг ярми ташаббус гуруҳига қўшилмадилар. Демак, ўша куни қуйидагилар Ўзбекистон халқ жабҳаси ташаббус гуруҳига аъзо бўлиб ёзилган эдилар: Дадахон Ҳасан, Рауф Парфи, Фахриддин Худойқул, Ғуломқодир Турсун, Тоҳир Карим, Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам, Абдураҳим Пўлат, Усмон Азим, Қахрамон Ғулом, Хуршид Даврон. Зоҳирнинг гапидан кейин жумладан Соли ҳам ташаббус гуруҳига кирмади, у қўрқди. Албатта, амал мансабидан, унга хизмат қилаётган автомашинасидан ажраб қолишдан қўрқди. Аммо бу ташаббус гуруҳига ким раҳбар бўлади, деган савол очиқлигича қолиб кетган эди. Бу чала қолган ишдан менинг кўнглим тўлмаган эди. Тўғрисини айтсам, ҳаракатимизнинг боши мана шундай чала ва номукаммал бўлган эди. Бу мудхиш хатонинг оқибатини эса ҳамон кўраяпмиз.
Мен ўшанда ҳаракатимизга Чингиз Айтматовнинг раҳбар бўлишлиги ҳақида сўз очганимда, хамма бир овоздан менинг оғзимга “уришган” эди. Мен баъзан ўша 1987-88 йилларда бугунги “Бирлик”ни тузиш учун қилган ҳаракатларимдан пушаймон чекаман. Чунки ўшанда бизда ҳали чинакам мухолифат пишиб етилмаган экан. Курашларга сира ҳам тайёр эмас эканмиз. (Ҳали ҳам тайёр бўлмадик). Мен эса анча шошилган эканман. Агар ўшанда чинакам мухолифат шаклланган бўлганда эди, улар эл-юрт учун чинакам фидойи, миллиятчи фарзандлар бўлишганида эди, улар бугун ҳам хоҳ хорижда бўлсин, хох ичкарида бўлсин, аҳил ва ҳамжихат бўлиб, фақат ватан манфаати йўлида бирлашиб, ҳар қандай шароитда курашаётган бўлишарди. Чет элга роҳат фароғат излаб, доллар ишқи билан кетишмаган бўларди. Чунки ҳақиқий мухолифат ҳар қандай шароитда ҳар ерда ҳам курашни тўхтатмайди. Бизда эса кўриб турибмизки, ўн беш йилдан буён бирон бир жиддий ҳаракатлар кўринмаяпти.
Ростини айтсам, ўшанда мухолифат деганларининг 90 фоизи оми-оломон эди. Миллатини ҳам тайини йўқ эди (булар ҳали-ҳануз ўша-ўша). Биз ҳали-хануз мухолифат бўлолмадик, бўлолмадик. Мухолифат, курашчи бўлиб туғилмаган эканмиз, начора. Ватан фарзанди бўлаолмадик. Ватан учун курашаолмадик биз бечоралар.
Аввалбошдан ҳам мухоллифат курашчан эмас эди, булар ҳануз ўша-ўша ҳаваскор бўлиб, фақат орзу қилишдан, хом хаёл суришдан нарига ўтишолмаяпти. Ватан ҳақида ҳатто ўйлашга ҳам хаққи йўқлар фақат вақир-вуқур қилиб юришибди. Бошқа қиладиган ишлари йўқ-да, фақат шовла бўлиб қайнашяпти. Бир-бирига қарши гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ўзаро мухолифат бўлишиб, интернет фронтида жанг қилишяпти. Панд-насиҳат қилишяпти, йўл-йўриқ қўрсатишяпти, гўёки ўзларича сиёсат юргизишяпти. Буларнинг ҳар бири олиму-аллома, диний уламои охирзамон эканлар. Ҳар бири буюкдан буюк назариячи, башоратчи эканлар. Ҳар бири бир даҳо эканлар, ақл эгаси эканлар, афсус билмаган эканмиз. Амалиётдан эса дарак йўқ, чунки буларда чинакам фидоийлик йўқ, мухолифатчилик йўқ. Уларнинг бугунги шанғиллашлари, ўзларича режалар тузиб, ундоқ қилиш керак, бундоқ қилиш керак, дейишлари нимани белгилар экан билмайман. Шунчалик мутафаккир курашчи эканлар, хорижда нима қилиб юрибди булар? Юртга келиб кароматларини кўрсатмайдиларми?
Ичимизда аввалбошдан ҳам руспараст, масковпарастлар анчагина эди. Улар тобора кўпайишяптилар шекилли, бугун ҳам улар фақат рус тилида мақолалар ёзиб, интернет саҳифаларини гуллатишяпти. Қонларида бошқа қон ҳам борлигини намоён этишяпти. Турли миллат вакиллари қачон, қаерда бир ғоя атрофида бирлашганлар эди?
Бўлиб ўтган яна бир воқеани эслаб ҳайрон бўламан. Ўша ташаббус гуруҳи тузилган кунгача биз билан ҳамиша ҳамфикр, ҳамдард бўлиб, кўзларимизга чиройлик кўринган бир нечта ижод аҳлини хам таклиф этган эдик. Афсус, улар бизнинг хонадонга келмадилар, ажабо! Кейинчалик эшитсак, улар ўша кунлари ўз юртларига кетиб қолишган экан. Улар қуйидагилар эди: Машраб Бобоев, Ёқубжон Хўжамберди, Мирпўлат Мирзо, Шодмон Отабой, Нортўхта Қилич, Мирза Кенжабой, Муҳаммад Юсуф, Шавкат Раҳмон, Иброҳим Ҳаққул, Алишер Мирзаев, Исфандиёр, Баҳодир Жалолов. Энг ажабланарлиси шулки, бугун ўзларини мухолифатнинг асосчисиман деб айюҳаннос солиб, карнай чалиб, кўкрак кериб юрган сохта лидербойлар мени ўша сайи-ҳаракатимни тан олишмайди. Мухолифатнинг илк қадами менинг хонадонимда бошланганлигини унутганлар шекилли бу кўрнамаклар…
Ҳақиқатни тан олмаган мухолифат ўлимга маҳкумдир. Агар ўша йиғинни уюштирмаганимда бугунги мухолифатчи-ю хуқуқ химоячилари қаёқдан пайдо бўлар эди. Бугун хорижда, Ватанда ҳам халқ, Ватан, миллат дардидан мутлақо бегона, фақат ўз шахсий ва моддий манфаатини кўзлаб доллар ишқида роҳат – фароғатлар айлаб, башанг кийиниб, юзларини ялтиллатиб, қоринларини дўмбира қилиб, фақат пул ғамлаб, қаср уйлар қуриб, осмонда юрган мухолифат раҳбарлари қиёфасидаги бойваччалар ҳақиқатан ҳам қаердан пайдо бўлардилар? Бу сохта раҳбарлар ўша 11 ноябръ кунигача қайси пана-пасқамда, дўппи тикиб ўтиришган эди, билмайман, билолмайман. Бу раҳбарлар ва уларнинг баъзи бир шогирдлари ўзларини дунёга келтирган ота-оналарини тан олсалар мени ҳам албатта тан олишлари керак эди. Ўша 11-ноябръ кунигача эса бугунги бу нафс бандаларини ҳатто шарпасини ҳам эшитмаган эдим. Булар чинакам курашчи, эл- юрт фарзандлари бўлсалар эди, элим-юртим десалар эди, бугун улар хорижларда фароғатда эмас, ватанда бўлиб, ҳеч қурса халқ билан бирга нафас олишар эди. Эл дардига оз бўлсада ҳамдард бўлардилар. Буларда халқ йўқ, эл-юрт миллат йўқ, буларда фақат чуқур ва жуда катта чўнтак, аждарҳодай нафси бало бор.
Мухолифат аҳлининг бу мўлтони раҳбарлари сира курашмай, фақат еб ётган текинхўрлар бизнинг юртга мутлақо бегонадирлар. Бошланиши номукаммал бўлсада, ўша бошланиш бўлмаганида булар мухолифатчиликни тирикчилик манбаига айлантириб, хорунбойларга, қоринбойларга айланишармиди? Ўша йиғин бўлмаганида анави хуқуқ босбонларининг бегемот мамарозаси Тошкентнинг мен деган аристократ бойларидан бирига айланармиди? Ниҳоят Жўрабековга қуда бўлармиди? Оғзида қиличи бор анави террорчи лидер аллақачон номер биринчи маддоҳ шоир бўлиб, подшонинг бошдин оёғин ялаб юрарди. Иккинчи номерлик шизефренник, шаллақи лидер эса шу кунда Қозоқистон чўлларида чўпонлиқ қилишдан бошқа ишга ярамас эди. Хуқуқ химоячиларининг отасиман деб ўртага чиққан “новчабек жиззаки” эса айни замонда шак-шубҳасиз диний назорат идорасининг фарроши бўлиб, мустахабхоналарни супуриб-сидириб юрар эди.
Бугун мен дўппини олиб қўйиб, пиёлани айлантириб, кўк чойни ичиб ўтириб, чуқур ўйлаб кўрсам биз ўшанда боғча болалари каби “уруш-уруш” ўйнаган эканмиз. “Уруш –уруш” ўйини ҳали ҳануз давом этяпти. Бу ўйин абадул-абад давом этажак. Ўзбек Ватан учун, эл учун қачон курашган?
www.yangidunyo.com
Bu maqola 8347 marotaba 1743 ziyoratchi tarafidan o`qilgan




February 6th, 2010
admin 
Posted in